Тўрақўрғон туманида ёзги таътил арафасида умумтаълим мактаблари кутубхоналарига 8 мингга яқин адабиётлар совға қилинди

18:59 24 Май 2022 Жамият
548 0

Фото: Халқ сўзи

Зиё масканларига етказилган янги китоблар ёзги таътил чоғида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш мақсадига хизмат қилади. Зотан, дунёда ҳеч бир нарса қизиқарли китоб мутолааси ўрнини боса олмайди.

Масаланинг айни жиҳатини ҳисобга олган Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрор Мансуров мавжуд 58 та умумтаълим мактабларига 132 номда саккиз мингга яқин ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат китобларнинг янги чоп этилган нусхалари совға қилинишига бош бўлди. Улар орасида қизиқарли эртаклардан тортиб саргузашт йўналишидаги машҳур асарларгача бор.

— Ҳозиргача 3 мингга яқин нусхада китобларимиз бор эди, бугун юздан ортиқ янги адабиётлар қўшилди, — дейди тумандаги 3-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Дурдона Комилова. — Ёзги таътилга чиқиш арафасида турган ўқувчиларимиз ҳозирданоқ мутолаа учун китобларни танлаб олмоқдалар.

Туман ҳокимлиги биносидан ёшлар етакчилари ҳамроҳлигида йўлга тушган «Китоблар карвони» барча мактабларда хурсандчилик билан кутиб олинди.

Қ. НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер