Термизда Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади

18:38 01 Ноябрь 2021 Жамият
398 0

Фото: "Халқ сўзи"

Термиз шаҳридаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган Президент мактабининг очилиш маросимида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Қайд этилганидек, юртимизда ўғил-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариш учун таълим муассасаларида қулай шарт-шароитлар яратилаётгани навқирон авлодга кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.

Термиз шаҳрида бунёд этилган замонавий таълим даргоҳи 168 ўринга мўлжалланган бўлиб, икки қаватли ўқув биноси, ошхона, ётоқхона, спорт зали зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Мазкур Президент мактабига 2021-2022 ўқув йилида ўқиш истагини билдириб онлайн шаклда ҳужжат топширган 9074 нафар талабгорнинг билим ва қобилияти икки босқичда синовдан ўтказилди. Натижада 144 нафар ўқувчи-ёшлар ўқишга қабул қилинди.

Фото: "Халқ сўзи"

— Мактабимизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган ўқув шароитлари яратилган, — дейди Президент мактаби ижрочи директори Ғофур Тоғаев. — Таълим жараёни Cambridge университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар асосида инглиз тилида олиб борилади. Хусусан, ўқувчиларга табиий ва аниқ фанлар, ахборот технологияларига оид фан асослари интеграциялаштирилган ҳолда маҳаллий ва хорижий малакали мутахассислар томонидан ўқитилади. Бу ердаги таълим-тарбия ишларига 12 нафар хорижий, 20 нафар маҳаллий педагоглар жалб этилган.

Президент мактаби очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов қатнашиб, педагогик жамоа ва ўқувчи-ёшларни муборакбод этди.

— Президент мактаби ўқувчиси бўлиш бугунги кунда том маънода юртимиз ёшлари қалбидаги орзу-ҳавасга айланиб улгурди. Сурхон воҳасида яшовчи 9 минг нафардан ошиқ ёшлар мазкур таълим даргоҳида ўқишга талабгор бўлгани ҳам шундан далолат бермоқда. Имтиҳонлар натижасида энг билимли, юқори интеллектуал салоҳиятга эга 144 нафар ўғил-қиз мана шу бахтга муяссар бўлишди. Ўз олдига аниқ мақсадларни қўйиб, ўқиб-ўрганган бу ёшлардан, албатта, умидимиз катта! Зероки, Янги Ўзбекистоннинг юксак тараққиётини таъминлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ёшларимиз ҳал қилувчи ўрин тутиши муқаррар, — деди вилоят раҳбари.

Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?