Токио-2020: Биринчи кундаёқ саккиз нафар спортчимиз медаллар учун курашдан чиқиб кетди

15:17 24 Июль 2021 Спорт
885 0

Бугун Япониянинг Токио шаҳрида ХХХII ёзги Олимпия ўйинларига старт берилди. Ҳозирча улардан 10 нафари Олимпия ўйинларининг бугунги дастурида ўз иштирокини якунлади. Афсуски, саккиз спортчимиз медаллар учун курашиш имкониятини бой берди.

Мусобақанинг дастлабки куни 11 нафар спортчимиз баҳсларга киришди. Ҳамюртларимиз орасида биринчи бўлиб вакиламиз Мухтасар Тоҳирова (ўқ отиш) белашувларга киришди.

Дунёнинг энг кучли 50 нафар мергани орасида Мухтасар 6 уринишда 622.2 очко тўплади ва якунда 33-ўринни эгаллади. Ушбу йўналишда хитойлик Циан Янг 251,8 очко жамғариб, Олимпиада рекордини янгилаган ҳолда олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ўрин россиялик Анастасия Галашина (251,1) ва учинчи поғона швейцариялик Нина Кристенга (230.6) насиб этди.

Шундан сўнг бир йўла икки нафар қиличбозимиз илк уринишдаёқ Токио билан хайрлашди.

Жумладан, Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодоциуга қарши кечган баҳсда 11:15 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, унинг жамоадоши Малика Ҳакимова хитойлик Ювен Сунга 10:15 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Ушбу муваффақиятсизликларни боксчимиз Шаҳноза Юнусова ҳам давом эттирди. У илк босқичда полшалик рақибасига 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.  Шаҳнозанинг кейин рингга кўтарилган боксчимиз Санжар Турсунов ҳам мусобақа билан хайрлашди. -91 кг вазн тоифасида беллашувларда қатнашган ҳамюртимиз жазоирлик Абделхафид Бенчаблага имкониятни бой берди — 1:4.

Боксчиларимизнинг муваффақиятсизларини дзюдочимиз Шарофиддин Лутфиллаев ҳам давом эттирди. У украиналик Артём Лесюкка ютқазиб қўйди ва медаллар учун курашдан чиқиб кетди.

Теннисчимиз Денис Истомин эса биринчи даврадаёқ ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари билан хайрлашди. Ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кортга чиққан вакилимиз имкониятни бой бериб қўйди.

Велоспортчимиз Муроджон Холмуродов бугун шоссе йўналиши бўйича 234 км масофага ўтказилган пойгада ўз омадини синаб кўрди. У жами 132 нафар спортчи орасида 64-натижани қайд этди. Ушбу йўналишда эквадорлик Ричард Карапаз олтин, бельгиялик Воут ван Арт кумуш, словениялик Тадей Погачар бронза медалини қўлга киритди.

Бугунги баҳслардаги ижобий натижалардан бири – академик эшкак эшиш баҳсларида ҳамюртларимиз Собиржон Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмурзаев жуфтлиги 2000 метрлик пойгада 6 та терма жамоа орасида 4-натижани қайд этиб, кейинги босқичга йўл олгани бўлди.

Бугун вакилларимиз орасида охирги бўлиб спорт гимнастикаси баҳсларида иштирок этаётган Расулжон Абдураҳимов ўз омадини синаб кўради. Бу ерда ҳам рақобат кучли, аммо спортда омад ҳам роль ўйнаб қолиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?