Тендер якунланди: Рабат, Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСлари қурилиши учун бош пудратчи аниқланди

18:20 22 Июнь 2021 Иқтисодиёт
549 0

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 августдаги “Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 497-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида “барқарор гидроэнергетика” лойиҳаси доирасида Оқсу дарёсида Рабат, Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСлари қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш учун 25 йил муддатга 60,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланган.

Мазкур ГЭСлар қурилишига жалб этилган кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки тартиб-таомилларига асосан “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида Бош пудратчини аниқлаш учун халқаро очиқ ва шаффоф тендер савдолари ўтказилди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, тендер савдолари натижаларига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитой Халқ Республикасининг “CHINA NATIONAL ELECTRIC ENGINEERING CO., LTD” давлат корхонаси ўртасида умумий қиймати 54 млн. АҚШ доллари миқдоридаги “Оқсу дарёсида Рабат, Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСлари қурилиши” инвестиция лойиҳаси бўйича 2021 йил 18 июндаги UGE/PC-001 сонли “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида шартнома имзоланди.

Мазкур шартнома шартларига асосан, ушбу янги ГЭСларни қуриб фойдаланишга топшириш муддати – 3 йил этиб белгиланган.

Янги ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади. Хусусан, Рабат ГЭС – 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭС – 7,5 МВт, Тамшуш ГЭС – 10,3 МВт.

Ушбу истиқболли лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида, қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан ўртача йиллик 97,5 млн. кВт.соат экологик тоза электр энергия ишлаб чиқарилади.

Лойиҳани амалга ошириш даврида 500 дан ортиқ ишчи-хизматчилар иш билан таъминланади. Лойиҳа якунида, мазкур ГЭСларда доимий меҳнат қилиш учун 50 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари, йилига 29,3 млн. куб метр табиий газнинг иқтисод қилинишига эришилади. Бу эса, 90,0 мингга яқин хонадоннинг электр энергия билан таъминланишига замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?