Термиз давлат университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди

16:40 14 Сентябр 2022 Жамият
630 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз давлат университети Ахборот технологиялар факультетининг 1850 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов университет ўқитувчи ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинлари, шу жумладан, олий таълим муассасалари фаолиятини янада яхшилаш, илғор ўқитиш усулларини амалиётга жорий қилиш, шунинг пировардида малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлашга доир амалий саъй-ҳаракатлар ўзининг самарасини бераётир.

Бундай ижобий ютуқ ва натижаларни Термиз давлат университети фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, бугунги кунда мазкур университетда 14 та факультет, 43 та кафедра мавжуд бўлиб, 700 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар 25 минг нафар ортиқ талабаларга таҳсил бериб келмоқда. Илмий даражага эга педагоглар 203 нафарни ташкил этади. Университетда 65 та бакалавриат таълим йўналиши, 37 та магистратура мутахассислиги, 21 та ихтисосликлари бўйича олий таълимдан кейинги таълим ташкил этилган. Таълим кундузги, сиртқи, кечки, масофавий шаклда олиб борилмоқда.

1850 ўринли бинода 51 та ўқув аудиторияси, 8 та компьютер хонаси, 1 та кутубхона, 3 та 100 нафар талабани сиғдира оладиган маъруза зали, 1 та кенгаш ўтказиладиган зал, 9 та лаборатория ҳамда маъмурий хоналар мавжуд. Барча компьютерлар интернет тармоғига уланган, Wи-Фи зоналари ташкил қилинган. Ҳар бир аудитория смарт доска билан таъминланган. Талабаларнинг замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилган.

Янги бинода Ахборот технологиялари факультети, Физика-математика факультети ва магистратура босқичи талабаларига ўқув машғулотлар олиб борилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 августдаги фармойишига биноан Термиз давлат университети Ахборот технологиялари факультетининг ўқув биносини қуришга киришилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?