Тезкорлик, самимийлик, одамларга яқин бўлиш ва сифатли хизмат 

11:11 30 Октябр 2020 Жамият
210 0

Ушбу тамойиллар Давлат хизматлари марказларининг бугунги шиорига айланган. Иш услуби ҳам шундай. Буни марказ ходимларининг фуқаролар келишини кутиб ўтирмай жойларга чиқиб кўрсатаётган сайёр хизматлари мисолида кўриш мумкин.

Фарғона туманининг Лоғон маҳалла фуқаролари йиғини туман марказидан 22 километр олисда жойлашган. Фуқаролар маъмурий марказга юмушлар билан келиши учун бир йўла икки транспорт воситасига ўтиришига тўғри келади. Ҳозир эса қишлоқ одамлари кузнинг омонат офтобли кунларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат биладиган палла.

Фарғона туманида ана шундай дамларда туман ҳокими секторида аҳоли билан уйма уй юрилиб учрашувлар ўтказилди. Уларни қийнаб келаётган муаммолар ва хизматлар юзасидан суҳбатлар уюштирилди. Шу куни Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Лоғон маҳалла фуқаролари ҳудудидаги оилаларда 70 дан ортиқ фуқароларнинг муаммолари тингланди. Мурожаатчиларнинг аксариятига ҳуқуқий тушунчалар, консультатив маслаҳатлар берилди. Шу билан биргаликда, ер-мулк кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, ИНН ва ИНПС олиш, табиий газ ва ичимлик суви ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш, сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш юзасидан мобил хизматлар кўрсатилди.

— Хужжат жойида бўлса, эшик қоқиб кириб келган ҳар қандай назоратчидан уй эгаси уялмас экан, — дейди лоғонлик Исроил Исмоилов. -Буни мен кўп ҳаётий тажрибамдан кузатдим. Қишлоқда дўппидек томорқа бўлса ҳам унда иш «қайнайди». Булардан ортиб марказга тушиш қаёқда, дейсиз. Мана, бугун ўзлари келишди. Сайёр хизматдан унумли фойдаланиб чиқинди сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олишга эришдим. Ишим осон битди, узоғим бир қадам бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Фарғона вилоятидаги Давлат хизматлари марказларига 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан 660 мингга яқин мурожаат келиб тушган. 21 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. 10 минг 717 та якка тартибдаги тадбиркорлар ўз фаолиятини қайта тиклади. Уларнинг 1 минг 736 тасига сайёр (мобил) тартибда давлат хизматлари кўрсатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?