Тинчликпарвар Ўзбекистон минтақа тақдири ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда

23:38 04 Май 2021 Сиёсат
801 0

«Соғлом фикр ғалабаси, дипломатик ғалаба». Бундан 55 йил аввал Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар ва улар натижасида имзоланган ҳужжат — Тошкент декларациясига ана шундай баҳо берилган эди. Ўшанда эришилган келишув иккинчи Ҳиндистон — Покистон урушига нуқта қўйган ва улкан минтақада тинчлик ўрнатилган эди. Томонлар жанговар ҳаракатларни тўхтатишиб, қўшинларини можародан аввалги позицияларига қайтаришган, дипломатик муносабатларни тиклаган эдилар.

Дарҳақиқат, Тошкентнинг тинчлик жараёнидаги роли улкан. У томонларнинг етакчиларига музокара майдони бўлиб хизмат қилган ва мулоқот учун шароит яратиб берган. Ва бу саъй-ҳаракатлар муваффақиятга олиб келган.

Замонавий Ўзбекистонда эса ушбу тажриба Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати туфайли янгича мазмун касб этди. Мамлакатимиз Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини ­мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда, бутун минтақа бўйлаб можароли вазиятларни тартибга солишда энг муҳим ташаббускор бўлмоқда.

Асосли, тизимли ва жадал ҳамкорлик

«Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ­Президенти бўлиб сайланганидан кейин ушбу мамлакат сиёсатида чинакам янги эра ­бошланишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган эди», деб ёзади Теҳрон университети профессори, Евроосиё бўйича мутахассис Баҳрам Амираҳмадиан Эроннинг “Shargh” нашридаги мақоласида.

Эксперт сўз юритаётган янги эра одатда инқилобий ларза билан бирга кечади. Ўзбекистонда эса инқилобий тус олгани ислоҳотлар бўлди. Дунё сари очилган республика ўз ташқи сиёсатида устуворлик касб этган жиҳатларни белгилаб олди. Биринчи галда бу қўшни мамлакатлар билан муносабат эди.

Ислоҳотларнинг беш йиллик дастури бўлган Ҳаракатлар стратегияси шундай пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва ­конструктив ташқи сиёсатни рўёбга ­чиқариш вазифасини қўйдики, у давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ҳамда яхши қўшничилик камарини яратиш, унинг халқаро имижини яхшилашга йўналтирилгандир.

Яқинда Россия Федерациясининг ҳукумат нашри бўлган «Российская газета» замонавий Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига бағишланган мақола чоп этди. Унинг муаллифи — тарих фанлари номзоди, Россия ФА Шарқшунослик институтининг Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйини ўрганиш маркази илмий ходими Александр Воробев. У Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги йирик давлатлар — Россия, Хитой, АҚШ ва Евроиттифоқ, ­Евроосиёнинг бошқа давлатлари, масалан, Туркия ҳамда Покистон билан алоқалари сезиларли даражада жадаллашгани, шунинг­дек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ишларни бошқа давлатлар билан умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида янада фаоллаштираётганини қайд этар экан, кейинги бир неча йилда ташқи сиёсатдаги яна бир йўналиш бўйича юз бераётган ўзгаришларга эътибор қаратди.

— Тошкентнинг Марказий ­Осиёдаги энг яқин қўшнилари билан ҳамкорликка нисбатан ёндашуви ўзгарди, — деб ёзади эксперт. — Бу муносабатлар янада тизимлироқ ва жадалроқ бўлди. Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқаларда мавжуд бўлган тугунларни ечиш, Қозоғистон ва Туркманистон билан эса конструктив мулоқотни янада жадаллаштириш бўйича ­Тошкентнинг интилишлари кўриниб турибди.

Албатта, мамлакатимиз ҳам, минтақадаги бошқа давлатлар ҳам илгари бир-бирига нисбатан очиқ тажовузкор сиёсат юритган эмас. Лекин Шавкат Мирзиёев таклиф этган ёндашувнинг ўзига хос ­фарқлари бор. Асосийси, 70 миллион аҳоли яшайдиган минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича масъулиятни бошқаларга юкламасдан биринчи галда шу давлатларнинг ўзи ишлаши керак. Афсуски, жаҳон тарихида шундай воқеалар бўлган. У ёки бу минтақадаги тинчлик ва фаровонлик масалалари учинчи томонга бериб қўйилган. Натижада жойларда тўқнашувлар юз берган ва халқаро ташкилотлар то ҳаракатга тушгунича бу тўқнашувлар қон тўкилиш даражасигача кучайиб кетган.

