Тиббий суғурта тизими Сирдарё тиббиёт муассасаларига молиявий мустақиллик бермоқда — CCВ

14:28 02 Май 2023 Жамият
523 0

Пойтахтимизда иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор.Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур форум доирасида ташкил этилган тадбирда сўзга чиқиб, юртимизда давлат тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг дастлабки натижалари ҳақида йиғилганларга маълумот берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиётида катта ўзгаришлар даври бошланди. Хусусан, Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш ишлари йўлга қўйилди.

Лойиҳа доирасида бирламчи тизимда оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамшира ҳамда доядан иборат тиббиёт бригадалари ташкил қилинди. Беморларни кафолатланган пакет асосида 70 турдаги дори воситалари ҳамда 27 турдаги тиббий буюмлар билан таъминлаш белгиланди.

Дорихона томонидан берилган препаратлар қиймати Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан референт нархлар асосида қоплаб берилмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 6 та шифохонани бирлаштириш орқали 520 ўринли Гулистон тиббиёт кластери ташкил этилиши соҳа ривожида муҳим қадам бўлди. Қолаверса, тиббиёт муассасаларига ажратилган маблағлардан фойдаланиш бўйича молиявий мустақиллик берилди.

Натижада бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига қатновлар сони 20 фоизга ортиб, кундузги стационарда даволанганлар эса 75 фоизга кўпайди. Туман ва шаҳар шифохоналарида даволанган беморлар сони 10 фоизга камайиб, вилоят шифохоналарида беморларга кўрсатилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари 92 фоизга ошди.

Вазир А. Иноятов ўз сўзида давом этаркан, Сирдарёдаги натижалар ва орттирилган тажриба асосида жорий йилнинг 1-июлидан Тошкент шаҳрида ҳам давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши ҳамда келажакда мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтиш кўзда тутилаётганини айтиб ўтди.

Билдирилган ушбу маълумотлар йиғилиш қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Якунда Амрилло Иноятов иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди.

Шунингдек, вазир мазкур ишларни амалга оширишда яқиндан кўмак бераётгани учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер