Термизда иккита оилавий поликлиника ишга тушди

12:33 10 Март 2021 Жамият
449 0

Куни кеча Термиз шаҳрида бир йўла иккита оилавий поликлиника ишга туширилди. Янги оилавий поликлиникаларнинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Янги тиббий иншоотларни қуриш ва мавжудларини таъмирлаб, жиҳозлашга эътибор кучайтирилганини алоҳида қайд этди.

«Бўкаагроқурилиш» масъулияти чекланган жамияти бунёд этган биринчи ва тўртинчи оилавий поликлиникаларда ҳам барча замонавий шароитлар яратилган. Зарур ахборот технология воситалари, тиббий техникалар билан таъминланган. Стерилизация ва УТТ аппаратлари билан жиҳозланган. Эмлаш хоналарида “COVID-19» га қарши эмлаш пунктлари барпо этилиб, вакцинани сифатли сақлаш ва ишлатиш учун музлаткич ва бошқа замонавий жиҳозлар ўрнатилган.

Биринчи оилавий поликлиникада 12 нафар малакали шифокор, 36 нафар ўрта тиббиёт ва бошқа ходимлар меҳнат қилиб, вилоят марказидаги «Боғишамол», «Гулистон», «Мехрабод», «Тупроққўрғон», «Сурхон соҳили», «Гулираъно», «Мангузар» ва «Чегара» маҳаллаларида яшайдиган 44 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Маҳаллалар аҳолиси учун қулай ҳудудда қад ростлаган оилавий поликлиника ҳозиргача Термиз шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси биносида фаолият юритиб келди. Бу аксарият аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қатор ноқулайликларни юзага келтираётган эди. Янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши билан бу масала ўз ечимини топди.

Шодлик маҳалласи ҳудудида барпо этилган тўртинчи оилавий поликлиникада 10 нафар етук шифокор, 52 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритиб, 3-оилавий поликлиника биносида «Боғзор», «Саховат», «Шодлик», «Эски шаҳар», «А.Жомий», «Маърифат» маҳаллаларида яшайдиган 31 мингга яқин фуқарога тиббий хизмат кўрсатаётган эди. Байрам арафасида янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши уларга бир олам қувонч улашди.

Тантанали маросимлар якунида тадбир иштирокчилари оилавий поликлиникаларда мавжуд шароитлар билан танишди. Электрон поликлиника тизимида ишлаш жараёнлари билан қизиқди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?