Термизий алломалар мероси — жаҳон олимлари эътиборида

17:27 06 Июль 2022 Жамият
385 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўтказилди. Унда Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Ироқ, Миср, Афғонистон каби давлатлар олимлари ҳамда Ўзбекистондан 30 га яқин таниқли уламолар, уфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анжуман ялпи йиғилишидан сўнг шуъбаларга бўлинган ҳолда Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, ислом хаттотлиги ва қўлёзмалари, Термиз тасаввуф мактаби тарихи мавзуларида маърузалар тингланди.

—  Ислом цивилизацияда ривожида Термизий алломаларнинг алоҳида ўрни бор, — дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шукуролло Умаров. — Марказимиз Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломалар меросларини ўрганиш, татқиқ этиш, улар қолдирган бой илмий, бадиий мероснинг ўзига хос-хусусиятлари, афзалликлари ва мўътадиллиги, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бу борадаги амалий ишларимиз натижасида ўнлаб Термизий алломаларнинг асарлари нашрдан чиқарилди. Жумладан, "Сунананий Термизий шарҳи" уч жилди китобхонлар қўлига етиб борди.

Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизийлар алломалар илмий меросларининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти мавзусидаги халқаро анжуман хорижлик ва маҳаллий иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Илҳом Раҳматов,  "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер