Тил - миллатнинг ҳаётий қони — Агрипинна Шин барчани тил байрами билан табриклади

17:51 21 Октябр 2020 Сиёсат
549 0

Мактабгача таълим вазири Агрипинна Шин барчани тил байрами билан табриклади.

"Сизларни Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Давлат тили халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашнинг қудратли воситасидир. Тил - ҳар бир инсоннинг она юртига бўлган муҳаббатини, унга дахлдорлигини ҳис эттиради, унинг маданий ривожига ҳисса қўшади. Айнан шу тилда Алишер Навоий, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Қодирийлар ўз ижод асарларини яратганлар.

Ҳар бир болажон она тилини ёшлигиданоқ ўрганишни бошлайди. Шу туфайли Ўзбекистоннинг барча мактабгача таълим ташкилотларида она тилида сўзлашув асослари яратилиб, унинг луғавий бойлигини оширишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилган. Келажакда болалар она тили бўйича олган билимларини ривожлантиришлари, мукаммал ўрганишлари учун барча шароитлар мавжуд.

Биз фарзандларимизни давлат тилига муҳаббат ва чуқур эҳтиром билан улғайишларини, шу қаторда турли хорижий мамлакатлар тилларини ҳам ўзлаштиришларини истаймиз. Тил - миллатнинг ҳаётий қони ва халқнинг бебаҳо бойлигидир.

Яна бир бор барчани Ўзбек тили байрами билан муборакбод этаман. Юртимизда ҳамиша фаровонлик ва тотувлик бўлсин", дейди вазир табригида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?