Танланган ёндашув тўғрилигини вақт исботлади. Ва минтақада қандайдир ечилмайдиган муаммолар мавжудлиги ҳақидаги қарашлар пучга чиқди. Айниқса, минтақа давлатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ҳақидаги ташаббус жуда ўткир ва долзарблиги билан эътиборга молик. Қозоғистоннинг Биринчи ­Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат эса бутун минтақадаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатади.

Пандемия ушбу учрашувларни ўтказиш жадвалига халақит берди ва ўтган йили учинчи мулоқот ўтказилмай қолди. Аммо ушбу форматга талаб катта, айниқса, ­бутун Марказий Осиё учун ўта долзарб бўлган масала — давлатлар чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҳамкорликда иш олиб бориш кун тартибида турган бир пайтда. Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров бу йил Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг саммитини Қирғизистонда ўтказиш режаси борлигини айтиб, унда бизнинг мамлакатимиз Президенти шахсан ­иштирок этишига умид билдирган.

Табассумли дипломатия

Маърифат давридаги инглиз-ирланд парламенти аъзоси ва публицист Эдмунд Бёрк фикрича, урф-одатлар қонунлардан кўра ­муҳимроқ, чунки қонунлар айнан уларга ­боғлиқдир.

Консерватизм мафкураси асосчисининг ушбу таъкидини рад этиш қийин. Айниқса, меҳмондўстлик, тинчликсеварлик ва ҳамжиҳатлик анъаналари баъзан классик дипломатия қонун-қоидаларидан ҳам таъсирчанроқ бўлиши мумкинлиги аниқ кўриниб турганда!

Узоққа бормайлик, ўтган ҳафтада ­Президентимиз Туркманистонга ташриф буюриб, икки томонлама учрашувдан сўнг ўша мамлакат етакчисининг отаси хотирасига бағишланган ифтор дастурхонида иштирок этди. Дипломатик ва расмий протоколлар бўйича раҳбарлар бундай маросимларда қатнашиш, ўтганлар хотирасига дуо қилиш учун шахсан боришлари шартми? Йўқ. Лекин бундай қадам — қардош халқлар ўртасидаги ёзилмагану, жуда қаттиқ ҳурмат қилинадиган анъанадир. Мураккаб вазиятда бир-бирини қўллаш жуда муҳим. Бир қанча йиғма жилдлардаги қатор мемо­рандум ва келишувлардан ҳам кўра ­таъсирчанроқ бу восита орқали кўп асрлик дўстлик ришталари амалда яна мустаҳкамланади. Шавкат Мирзиёев буюк мутафаккир Махтумқулининг: «Фироғийнинг икки кўзи бор, бири туркман бўлса, бири ўзбегим», деган ўлмас сатрлари ҳам буни тасдиқлашини айтиб ўтди.

«Инсонийлик» ва «дўстона муносабат» тушунчалари янги Ўзбекистоннинг қўшнилар билан муносабатини яққол кўрсатиб турибди. Табассумли дипломатия, тилаклардаги самимийлик билан ўзаро манфаатли мақсадларга эришиш яна ҳам самарали.

Шу ўринда Қирғизистон Президенти ­Садир Жапаровнинг март ойидаги Ўзбекистонга ташрифини ҳам эслаш жоиз. ­Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров учрашувлари икки мамлакат муносабатларини бошқатдан йўлга қўйди, ҳамкорликни мутлақо янги сифат босқичига кўтариш учун замин ҳозирлади.

Имзоланган салмоқли инвестициявий ва савдо шартномалари пакетидан ташқари қўшни мамлакатни яна кутилмаган совғалар кутарди. У ҳам бўлса, 20 та «Тез ёрдам» машинаси ва юзлаб қирғизистонлик ёшларга Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш имконини берувчи келишувлар. Президентлар нафақат иқтисодиётда, балки маданият, спорт, сайёҳлик соҳаларида ҳамкорлик қилиш, бадиий жамоаларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш, яъни халқларни маънан яқинлаштирувчи йўналишларни ҳам муҳокама қилдилар. Шу ўринда Чингиз Айтматовнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: «Айтишадики, дўстлар оғир кунда, кулфатда синалади, менимча эса улар қувончли дақиқаларда ҳам синалади».

Ўзбекистоннинг янги очиқлик сиёсати натижалари, унинг Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий ўзгаришларга ижобий таъсири яна бир қўшни мамлакат — Тожикистонда ҳам яққол кўринади.

— 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга фаол татбиқ этилиши Марказий Осиёдаги давлатлараро муносабатларнинг барқарорлиги ва мустаҳкамланишига эришиш, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг интенсификациялашувида реал натижаларни кўрсатмоқда, — дейди Россия-­тожик славян университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори Гузел Майтдинова.

Эксперт тожик — ўзбек икки томонлама муносабатлари 2016 йилдан бошлаб фаоллашганини эътироф этади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатдаги янги доктринасини рўёбга чиқаришни жадаллаштириши, Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон билан чегарадош давлатлар ўртасидаги анчадан буён ечилмай келган муаммоларнинг ҳал этилиши бўйича кўрилган чора-тадбирлар Марказий Осиёдаги кескинликни юмшатишга олиб келди.

Г. Майтдинова Ўзбекистон етакчисининг Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги конструктив мулоқотни геосиёсий воқелик, стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланишини эса тарихий аҳамиятга молик қадам, деб атади.

Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган «қора давр» орқада қолди. Форс-тожик шеъриятининг буюк намояндаси Ҳофиз Шерозий: «Олам устидаги зулматни тарқатиб юбориш учун йўлчи юлдуз бўл», деган эди. Давлатлар ўртасида кўп йиллар ҳукм сурган келишмовчиликларни енгиб ўтиш учун ҳам ташаббус зарур бўлди.

Сўзлар — ҳаққоний, ҳаракатлар — қатъий

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат юритишга бағишланган бўлиб, унда қўшни давлатлар билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш алоҳида вазифа сифатида белгиланган.

Кутилмаганда тўқнашув келтириб чиқариши мумкин бўлган эски муаммони ҳал қилиш — чуқур ўйланган мақсаддир. Чегараолди ҳудудларида, баҳсли участкаларда пайдо бўладиган бирор маиший масала одатда шунчаки жанжал, бир-икки ғурра билан якун топиши ҳам мумкин. Лекин бунда иғвогарлар гиж-гижлашса, жуда катта тўқнашувга айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис ҳам кейинги йилларда Ўзбекистон томонидан ҳудудий ва чегараолди масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга алоҳида эътибор бериляпти.

Сиёсатшунос, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Чинара Эсенгул «Би-Би-Cи»нинг рус тилидаги хизматида чиққан таҳлилий материалида ёзадики, чегарага боғлиқ муаммоларнинг илдизи — тарихда: ўз вақтида Ўрта Осиё республикаларининг чегаралари маъмурий бўлиб, совет ҳукумати сарҳадларни халқларнинг этник мансублигини ҳисобга олмай, балки умумий ресурсларга эътибор берган ҳолда белгилаган. Келишувга эришишнинг мураккаблиги шундаки, ҳудудларнинг хариталари бўйича иккита пакет мавжуд бўлиб, улар турли йилларда чиққан ҳужжатларга асосланади. Ижобий мисол сифатида Қирғи­зистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарани келтириш мумкин, бунда фақат 15 фоиз жой қайта рўйхатдан ўтмай қолган. Эксперт сўзларига кўра, Ўзбекистонда амалдаги Президент ҳокимиятга келиши билан бу борадаги музокаралар тезлаштирилди.

Аммо айрим кулфатлар рўй бериши ҳам бор гап экан. Ўтган ҳафтада қирғиз — ­тожик чегарасида қон тўкилди ва бу воқеа Ўзбекистонни бефарқ қолдирмади.

Шарқ ҳикматларидан бирида: «Сўзлар ҳаққоний бўлсин, ҳаракатлар — қатъий», дейилади. Ушбу қоида замонавий дунё учун ҳам юз фоиз дахлдор ва тўғри. Келишмовчилик худди қор кўчкиси чўққидан пастга қулаб, катта талафотга сабаб бўлиши сингари хавфга айланса, жадал ҳаракатга киришиш муҳим.

Чегарада отишма бошлангани ҳақидаги хабар тарқалган дастлабки соатлардаёқ Ўзбекистон ўз Ташқи ишлар вазирлиги орқали томонларни зиддиятни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Барча масала ва муаммолар фақат музокаралар ҳамда ­маслаҳат йўли билан, Марказий Осиёнинг қардош халқларига хос азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик асосида ҳал қилиниши лозим, дейилди мурожаатда. Мамлакатимиз юзага келган вазиятни тартибга солишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон етакчиси вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш масаласини Тожикистон Президенти билан муҳокама қилди. Суҳбатда келиб чиққан зиддиятни иложи борича тезроқ тўхтатиш ва унинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича эришилган келишувлар қўллаб-қувватланди. Шундан сўнг қирғизистонлик ҳамкасб Садир Жапаров билан ҳам телефон орқали сўзлашув бўлиб ўтди.

Чегарадаги ҳолатни Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари ҳам ўзаро муҳокама қилишди. Бунда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва ҳарбийларни доимий дислокация жойларига олиб кетиш ҳақидаги келишувларга риоя қилиш, шунингдек, икки мамлакатнинг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишини ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Президентининг Қирғизистон раҳбари билан навбатдаги сўзлашувида мамлакатларнинг қардош халқлари орасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида барча минтақавий масалаларни ишончли мулоқот асосида ҳал этишга тайёрлик тасдиқланди.

Вазият тартибга солинди. Ва кенг жамоатчилик наздида Шавкат Мирзиёевнинг зиддиятни тўхтатишдаги бевосита роли ҳамда тинчлик ўрнатувчи дипломатияси, керакли имкониятларни ишга солиб, айни ўша пайт учун ишончли далиллар топганлиги аниқ намоён бўлди.

«Баҳс Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсан аралашуви натижасида ҳал этилди» — шу кунларда блогосферадаги шарҳловчиларнинг постларида айнан ана шундай сўзлар бот-бот такрорланди. Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё минтақасидаги энг обрўли шахс сифатида, вазиятни барқарорлаштиришга қодир етакчи сифатида гавдаланди.

Халқаро эътирофга лойиқ фаолият

Чегараолди келишмовчиликларни тартибга солиш — ўта муҳим иш, тегишли давлатлар халқларининг ҳаёти, фаровонлиги ва келгуси тараққиёти унга бевосита боғлиқдир.

Ушбу масаланинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Эфиопия бош вазири Абий Аҳмед Али ўз давлатига қўшни бўлган Эритрея билан юз берган тўқнашувни тинч йўл билан ҳал қилишдаги қатъий ташаббуси учун 2019 йил якуни бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилган.

Осло шаҳридаги тантанали маросимда Норвегия Нобел қўмитасининг раиси ­Берит Райсс-Андерсен ғолиб номини эълон қилар экан, бош вазир Абийнинг ички сиёсатдаги ютуқларини ҳам мақтади. Яъни у мамлакатда фавқулодда ҳолатни бекор қилган, ­минглаб сиёсий маҳбусларга амнистия берган, оммавий ахборот воситаларида цензурага чек қўйилган, сиёсий оппозицияни легализация қилган, хотин-қизларнинг ­сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги ролини кўтарган.

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳам мамлакат ичкарисида ва ташқи сиёсий муҳитда эришилаётган ютуқлар билан ҳам­оҳанг давом этиб келмоқда. Минтақадаги муаммолар муваффақиятли ҳал этилиши натижалари бундан бир неча йил олдин ҳам хорижда фаол муҳокама қилиб келинарди. Мамлакатимиз етакчисининг халқаро фаолиятидаги асосий босқичлар, айниқса, унинг қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаши каби мавзуларда “Uz Kor media group” компанияси муҳаррири Чо Чол Чён ўзининг 50 минглик адад билан Корея Республикасида нашр этилган «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев»­ китобида ёзган эди.

— Жаноб Шавкат Мирзиёевнинг кўп қиррали фаолияти ҳар томонлама ёритишга арзигулик, — деб ёзганди у. — Ўйлашимча, айнан ана шундай инсон юксак ­халқаро эътирофга ва тинчликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Нобел мукофотини олишга муносибдир.

Шунга ўхшаш таклифлар жамоат ташкилотлари томонидан ҳам билдирилган. Тожикистоннинг «Ўзбеклар жамияти» Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг номзодини Нобел мукофотига тавсия этиш ҳақида имзолар тўплаган. «Бизга, агар давлат ­раҳбари номзодини жамоат ташкилоти илгари сурса, унинг таклифи Нобел қўмитаси томонидан кўриб чиқилади, деб батафсил тушунтиришган» — дейди «Ўзбеклар жамияти» раиси Муҳаррама Мирзоалиева.

Бу ташаббуслар, албатта, жамоат ташкилотларининг диққат-эътиборини тортишга арзийди. Айниқса, кейинги воқеалар буни яққол исботлади. Мамлакатимиз ўз олдига тараққиётни мақсад қилиб қўйган, минтақада барқарорлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Афғонистонни ҳам қамраб олади, чунки Ўзбекистон унинг ҳам барқарор ривожланишини истайди.

Муҳими, давлатимиз катта минтақанинг тақдирига, унинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга дахлдорлигини фақат сўзда эмас, балки амалда ҳам исботлаб келаётир.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?