Томорқа ортидан эътирофга сазовор бўлдим
Кеча таниш-билишлар, дўст-ёронлар бирин-кетин телефон қилиб, Президентимиз фармойишига асосан «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланганим ҳақида айтиб, табриклай бошлашди.
Уларга раҳмат айтаману лекин бундан қаттиқ ҳаяжонда, мендек оддий бир томорқачи давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланиши мумкинлигига ҳали ишонолмасдим. Аммо бу рост.
Ўзим Китоб туманининг олис ва тоғли ҳудудларидан бири – Паландара қишлоғида истиқомат қиламан. Боғдорчиликка ёшликдан қизиқаман. Қарийб чорак асрдан буён ўз томорқамда мўъжаз боғ барпо этиб, узум, ток кўчатлари ҳамда турли цитрус мевалар етиштириш билан шуғулланиб келаяпман.
Албатта, бошқа соҳаларда бўлгани каби, боғдорчилик ҳам кишидан илмни, доимий изланишни талаб этади. Бу соҳада ҳам замон билан тенгма-тенг одимламасангиз, фаолиятингизга зарур янгиликларни жорий этиб бормасангиз, катта натижаларга эришиш қийин. Шу мақсадда юртимиздаги кўплаб тажрибали боғбонлар билан ҳамкорлик ўрнатганман. Уларнинг ютуқларини доимий кузатиб, энг яхшиларини ўзлаштиришга, хорижий давлатлардан узум ва бошқа меваларнинг янги-янги навларини олиб келиб, ўзимизга мослаштиришга ҳаракат қиламан.
Ҳозирги кунда асосий даромад манбаим кўчатчилик ҳисобланади. Узумнинг АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Тожикистон каби давлатлардан келтирилган 10 дан ортиқ турларини кўпайтириб, аҳоли, боғдорчилик хўжаликларига етказиб бераяпман. Мижозларимиз мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бор. Улар кўчатни олдиндан буюртма қилишиб, тайёр бўлганидан сўнг олиб кетишади. Шу боис маҳсулотни реализация қилиш борасида умуман муаммо йўқ. Қанча кўчат тайёрлашга улгурсак, харидор аввалдан тайёр.
Бундан ташқари, ҳовлимизда кичик иссиқхона барпо этиб, турли камёб цитрус меваларни етиштираяпман. Бу аввало оиламиз учун, истеъмолдан ортганини эса бозорга чиқарамиз. Қолаверса, бу борада менга тажриба жуда муҳим. Цитрус меваларнинг кўчатларини кўпайтириш бўйича ҳам ишларни бошлаганман.
Хуллас, ана шу меҳнатимиз, ҳаракатларимиз ортидан яхши даромад топаяпмиз, дастурхонимиз тўкис, турмушимиз фаровон. Президентимизнинг 2024 йил 14 августдаги фармойишига асосан «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланишим эса менга янада куч, шижоат бағишлади. Эндиликда янада кўпроқ ишлаб, кўпроқ меҳнат қилиб, юртимизда боғдорчилик ривожига ўз ҳиссамни қўшишга, билдирилган юксак ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
Акрам САИДОВ,
Китоб туманидаги шахсий томорқа ер эгаси,
«Фаол тадбиркор» кўкрак нишони соҳиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Вазир ўринбосари хотинини алдагани учун ишдан бўшатилди
- Доллар курси узоқ вақт кўтарилишдан сўнг пастлади
- Ўзбекистонда пестицидларнинг хавфсиз бошқарувига ўтилади
- Ўзбекистон 70 миллион АҚШ долларидан ортиққа гилос экспорт қилган
- Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
- Шавкат Мирзиёев: Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг