Термизда бахши, оқин ва жировлар фестивали бўлиб ўтди

15:23 31 Октябр 2022 Жамият
411 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 27-30 октябрь кунлари Термиз шаҳридаги Санъат саройида Республика бахши, оқин ва жировлар фестивали бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан келган бахши, оқин ва жировлар, фольклоршунос олимлар, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бахшилик санъати ихлосмандлари иштирок этди.

Таъкидлангидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида мамлакатимизда бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, унинг ўлмас анъаналарини янада ривожлантириш, халқ оғзаки ижоди намнуларини халқаро миқёсда кенг намойиш этишга юксак даражада эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги «Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори биноан Термиз шаҳрида янги бахшилар мактаби, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик синфлари ташкил этилди. Халқаро ЮНEСКО ташкилоти кўмагида 2019 йилда Термиз шаҳрида биринчи, 2021 йилда Нукус шаҳрида иккинчи халқаро бахшичилик санъати фестиваллари ўтказилди. Ўтган йили бахшичилик санъати Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Айни пайтда юз томлик «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» мажмуаси нашр этилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган 250 нафардан ортиқ соҳа вакиллари орасида 26 нафарга яқини «Ўзбекистон халқ бахшиси» ва «Қорақалпоғистон халқ бахшиси» унвонлари, 1 нафари «Дўстлик ордени», 11 нафари «Шуҳрат» медали, 7 нафари «Ниҳол» мукофоти, 2 нафари «Келажак бунёдкори» эсдалик нишони билан тақдирланган.

Ўзбек халқ достонлари аждодларимизнинг узоқ ўтмиши, маданий ҳаёти ва миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, бу ўлмас, номоддий маданий меросимиз бугунги кунда ҳам юксак қадрланмоқда. Бахшичилик санъатининг сержило ижро намуналари тингловчига катта завқ-шавқ бағишлаши билан бирга кишиларни яхшиликка чорловчи, маърифат тарқатувчи, ёш авлод қалбида эзгу фазилатларни уйғотувчи маънавий тарғибот манбаи вазифасини ўтаб келаётир. Мазкур фестивалда ҳам иштирокчилар томонидан халқ оғзаки ижодининг нодир намуналари - достон ва тармалар зўр маҳорат билан ижро этилди.

— Юртимиздаги ҳар бир бахшичилик мактабининг ўз йўли, ифода йўсини, маҳаллий шевадан келиб чиққан ҳолда сўз бойликлари халқ эртаклари, достонларида мужассамланган. Масалан, мамлакатимиздаги ҳозирги Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидаги бахшичилик мактаблари бевосита бир-биридан фарқ қилади. Жумладан, «Гўрўғли», «Алпомиш» туркумидаги достонлар ҳар бир бахшичилик мактабида ўзига хос тарзда сўйланган ва куйланган. Хусусан, «Гўрўғли» туркумидаги қирқдан ортиқ , «Алпомиш» туркумига кирувчи ўнлаб достонлар мавжуд. Ана шу ўлмас меросимизни асраб-авайлаш, халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларимизни изчил ривожлантириш, бахшичилик санъатини кенг тарғиб қилишда бундай фестивалларнинг ўрни ва аҳамияти жуда ҳам муҳим, — дейди Ўзбекистон давлат ва санъат институти профессори Ўрозали Тошматов.

Бахши, оқин ва жировлар республика танловида умумжамоа ҳисобида олий ўрин Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига насиб этди. Биринчи ўринни Сурхондарё вилояти, иккинчи ўринни Хоразм вилояти ва учинчи ўринни Қашқадарё вилояти жамоаси қўлга киритди. Танловнинг яккахон йўналишида биринчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси вакили Азамат Элмуратов, қашқадарёлик Зиёдулла Ахмедов, сурхондарёлик Равшан Маматмуродовларга насиб этди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳридан Расулбек Абдураҳмонов, сурхондарёлик Зулхумор Шерназарова ва қорақалпоғистонлик Сафаргул Баширова эгаллади. Учинчи ўринга хоразмлик Химоят Сариев, қашқадарёлик Муҳаммади Даминов, қорақалпоғистонлик Улдавлет Серсенбаева, сурхондарёлик Хамза Холбоев муносиб кўрилди.

Ғолиблар диплом, фестиваль статуэткаси ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Фестиваль якунида шунингдек, «Энг яхши достон ижрочиси»,  «Энг яхши терма ижрочиси», «Ёш достон ижрочиси», «Энг яхши жиров ижроси» каби йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, мукофотланди.

Илҳом Раҳматов,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер