Тил — миллат хазинаси

14:44 19 Май 2021 Жамият
351 0

Аввало Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифаларига тўхталиб ўтсам.

Жамғармамизнинг асосий вазифалари ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек тилини ривожлантириш лойиҳаларига грантлар ажратиш, китоблар, қўлланмалар, луғатлар ва бошқа китоб маҳсулотлари чиқариш, ўзбек тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини чоп қилиш, ўзбек тилининг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида давлат тилидаги материалларни хорижда истиқомат қилувчи ватандошларга ва хорижий мамлакатлардаги ўзбек тилини ўргатиш марказларига етказишга кўмаклашиш ҳамда ўзбек тилини ривожлантиришга оид медиа маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобил иловалар ва бошқа электрон материалларни тайёрлаш ишларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Жамғармада ўтган бир йил мобайнида бир қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, энг муҳими, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишда ижодий ёндашувни ривожлантириш мақсадида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танлови ташкил этилди. Мазкур танловнинг йўналишлари сифатида наср, назм, публицистика, ўзбек тилининг хориждаги тарғиботи ва ижтимоий роликлар белгиланди.

Ўзбек тилининг она тили ва давлат тили сифатида ўқитилишини такомиллаштирувчи илмий-методик фаолиятни ривожлантириш мақсадида халқ таълими тизими ходимлари ўртасида «Давлат тили бўйича энг яхши видеодарс», олий таълим муассасалари ходимлари ўртасида ўзбек тилини ўқитишни ривожлантиришга доир илмий-методик тадқиқотларни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган «Энг яхши методик тавсия» каби танловларни ташкил этишда бош-қош бўлди.

АҚШнинг Огайо давлат университетидаги ўзбек тили курслари учун китоблар, қўлланмалар, луғатлар ва бошқа китоб маҳсулотлари учун жамғарма томонидан тегишли маблағлар ажратилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти топшириғига асосан, жамғарма томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан ҳамкорликда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 5 жилдлик китоби, «Давлат тилида иш юритиш», «Халқаро термин-элементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати», умумтаълим мактаблари учун «Сўз сандиқчаси» номли изоҳли луғат, «Адиблар хиёбони»да ҳайкаллари қад ростлаган адиблар фаолиятига доир «Сўз хиёбони» китоби, «Ҳарбий атамаларнинг янги изоҳли луғати», «Ўзбек тилининг ижтимоий-сиёсий терминлар луғати», «Ўзбек тили банк-молия терминларининг изоҳли луғати», «Ўзбек тили меъёрлари (пунктуация)” китоби, «Юридик терминларининг русча-ўзбекча луғати» каби бир қатор китоблар чоп этилиб, шу йилнинг 4 март санасида Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари томонидан тайёрланган «Ўзбек тили меъёрлари: пунктуация» китобининг, 19 март куни эса Тошкент давлат юридик университетида Тошкент давлат юридик университети олимлари ҳамкорлигида тайёрланган «Юридик терминларнинг русча-ўзбекча луғати» китобининг тақдимотлари ўтказилди.

Шунингдек, хорижликлар ва юртдошларимиз учун ўзбек тилини ўргатувчи онлайн платформа — “Oʼzbektili.uz” дастури, ўзбек тилининг изоҳли луғатининг тўлдирилган, тузатилган босма нашри мазмуни асосида уяли телефонлар учун Android ва IOS платформаларда ишлай оладиган «Изоҳли-луғат» дастури, ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Vatandoshlar.uz” веб-сайтини яратиш ишлари бугунги кунда амалга оширилмоқда.

Жорий йил режасига кўра ўзбек тили ўқув лексикография тармоғини ривожлантириш, янги авлод ўқув ва атамалар луғатларини яратиш, уларнинг электрон вариантларини ишга тушириш, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари тўла ҳисобга олинган имло ва пунктуация қоидалари акс эттирилган «Ўзбек тили меъёрлари» илмий-оммабоп ўқув қўлланмасини нашрга тайёрлаш, ўзбек тили ва адабиётини ўқитишнинг замонавий методикасини яратиш, бирламчи моддий ва ёзма манбалар асосида ўзбек тилининг кўп минг йиллик тарихий ривожланишини ёритиб берувчи илмий монографияни нашрга тайёрлаш, кўп жилдли «Ўзбекистон миллий қомуси»ни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашрга тайёрлаш ва чоп этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Жадид намоёндаларининг бой маънавий мероси, ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга оид илмий изланишларни рағбатлантириш, ўзбек тилига оид барча илмий, назарий ва амалий маълумотларни ўзида жамлаган электрон кўринишдаги ўзбек тили миллий корпусни яратиш, ўзбек тилидаги матнлар таҳририга мўлжалланган компьютер дастурларини яратиш, ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастурини яратиш, ўзбек тилини хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш, уни ўрганиш истагида бўлган чет эллик фуқароларга кўмаклашишга мўлжалланган ўзбек тилини ўргатувчи онлайн платформа ташкил қилиш, унинг ахборот базасини шакллантириш ва мунтазам бойитиб бориш, туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик жараёнларини ривожлантириш мақсадида ўзбек тилининг қардош тиллар билан таржима луғатларини ҳамда уларнинг мобил иловаларини яратиш масаласи устида изланишлар олиб борилмоқда.

Азиз ЭМИНОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?