Тезкор, сифатли ва холис хизмат — пировард мақсад

12:33 19 Ноябрь 2020 Жамият
242 0

Энг катта исрофгарчилик бу - вақтнинг уволи. Шунинг учун халқимиз «Вақтинг кетди - нақдинг кетди»,деб бежиз айтмаган. Инглизлар эса "Time is money"(Вақт бу — пул) деб билишади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг таркибидаги марказлар ҳақида сўз борса, мижозлар ва тадбикорлар, энг аввало, вақтлари тежалаётганлигини эътироф қилишмоқда. Бир парча қоғозу ҳужжатларга ҳафталаб вақт сарфлаётган ишбилармонларимиз эндиликда расмийлаштириш билан боғлиқ барча давлат хизматлари қисқа муддатларда бюрократик тўсиқларсиз амалга оширилаётганлигидан хурсанд.

Аслида мазкур хизмат фаолияти билан эндиликда фуқаронинг нафақат вақти тежалди, балки турли сарсон-саргардонликлар, тамагирлик ва бошқа бир қатор нохушликлар барҳам топди. Қоғоз орасига пул қистириш, «ишлар» якунига етгач, чойхонада «бир чўқим» ош беришдек сарқитларга чек қўйилди. Фуқароларимиз давлат ва давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозимлигини англаб, чуқур ҳис эта бошлади. Айни пайтда марказлар томонидан аҳолига 140 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Буни қуйида Фарғона вилояти мисолида таҳлил қилиб кўрамиз.

Чорак аср кутилган хизматлар

— Фарғона вилоятида бу тизимни бошқараётганим сабабли соҳа билан боғлиқ ҳар қандай салмоқли ва кичик фикрлар, эътирофлар, танқид ва муаммолар эътиборимдан четда қолмайди, — дейди ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева. — Кўпчилик ватандошларимиз бир эшик орқали барча ишлари ва юмушлари битаётганидан, сарсон бўлмаётганидан, «бер-бер»лардан, мансаб эгасининг кайфиятига қараб ўтиришдек ноқулайликлардан қутилгани учун хурсанд. Айниқса, тадбиркорларнинг боши осмонга етган. Бу муболаға эмас,факт!

Мана шу уч йил давомида тарихий ишларни амалга оширдик. Масалан, вилоятдаги 19 туман ва шаҳарнинг 16 тасида бутунлай замонавий кўриниш ва дизайн касб этган Давлат хизматлари марказларининг янги биноларини халқ ихтиёрига топширдик. Қува, Бешариқ, Фурқат туманларида эса айни пайтда марказларнинг қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Анклав, қатнов қийин ва ноқулай, маъмурий марказдан олис бўлган ҳудудларимизда 9 та Давлат хизматлари марказси филиалларини очдик. «Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз», «Сиз келманг, ўзимиз борамиз!» тамойиллари асосида 85 мингдан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматларини кўрсатдик. Уч йил давомида мобил тартибда 3 мингдан ортиқ тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларнинг 2 мингга яқини сайёр хизматлар давомида фаолияти қайта тикланди. Муболағасиз айтиш мумкинки, шу даврга нисбатан давлат хизматчиси - ходимларимиз кириб бормаган маҳалла ва олис ҳудудлар қолмади. Менинг назаримда, бу рақамлар оддий ҳисоб-китоблар эмас. Чунки ҳар бир рақам остида минг-минглаб фуқароларимиз ва тадбиркорларимизнинг тақдири, ҳаёт тарзи мужассам. Тўғриси, халққа манзур хизматлар ватандошларимиз томонидан эътироф этилаётганидан қувонаман ҳам. Уларнинг фикр мулоҳазаларидан, самимий суҳбатларидан Адлия вазирлиги ҳузурида тизимнинг айни вақтида иш бошлаганига амин бўласиз.

Тизимнинг бош мезони — шаффофлик

Инсон бир иллатга ўрганиб қолса, у бора-бора одатга айланади. Одатлар эса ҳар кун такрор бўладиган шартли рефлекс. Шунинг учун, жамоатчиликка нотаниш айрим «ноёб» ҳуқуқбузарликлар ҳақида айтиб ўтишнинг айни вақти! Давлат хизматлари марказлари 40 дан ортиқ ташкилот ва идораларнинг электрон базаларига интеграция қилинган ҳолда ишлайди. Бунда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларига қонунларда белгиланган маъмурий регламентлар асосида хизмат кўрсатилади. Айрим ташкилот ва идораларга тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатларида қоидабузарликлар содир этилгани туфайли аҳолидан шикоятлар тушиши ҳам бор гап.

Хусусан, жорий йилнинг шу даврига нисбатан вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 18 та ўрганиш ҳамда 41 та мониторинг тадбири амалга оширилди. Ўтказилган ўрганишлар давомида жами 1 минг 904 та қонунбузилиш ҳолатл аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 36 та тақдимнома ва 107 та огоҳнома киритилди. 14 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. 122 ҳолатда тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги маъмурий баённома расмийлаштирилиб, бу шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

2020 йилнинг январь — сентябрь ойларида бошқарма иш юритувига жами 359 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган. Шундан 303 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхонаси ҳамда Бош вазир қабулхонаси, 36 таси Агентликнинг ишонч телефони орқали йўлланган аризалар ҳиссасига тўғри келади. Мурожаатларнинг барчасига ўз вақтида қонуний баҳо берилган.

Хорижлик ватандошлар: ДХА ҳақида мулоҳазалар,таклифлар...

Отабек АСҚАРОВ, АҚШ, Флорида, Тампа шаҳри:

— Қўшма штатларда 5 йилдан буён истиқомат қиламан. Шу вақт мобайнида Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жуда катта ўзгаришлар рўй берди, буни биз каби ватандошлар ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боряпмиз. Деярли штатларда кўрсатиладиган хизматлардан фарқи йўқ. Масалан, АҚШда давлат хизматлари бўйича асосий маълумотлар ҳукумат портали — www.usa.gov веб сайтидан олинади. Порталда энг кўп талаб қилинадиган асосий хизматлар рўйхатини топиш мумкин. Мамлакатимизда ҳам худди шу тизим жорий қилинган. Онлайн ёки бевосита мурожаат қилиш мумкин. Пандемия шароитида, айниқса, масофадан мурожаат қилиш тизимининг яратилганлиги фуқароларга қўл келди.  Бу айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Тўғриси, туман ва шаҳар марказларида яратилган имконият ва қулайликлардан ҳайратга тушганимни яширмайман. Қисқа муддатларда бу шароитларнинг жорий қилиниши катта иш деб баҳолайман. Боиси, марказларда тизим учун яратилган имиж, яъни ходимларнинг кийим-бошидан тортиб муомала маданиятигача ўзгарганини кўриб хурсанд бўлдим. Электрон навбат ва соҳа янгиликларини етказиб турувчи мониторлар ҳар бир фуқаронинг диққатини тортади. Болалар майдончаси, тиббиёт хонаси,кафетерийлар ишлаб турибди. Давлат хизматлари марказлари бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган, хорижий андозалар асосида жиҳозланган, замонавий ва барча шароитлар мавжуд биноларда фаолият юритаётгани эътирофга лойиқ.

Ҳусанбой ҒАНИЕВ, АҚШ, Вашингтон шаҳри:

— АҚШда шахсларнинг мурожаати қондирилишига белгиланган тартибда бир неча кунлар талаб қилинган ҳолларда ва шахснинг танловига кўра мурожаатга жавоб почта орқали қондирилади. Масалан, паспорт, SSN(Social Security Number) ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, автоуловларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар почта орқали етказилади. Ўзбекистонда ҳам худди шу хизматлар аллақачон жорий қилинган экан. Демак, Давлат хизматлари марказлари жаҳон тажрибаси асосида ишлаяпти.

Жорий йилнинг апрель ойидан ФҲДЁларнинг ҳам тўлиқ Адлия ҳузуридаги ДХА таркибига ўтказилганлигидан жуда хурсанд бўлдик. Чунки йиллар давомида «бер-бер»лар уясига айланиб қолган бу ташкилотга янгича руҳ ва нафас кирди. Тизимда ислоҳотлар амалга оширилаётир. Кадрлар қайта аттестациядан ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқий билимлари чиғириққа солиняпти,маънавий қиёфаси,имижи шакллантириляпти.

Фурсатдан фойдаланиб бир таклиф билдирмоқчиман! Биринчи таклиф:

Қўшма штатларда бир нечта марказлашган маълумот марказлари ташкил қилинган бўлиб, давлат органлари ва тижорат компаниялари муайян тўлов асосида шу маълумотлар базасидан мурожаат қилувчи шахс ҳақида талаб қилинаётган хизматга алоқадор маълумотларни олишади ёки шахснинг ўзидан шу каби базалардан маълумотни баҳам кўришни сўрашади. Бундай маълумотлар базасига қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: Жисмоний шахсларнинг солиқ декларацияси бўйича йиллик даромади, жисмоний шахсларнинг кредит тарихи, автомобиль ҳайдовчилари маълумотлари маркази, жиноят тарихи, ижарага яшовчилар тарихи ва ҳоказо. Ўзбекистондаги Давлат хизматлари марказлари базасида мана шу хизматларни ёки маълумотлар базасини ҳам тўлов тартибида, қонунчиликка мос равишда ташкил қилиш лозим.

Иккинчи таклиф. АҚШда давлат органлари хизматидан фойдаланиш асосан онлайн амалга оширилади. Бунда ҳар бир орган ўзининг веб-сайти орқали жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар рўйхати ва хизматлар бўйича талаб қилинадиган ҳужжатларни онлайн тўлдириш формаларини ҳавола қилади. Шу билан биргаликда, маҳаллий (хар бир штат,шаҳар,ҳудуд бўйича) орган офисларида ҳам хизматлардан фойдаланиш мумкин, лекин аксарият ҳолларда бирламчи мурожаат онлайн бўлиши қатъий талаб қилинади. Мана шу «Илк мурожаат онлайн бўлиши шарт» тамойилини мамлакатимизда жорий қилиш зарур. Чунки фуқароларни онлайн хизматлардан фойдаланишни мажбурий бўлса ҳам ўргатиш зарур. Чунки бу замон талаби. Россия давлатида онлайн хизматлардан фойдаланиш 70 фоизни, Ўзбекистонда эса бор-йўғи 2-3 фоизни ташкил қилади. Лекин Давлат хизматлари марказлари фаолияти ўтган уч йилда тобора кенгайиб, фуқароларга 140 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатаётгани бу борада ислоҳотлар тобора олға силжиётганига далилдир.

Рақамларда акс этган ҳаёт

Пандемия дунё аҳолисини синовдан ўтказиб турган бир пайтда Давлат хизматлари марказларида тезкор, қулай ва шаффоф тизимни яратишга қаратилган барча шароит вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини берди. Яратилган қулайликлар туфайли фуқаролар кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун масофадан туриб мурожаат қилишга одатландилар.

— 19 та марказимиз томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларга 702 минг 950 та давлат хизматлари кўрсатилган,  — дейди ДХА Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдурашид Юлдашев. — Шундан 26 минг 678 дан ортиғи чекка ва олис ҳудудларга борган ҳолда, имконияти чекланган, ёлғиз ва кекса фуқароларга мобил тартибда ташкил этилди. Шунингдек, пандемия шароитида марказларимиз томонидан аҳоли ўртасида давлат хизматларидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу эса карантин шароитида айни муддао бўлмоқда. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахсларга марказга бориб тўланадиган тўловга нисбатан камроқ тўлаш имконияти, яъни имтиёз бериш орқали қулайликлар яратилганлиги, бундай қулайликлардан самарали фойдаланганда фуқароларимизнинг вақти ҳам, маблағи ҳам тежалиши тушунтирилмоқда. Бу эса аҳоли учун хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширади. Бундан ташқари, бугунги кунда мурожаат қилувчиларнинг ишларини осон, тез ва қулай ҳал этишда инсон омилини имкон қадар камайтириш тақозо этилмоқда. Бунинг учун идоралараро электрон тизим билан ишловчи ташкилотлардаги айрим муаммо ва камчиликларни ҳал этиш лозим.

Бироқ...

Интеграция жараёнларини имкон қадар тезроқ ва мукаммал йўлга қўйишда айрим идора мутасаддиларининг сусткашликка йўл қўяётгани фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, давлат органлари ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланиб, улар юзасидан тегишли таъсир чоралари ҳам қўлланилаётгани айни ҳақиқат. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида биргина субсидия олиш масаласи бўйича аҳолидан келган мурожаатларни масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқишда нақд 3 минг 800 та муддат бузилиши ҳолатлари аниқланган. Ваҳолонки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилиши белгиланган. Шу боисдан, қонунбузилишлар ва уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида масъул ташкилот раҳбарлари номига 24 та тақдимномалар киритилган.

Таъкидлаш лозимки, кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шартларидан бири жамоатчилик назоратининг мавжудлигидир. Шу мақсадда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам самарали ва сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишда замонавий механизмларни амалиётга жорий этиш лозим.

Хулоса ўрнида:

Пандемия шароитида бутун дунё бўйлаб бошланган карантин чекловлари фаолият туридан қатъий назар ҳар қандай кўринишдаги ташкилот ва корхоналарни, халқаро корпорациялар, йирик ишлаб чиқарувчиларни аёвсиз синовдан ўтказмоқда. Уларни янгича фикрлаш ва бутунлай бошқача тартибда ишлашга мажбур қилмоқда. Хаосга тушиб қолган, боши берк кўчада дастурхон ёзган ишбилармонларни ноанъанавий усулларни ишлаб чиқиш, кашф қилиш ва тижоратга жорий қилишга мажбур қилди.Кутилмаганда камчиликлар,ноқисликлар ва муаммолар юзага қалқиб чиқди.

Хусусан,мамлакатимизда ҳам барча соҳалар пандемия шароитига мажбурий-ихтиёрий равишда мослашди. Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам аввалдан жорий қилинган,бироқ, «юриб кетмаётган» онлайн хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёж кескин ортди.Бу янгича ва замонавий тизим ушбу мураккаб шароитда нақадар тўғри танлов ва тўғри ислоҳот эканлигини амалда исботлаб қўйди. Демак, Давлат хизматлари марказларининг жойларда ташкил этилаётгани юксак мақсадлар сари одимлаётган янгича дунёқарашдаги янгича Ўзбекистонга хос ва мос тарзда фаолият кўрсатмоқда. Зеро, халқимизнинг юксак ишончи, эзгу орзу ва умидлари ана шу муҳташам Давлат хизматлари марказларида ўз ифодасини топади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар шўъбаси  етакчи маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?