Тилни ёрар қайнар майизлари

16:20 05 Сентябр 2024 Жамият
287 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Машҳур Тахтақорача довони орқали Самарқанд вилоятидан Қашқадарёга кириб келар экансиз, сизни биринчи бўлиб Китоб туманининг Қайнар қишлоғи қарши олади. Ҳисор тоғ тизмалари этагида ястаниб ётган бу қишлоқ ўзининг бетакрор табиати билан донг таратган.

Қайнарда бир-бирига сира ўхшамайдиган ўнлаб булоқлар бор. Масалан, Совуқбулоқ ёз жазирамасида ҳам ниҳоятда муздек сув отилиб чиқиши, Галабулоқ эса бир жойда юзлаб чашмалардан сув чиқиб туриши билан ажралиб туради. Қайнарбулоқ ҳудуддаги булоқларнинг энг каттаси. Ундан сув худди қайнагандек кўпириб, тошиб чиқади. Қишлоқнинг 50 фоиздан ортиқ аҳолиси шу булоқдан сув ичади, экинларини сувлайди. Қишлоқ номи ҳам шу булоқ номига қўйилган.

Қайнарни машҳур қилган жиҳат фақат унинг гўзал табиатию, афсонавий булоқлари эмас. Қишлоқ одамлари боғдорчилик, хусусан, узум етиштириб, ундан майиз тайёрлаш борасида ҳам ном қозонган. Бу ерда аксарият оилалар шу фаолият билан шуғулланади.

— Қишлоғимизнинг умумий майдони 6 минг гектарни ташкил этади, — дейди «Қайнар» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Зарифа Хидирова. — Шундан 2 минг гектари аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер майдонларидан иборат. Аксарият майдонлар боғдорчиликка ихтисослашган. Аҳоли ҳудуддаги булоқлардан сув олиб, боғ ва токзорларни суғоради. Балки шундандир бу ернинг мевалари ўзининг хуштаъмлиги билан ажралиб туради.

Зарифа Хидированинг қўшимча қилишича, узумчилик маҳалланинг ўсиш нуқтаси сифатида белгилаб олинган. Айни пайтда бу ердаги 1200 дан ошиқ хонадоннинг 30 фоиздан кўпи узум етиштириш билан шуғулланади. Улар узумни мева ҳолида эмас, балки қуритиб, майиз сифатида бозорга чиқаради. Чунки бу орқали узумнинг даромадини икки ҳиссага ошириш мумкин.

Шу қишлоқлик Отамурод Кенжаев ҳам 20 сотих жойда токзор ташкил этган. Бу ердан йилига 6 тоннадан ошиқ сара узум олар экан. Узумларнинг ярмини мева ҳолида бозорга чиқарса, майизбоп навларни қуритиб, қиш ва баҳор ойлари сотади. Бунинг учун деҳқон уйида барча шарт-шароитларни ҳозирлаган.

— Ҳар йили 3 тоннадан ошиқ оқ ва қора кишмиш узумларни қуритиб, икки тоннага яқин майиз ҳозирлаймиз, — дейди у. — Ҳавомиз тоза, сувимиз зилол, тупроғимиз унумдор. Шунинг учун ҳам узумларимиз жуда ширали бўлади. Майизчиликда бу жуда муҳим. Биздан талаб этиладигани эса, узумни қуритиш жараёнида зарур талабларга амал қилишдир. Боиси бу иш кишидан билим, тажриба билан бир қаторда, алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб этади. Мисол учун, биз узумни узгандан сўнг аввал уни сифатига қараб ажратиб, сўнг осиб қўйиш учун жой тайёрлаймиз. Майизнинг харидоргир бўлишида шу жараён алоҳида ўрин тутади. Узумни имкони борича соя ва қуруқ ҳаволи жойда қуритсангиз, кўриниши шунчалик чиройли ва юмшоқ бўлади. Аксинча, намлик юқори, шамол тегмайдиган, ҳарорат бир маромда бўлмаган жойда узум яхши қуримайди, майизнинг сифати паст бўлади.

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, қишлоқда токларга ишлов бериш ва ҳосил йиғим-терими билан кўпроқ эркаклар шуғулланса, майиз тайёрлаш асосан аёллар зиммасида. Улар бу ишнинг ҳадисини олган. Бир хил узумни офтобда, сояда ёки бошқа шароитда қуритиш орқали, ундан турли хил кўринишдаги майиз тайёрлаши мумкин. Масалан, шу қишлоқлик Нодира Муродова бу ишнинг пандини олган аёллардан.

— Узумлар пишиб етилиши билан биз аёлларнинг ишимиз қизийди, — дейди у. — Эркаклар ҳосилни йиғиб, уйга ташийди. Аёллар эса қўни-қўшни тўпланиб, узум бошларини саралаш ва ишкомларга осишга киришади. Кимнинг уйида иш кетаётган бўлса, қўшниларнинг ўзлари йиғилиб, ҳашарга келаверади. Бу кўпчилик билан бўладиган ишда. Узумлар қуригач, кейин майиз саралаш бошланади. Уларни бир нечта сортларга ажратиб, сотиш учун тайёрлаймиз. Энг қуйи сортларига эса қайта ишлов бериб, ош майиз оламиз. Хуллас, йил бўйи иш топилади.

Ҳа, қайнарлик томорқачиларнинг меҳнатини кўриб, узум етиштириш, ундан майиз тайёрлаш ҳам осон иш эмаслигига амин бўлдик. Бироқ бу ишнинг даромади ҳам шунга яраша. Бугун қайнарликларнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон экани уларнинг ана шу заҳматли меҳнатлари ҳосиласи, албатта.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?