Тезкор: Россия Украинага ракеталар билан ҳужум қилди

12:04 21 Ноябрь 2024 Дунё
293 0

21 ноябрь куни Россия Украина ҳудудига ракеталар билан ҳужум уюштирди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ракеталар Киев вилояти, Днепр ва Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳарига йўналтирилган. Ҳужумда, эҳтимол, Ту-95 самолётларидан учирилган Х-101 қанотли ракеталари қўлланилган. Бу ҳақда «Инсайдер UA»га таяниб, DW хабар берди.

Украина денгиз кучлари маълумотига кўра, Қора денгизда Россиянинг “Калибр” ракета ташувчи бешта кемаси жойлашган бўлиб, улар 28 та ракетани бир вақтнинг ўзида учиришга қодир эди. Бу вазият бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантиришга асос бўлди. Шунингдек, Киев, Одесса, Днепропетровск, Чернигов ва Донецк вилоятларида электр энергияси хавфсизлик сабабли фавқулодда ўчирилди.

Днепр шаҳридаги ҳужум натижасида саноат корхонасига зарар етказилгани ва икки ёнғин содир бўлгани қайд этилди. Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак саноат объектига етказилган зарарни тасдиқлади. Шунингдек, ҳужумнинг бошқа иқтисодий объектларга таъсири ҳақида маълумотлар олинмоқда.

Украинанинг ғарбий ҳудудлари ва Киевда хавфли вазият бир неча соат ичида бартараф этилди, лекин бошқа ҳудудларда хавф сақланиб қолди. 19 ноябрь куни Украина АҚШнинг розилиги билан АТАКМС ракеталари орқали Россиянинг Брянск вилоятига зарба бергани, Россиянинг жавоб зарбалари кутилиши мумкинлигини кўрсатди. Шу муносабат билан Украинадаги айрим хорижий элчихоналар хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Бу ҳужумлар Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликларни янада кучайтириши кутилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти можаронинг янада кескинлашиши олдини олиш учун чора кўришни давом эттиряпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?