Томчилатиб суғориш ҳар томонлама қулай ва самарали

10:51 12 Август 2022 Жамият
281 0

Иллюстратив фото

Бизнинг Иштихон туманидаги Барлос маҳалласининг Қўшработ қирларига туташиб кетган дашт ҳудуди бундан 5-6 йил илгари қақраб ётарди. Кейинги йиллардаги қурғоқчилик сабаб халқимиз бу ерлардан на лалми экин етиштирди, на яйлов сифатида фойдалана олди.

Маҳалламизда узум етиштиришда уста бўлиб кетган деҳқонлар кўп. Мен ҳам болалигимдан узумчилик сирларини ўрганиб келаман. Аммо яқин йилларгача катта майдонда токзорлар яратиш хаёлимга ҳам келмаган. Бундан 4 йил аввал фермер хўжалиги ташкил этиб, уни «Барлоснинг бепоён боғлари» деб номладик.

Мамлакатимизда фермерлар учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, «Мингчинор» агрофирмаси ҳудудидан хўжалигимиз учун ажратилган 20 гектар ерда асосан ток етиштиришга киришдим. Шунингдек, бодом, ёнғоқ, шафтоли ва бошқа мевали дарахт ниҳолларини ҳам қадаганмиз.

Аввало, адирликдаги катта майдонда деҳқончилик қилишга иккиландим. Аммо узоқ ўйлаб ўтирмай бошланишига 150 миллион сўмдан кўпроқ маблағ сарфлаб, ишга киришдик. 3 та артезиан қудуғи қаздирдим. Сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланяпмиз. Ҳовуз ташкил қилиб, томчилатиб суғориш учун керакли бўлган сув насослари ва қувурларни келтирдим. Томчилатиб суғориш ҳозирги глобал сув танқислиги шароитида ҳар томонлама қулай ва самарали эканига амалда ишонч ҳосил қиляпман.

Токлар ҳосилга киргунча, улар орасига полиз маҳсулотлари экканмиз. Бунинг учун водийдан деҳқонларни таклиф қилдик. Улар бизга қовун-тарвуз етиштиришни ўргатиб, тажриба алмашяпмиз.

Водийлик деҳқонлардан бири — Абдурауф Туронов Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани Файз қишлоғидан. У 4 йилдан бери экин-тикин мавсумини оиласи билан шу ерда ўтказади. Олаётган даромади ҳам кам эмас. Ўтган йили 1 гектар ерда қовун-тарвуз етиштириб, 40 миллион сўм даромад қилганди. Бу йил 5 гектарга полиз маҳсулотларини экиб, 200 миллион сўм даромад қилишни мўлжаллаб турибди.

Бундан уч йил олдин даштда экилган токлар бугун мўл ҳосил бера бошлади. Ҳали ҳосилга кирмаган ниҳоллар орасида етиштирилаётган полиз ва сабзавот маҳсулотларидан ҳам мўмайгина даромад кутяпман. Бир сўз билан айтганда, яхши кунларимиз ҳали олдинда.

Даврон Шодиев,

Иштихон туманидаги «Барлоснинг бепоён боғлари»

фермер хўжалиги раҳбари,

Самарқанд вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер