Термизда Республика бахшичилик санъати маркази ва Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди

14:23 23 Январь 2020 Маданият
2063 0

“Халқ сўзи ONLINE”

“Xalq soʻzi ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Бу бахшичилик санъатини сақлаш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳамда шу йўналишда иқтидори бор ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

Бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш;

соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз‒шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

бахши-шоирлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва бошқа таълим муассасалари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш; бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бу соҳани юртимизда ва дунёда кенг тарғиб этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш;

бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, жумладан, турли халқаро анжуманлар ва танловлар, концертлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Термиз шаҳридаги 21-бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернати ташкил этилиб, қўшимча бинолар, 150 ўринли ётоқхона бунёд этилади.

Республика бахшичилик санъати маркази тўғридан-тўғри Маданият вазирлигига бўйсунади. Унинг ҳузуридаги жамғарма эса давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга бўлади. Шунингдек, жамғарма маблағи ҳисобидан “Бахши” журнали нашр қилиниб, ҳар чоракда бир марта ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этилади.

Яқин кунларда янги марказ қурилишига илк тамал тоши қўйилади. Миллий ва замонавий уйғунликни ўзида мужассам этадиган муҳташам Республика бахшичилик санъати маркази биносини қуриб, ишга тушириш учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер