Тиббиёт олий ўқув юртларида халқ табобати бўйича таҳсил олаётган талабалар сони 800 нафарга етказилади

14:23 25 Февраль 2023 Жамият
708 0

Юртимиз халқ табобати ривожланиши учун беқиёс имкониятга эга. Диёримиздаги 750 дан ортиқ ўсимликлар фармацевтика саноатида қўллашга тавсия этилгани бунинг ёрқин мисоли.

Узоқ йиллар эътибордан четда қолган ушбу соҳа бугун янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда. Хусусан, юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, уларни чуқур қайта ишлаш борасида самарали ишлар амалга ошириляпти.

Энг муҳими, соҳадаги ислоҳотлар табиат билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, 2022 йил 7-8 июнь кунлари пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг «Анъанавий табобат» форуми, 25 октябрда Марказий Осиё ва Корея ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.

Жорий йилда ШҲТ доирасида аъзо давлатлар экспертларининг «Анъанавий табобат бўйича Ишчи гуруҳи Низоми» ишлаб чиқилиб, мазкур тузилма мамлакатларда халқ табобатини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни бошқариб боради.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва 40 ўринли халқ табобати даволаш бўлими ташкил этилди. Бухоро ва Андижон вилоятларида муассаса филиаллари очилиб, 2023 йил бошқа ҳудудларда ҳам фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда юртимизнинг барча олий тиббий таълим муассасаларида халқ табобати йўналиши бўйича бакалавр босқичида 500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Келгуси ўқув йилида эса улар сони 800 нафарга етказилади.

Яна бир янгилик. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг «Неврология ва халқ табобати» кафедрасида ушбу йўналиш бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Қолаверса, соҳада замонавий тиббиётнинг физиотерапия, неврология, терапия сингари ихтисосликлари доирасида фитотерапия, игна билан даволаш, уқалаш, гирудотерапия усуллари амалиётга татбиқ этилди. Давлат ва хусусий шифохоналарда эса ҳижома, апитерапия, натуропатия каби кўплаб халқ табобати усуллари самарали қўлланилмоқда.

Шу боисдан 2023 йилда соҳада етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер