«Токио-2021» нормативини муваффақиятли бажарган сирдарёлик спортчи қизга ҳокимлик номидан катта миқдордаги пул мукофоти берилади

15:54 29 Май 2021 Спорт
1059 0

Пойтахтимизда ўтаётган енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатининг биринчи кунги баҳслари Сирдарё вилояти терма жамоасига муваффақият келтирди.

Сирдарёлик Сафина Садуллаева баландликка сакраш йўналишида «Токио-2021» нормативини муваффақиятли бажарди.

Мазкур йўналишда аёллар тоифасининг нормативи 1.96 метрни ташкил этади.

Эътиборлиси, Сафина Олимпиадалар иштирокчиси, Халқаро мусобақалар ғолиблари, тажриба бобида ўзидан анчайин устунроқ бўлган Светлана Радзивил ва Надия Дусанова каби спортчилардан устун келди ва мусобақа ғолиби бўлиш билан бирга Олимпиада йўлланмасини деярли нақд қилди.

Энди Ўзбекистон очиқ чемпионатидаги Сафина иштирок этган мусобақада қайд қилинган натижалар билан танишинг.

Баландликка сакраш, аёллар:

  • 1. Сафина Садуллаева (Ўзбекистон) – 1.96 метр
  • 2. Надия Дусанова (Ўзбекистон) – 1.87
  • 3. Светлана Радзивил (Ўзбекистон) – 1.87

Шундай қилиб, Токио Олимпиадаси йўлланмасини олган сирдарёлик спортчилар 3 нафарга етди. Яъни ҳозирга қадар пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Сервер Ибрагимов ва академик эшкак эшиш бўйича Шохбоз Холмирзаев лицензия соҳиблари бўлган эди. Қувонарлиси, ҳали Сирдарё вилоятининг яна 4 нафар спортчисида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бор.

Сафина Садуллаеванинг зафари Сирдарёда улкан хушхабар сифатида кутиб олинди ва эътироф этилди.

Бугун вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев спортчи қизга табрик йўллади ва унга вилоят ҳокимлиги номидан катта миқдордаги пул мукофоти тантанали равишда бериладиган бўлди.

Маълумот учун: аввалги Олимпиадада юқори натижага эришган сирдарёлик спортчиларга хонадонлар совға қилинган эди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер