Тиббиётимизда юз берадиган инқилобий ўзгаришларга мустаҳкам пойдевор яратилмоқда

21:40 09 Ноябрь 2020 Жамият
259 0

Пойтахтимизда, вилоятлар марказларида шифохоналар замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланганлиги боис, касалликларга тез ташхис қўйишда ва мураккаб операцияларни амалга оширишда катта ютуқларга эришиляпти. Бу яхши. Лекин юртимизда аҳолининг кўп қисми қишлоқларда яшайди. Қишлоқлардаги оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларидаги тиббий хизмат тизими бугунги кун талабига жавоб бермайди. Баъзи олис ҳудудлардаги қишлоқ оилавий поликлиникаларида шифокорлар етишмайди, ишлаб турган кўплаб шифокорларнинг билим даражаси пастлиги туфайли беморлар даволаниш учун вилоят маркази ва пойтахтдаги шифохоналарга боришга мажбур бўлишмоқда.

Очиқ тан олиш керак, бугун тиббиёт соҳаси мутахассислигини эгаллаган ёш шифокорларнинг аксарияти пойтахтда ва вилоят марказларидаги шифохоналарда ишлашга интиляпти. Бу эса қишлоқ оилавий поликлиникаларида врачлар етишмаслигига сабаб бўлмоқда. Қишлоқларда тиббиёт соҳаси учун етук кадрлар танқислигининг яна бир сабаби тиббиёт муассасаларида шарт-шароитлар талаблар даражасида эмаслиги билан боғлиқ. Бу ўткир масалалар жойлардаги учрашувларда сайловчилар томонидан ҳам кўтариб чиқилган ва муаммони бартараф этиш бўйича тегишли вазирликлар билан иш олиб борилаётган бўлса-да, ҳали аниқ бир тўхтамга келинмаган эди.

Президентимиз раислигида 6 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу масалалар муҳокама қилинди ва тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинидаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора тадбирлар белгиланди. Мени хурсанд қилган нарса шу бўлдики, давлатимиз раҳбари томонидан кадрлар масаласига катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишлаётганига алоҳида урғу берилди. Бунинг сабаби олий ўқув юртини битирган ёш шифокорларнинг қишлоқларга келиб ишламаётганлиги, эндиликда уларни жалб қилиш учун «Қишлоқ шифокори» дастури ишлаб чиқилиши белгиланди.

Дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик маблағ билан рағбатлантириш, хизмат уйлари ажратиш жорий этилиши айтилди. Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ишонаманки, қишлоқ шифокорларига берилган бу имтиёз уларни ўз устида тинимсиз ишлашига, касбига садоқат билан ёндашиб, ҳалол иш олиб боришга ундайди. Ваҳолонки бизнинг мақсадимиз ҳам аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга қаратилгандир.

Чуқурроқ мулоҳаза юритадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг айнан тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинига эътибор қаратаётгани замирида жуда катта моҳият мужассам. Биринчидан мамлакатимиз аҳолисининг кўп қисми қишлоқларда истиқомат қилаётган бўлса, иккинчидан бемор марказлардаги машҳур клиникаларга боришдан олдин қишлоқ врачлик пункти шифокорига учрашади. Беморга биринчи ташхис нотўғри қўйилса, у то касаллигини аниқлагунга қадар касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб кетади. Бу аксарият ҳолларда фожиа билан тугаши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи бўғиндаги тиббиёт муассасаларни малакали, ўз соҳасини пухта биладиган, замонавий тиббиётни тушунадиган ва ҳалол кадрлар билан бойитиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар тиббиётимизда юз берадиган инқилобий ўзгаришларга мустаҳкам пойдевор яратишда асос бўлиши табиий.

Яна бир мулоҳаза шундан иборатки, мен депутат сифатида ўз сайловчиларим билан учрашганимда, қишлоқ одамлари поликлиника узоқлиги, баъзи ҳудудларда қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқлиги ҳақида мурожаат қилишар эди. Йиғилишда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йили 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгилангани қишлоқ аҳолисини хурсанд қилиши шубҳасиздир. Бинобарин, биз депутатлар Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни бажарилишини назорат қилишда ва тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинидаги ҳал этилиши муҳим бўлган муаммоларни ўрганиб, тегишли мутасадди раҳбарлар билан ҳамкорликда амалга оширишда бош-қош бўламиз. Зеро, тиббиёт соҳасини юксак даражага кўтариш бу мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз равнақи йўлидаги энг муҳим вазифадир.

Мавлуда Ибрагимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?