Термизда кураш мусобақаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ ("Халқ сўзи")
Алпомишлар юрти — Сурхондарё йирик халқаро турнирга мезбонлик қилмоқда. Бугун куннинг биринчи ярмида Термиз халқаро аэропортида мусобақа қатнашчилари тантанали тарзда кутиб олинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир олдидан Термиз шаҳридаги Матбуот уйи биносида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Туризм ва спорт вазирлиги, Халқаро кураш федерацияси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси раҳбарлари, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги масъуллари, спортчи ва мураббийлар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ОАВ ходимлари, блогерлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан бу йил ўн бешинчи маротаба ташкил этилаётган Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий турнир ўзбек курашининг нуфузи ва оммавийлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, 1998 йилда Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган Таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциациясига (IKA) асос солинганди. Ўтган йиллар давомида ўзбек кураш халқаро спорт тури сифатида расман эътироф этилиб, курраи заминнинг 5 қитъасидаги 1З0 дан ошиқ давлатларда кураш федерациялари фаолият олиб бормоқда.
— Ўзбек курашининг жаҳонга юз тутишида 1993 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг аҳамияти беқиёс, — дейди замонавий кураш қоидалари асосчиси, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов. — Ўтган давр мобайнида мазкур нуфузли мусобақа кўплаб машҳур полвонларни кашф этиб, умидли спортчиларни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилди. Кураш Осиё ўйинлари қаторига қўшилгани бизга айниқса, катта ғурур ва ифтихор бахш этади. Келгусида кураш ва миллий қадриятларимизни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида Лондон, Париж, Афина, Истанбул ва Теҳрон каби дунёнинг йирик шаҳарларида ҳам кураш бўйича нуфузли мусобақаларни ташкил этиш ниятидамиз. Энг катта мақсадимиз ўзбек курашини 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан жой олишига эришиш.

Матбуот анжуманида маълум қилишича, бугун шунингдек, «Сурхон» меҳмонхонасида вазн ўлчаш ва расмий қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Анъанавий XV халқаро турнирнинг асосий тадбирлар эртага Ал-Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида эҳсон оши билан бошланди. Кун давомида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Султон Саодат, Кокилдор ота зиёратгоҳлари, шунингдек, Қоратепа, Файзтепа сингари қадимий обидаларга саёҳатлар уюштирилади.
Турнир мусобақалари эртага, куннинг иккинчи ярмида старт олади. Унда Эркаклар 81, 90 кг вазн тоифасида, аёллар 48, 57, 63, 70 кг.вазн тоифасида беллашади. Турнирнинг расмий очилиш маросими 10 апрель соат 18:00 да Термиз шаҳридаги «Алпомиш» ўйингоҳида бошланади.

Эслатиб ўтамиз, мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига сазовор бўлади. Иккинчи ўрин соҳиби 5 минг, иккита учинчи ўриндан жой олган полвонлар 3 минг 500 АҚШ долларидан мукофотланади.
Илҳом Раҳматов,
Ҳасан Пайдоев (суратлар),
«Халқ сўз» мухбирлари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг