Термизда «Ҳамдўстлик – 2022» ўқув машғулотларида бўлиб ўтмоқда

12:28 05 Август 2022 Жамият
396 0

Фото: Халқ сўзи

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳарбий йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокидаги ўқув-машғулот йиғинлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бу галги «Ҳамдўстлик - 2022» ўқув-машғулоти Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Термиз дала-ўқув майдонида бўлиб ўтмоқда.

Тожикистон Республикаси ҳарбий делегацияси «Сариосиё» чегара назорат-ўтказиш пунктида тантанали кутиб олинди. Улар Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлаштирилди ва машғулотларни ўтказиш бўйича ўзбек ва тожик офицерлари иштирокида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

«Ҳамдўстлик – 2022» биргаликдаги ўқувининг тантанали очилиш маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони, генерал-майор Зайнобиддин Иминов ҳамда Тожикистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-майор Эгамзод Шароф Худойберди қатнашиб, бундай тадбирнинг ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ҳарбий-тактик машғулотларни ўтказиш орқали ҳарбий хизматчилар билим ва кўникмалари, жанговар шайлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида сўзладилар.

Шундан сўнг икки давлат мадҳияси садолари остида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат байроқлари кўтарилди. «Ҳамдўстлик – 2022» ўқувига жалб этилган ҳарбийлар ҳарбий оркестр садолари остида саф майдонидан шахдам ўтишди.

Термиз дала-ўқув майдонида машғулотларнинг дастлабки кунида тўсиқлар йўлагидан ўтиш ҳамда икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг маълум қилишича, «Ҳамдўстлик –2022» ўқув машғулотлари ўн кун давом этади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер