«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» бўлмайлик!

10:41 09 Октябр 2020 Жамият
1438 0

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» – она тилимизга оид ҳикматлар қаторида Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ушбу нақлини доимо элга ҳавола этамиз. Шунчаки ўқиб кетаверамиз, аммо амал қилмаймиз. Мен бу йил биргина мақоламнинг ўзида уни ўн марта такрорламоқчиман.

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз». Бу ҳикматдан сўнг қандай тиниш белгиси қўйиш керак (араб ёзувига асосланган эски ўзбек тилимизда тиниш белгилар қўлланмаган)? Биргина нуқтанинг ўзи кифоя деб ўйлайсизми, биродарим?

Ғазал мулкининг султони, авлиё инсоннинг мухтасар ҳикматларига чуқур зеҳн солиб кўрайлик ва бугунги кун одамлари – азиз юртдошларимиз қандай муносабатда бўлишяпти, биргаликда муҳокама қилайлик.

Бобомиз ўгитларида шиддат ва латофат, куюнчаклик ва изтироб, ҳаётий кузатувчанлик ва алам қоришиқлигига эътибор берганмисиз? Масалан, «Одами эрсанг, демагил одами, Оники йўқ халқ ғамидин ғами», «Ким хўтук бирла кучукка қанча қилса тарбият, Ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одами», «Бошни фидо қилғил ато қошиға, жисмни қил садқа ано бошиға»...

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз?» сўроқ белгиси қўйсак қандай маъно англатади? Яъни, ўз тилини ҳурмат қилмайдиган, бефарқ ва саводсиз одам эл, миллат қайғуси билан яшармиди? Агар афкор-оммага бир нарсани тақдим этувчи одам эътиборли бўлганида эди, шаҳар кўчаларидаги (ҳатто ҳар бир қадамда) афишаларда элни ранжитадиган хатоликларга йўл қўйилмаган бўларди. Республика телевидениеси (!!!) орқали узатилаётган кўрсатувлардаги хатоликлар нозиктаъб халқимизни изтиробга солмас, ижтимоий тармоқлардаги қўполлик ва саводсизликлардан куйиб юрмаган бўлардик.

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз!» – ундов белгиси бобомиз руҳиятига мос тушади.

«Сўзи улуғнинг – ўзи улуғ» дейди халқимиз. Ҳазрат Навоий – буюк миссияни амалга ошира олган инсон. Ўз таъбирлари билан айтганда: «Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам!».

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз!!!» – бу ҳикматдан сўнг икки ёки учта ундов белгиси қўйиб кўринг. Беихтиёр, салмоқли қадам, салобатли сўз эгаси Абдулла Қаҳҳор ёдимизга келади. «Нега йўл ҳаракатини бузган ҳайдовчига ҳуштак чаламизу, тилимизни бузганга ҳуштак чалмаймиз?»

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз!» – ҳуштак чаладиган одам борми? Бу борада моҳир сўз устаси Аваз Охун топиб айтиб қўйган. Йўл устида қолган буюмни расмийлаштираётган ёш ДАН ходими бошлиғидан «асфальт» сўзининг қадай ёзилишини сўрайди. Бошлиғи узоқ ўйланиб, йўлда ётган буюмни ариқнинг ичига тепиб тушириб юборади ва ...

Савол ортидан яна савол бераман, кўнглингизга оғир олманг, чунки биз дилларни дилларга оҳанрабодай бирлаштириб турувчи меҳвар – она тилимиз хусусида фикрлашяпмиз.

Тил борки – миллат борми ёки миллат борки – тил борми? Агар тилни халқимизнинг уриб турган юраги десак , демак, «Тил борки – Миллат бор!» Биз юрагимизни қандай авайласак, тилимиз ҳам шундай ҳимояга муҳтож.

Дунёда 6000 дан зиёд миллат ва элатларнинг жонли тили мавжуд. Маълумотларга кўра, 40 та тилгина мукаммал шаклланган грамматикасига эга. Шукрлар бўлсинким, шу 40 танинг ичида ўзбек тилимиз ҳам бор. Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Ҳозирги глобаллашув даврида ўзбек тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони изчил амалга оширилмоқда. Бу йил биринчи марта 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» сифатида нишонлаймиз.

Демак, бизнинг она тилимизга нисбатан «ихтиёрсиз» бўлишга маънавий ҳақимиз йўқ. Эътиборсизликка Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳам қараб турмайди. Энди давлат тилимизнинг нуфузи давлат сиёсати даражасида мониторинг қилиб борилади.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида»ги 2020 йил 11 март қарори ҳам аҳамиятли. Тилимизни ардоқлаган инсон эъзоз топади, қадрланади.

«Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ»,-деган эди Гёте. Лекин «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз»лик давом этаверса, бепарво ва бехафсала бўлсак, кунимиз «чаламулла»ларга қолади.

Чиройли ёзув ва саводлиликнинг жамият ҳамда ишлаб чиқаришга таъсири ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ёзув – сирли ҳодиса. Ёзилган нарса тақдир ҳукмига ўтиб қолиши ҳам мумкин. Халқимиз «Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир» деб бежизга айтмайди. Чиройли хат эгалари ҳар қандай ишни пухта бажаришга интилишар экан. Хунук ва саводсиз хат эгалари оддий ҳовли супуришни ҳам эплашолмайди, дакки эшитишади.

Дунё халқларида қуйидагича талқин бор: Ишбилармонлик бобида инглиз тилида сўзлаш, муҳаббатингни француз тилида изҳор қил. Медицинанинг, опера санъатининг муайян танланган ўз тили бор. Хўш, бизнинг ўзбек тилимиз дунё халқлари учун қай мақсадда асқатиши мумкин? Кўнгил сирларини айтиш учун десам, фикримга қўшиласизми? Меҳмондўстлик учун десам-чи? Мана, мақомларимиз илоҳий ишқ – Яратганга муножотлар билан йўғрилган. Бу инсон қалбининг устувор сири. Миллий куй-қўшиқларимиз табиат билан уйғун кайфиятга ҳамоҳанг. Оддий одатий суҳбатларимизда донишмандлар сандиғига беихтиёр назар соламиз. Аския ва хандаларимиз ҳар қандай дилнинг қулфини оча олади. Чунки бизнинг халқимиз сўзлашувида самимийлик устун. Халқимиз яхшини ҳам , ёмонни ҳам дуо қилади, ҳеч кимнинг кўнглини ўкситишни хоҳламайди. Душманни ҳам ёвузликдан қуролсизлантирадиган муомала маданиятимиз бор. Ҳамкорликларимиз ҳам ёқимли лафзимиз билан боғлиқ.

Навоий ҳазратлари бундан олти аср аввал форс тилининг дилбарлигини инкор қилмаган ҳолда ўзбек тилимизнинг дилбарроқ, жозибалироқ эканлигини исбот қилиб кетган. Биз Ҳазратга муносиб ворис бўлайлик, тилимизни бойитайлик, нуфузи ортса қувонайлик. Фақат бунинг учун «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» бўлмайлик!

Алибек ЭРГАШEВ,
Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар
бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.

 



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?