Текширувчи эмас, кўмаклашувчи орган сифатида намоён бўлмоқда

09:02 31 Август 2021 Жамият
520 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Қабул қилинган ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси прокуратура органлари ходимлари назоратида. Бу юртимизда қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсати даражасига чиққанидан дарак беради.

Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси ҳам 2-сектор эътиборида, десак, муболаға эмас.

Ушбу ҳужжатлар асосида Оқолтин тумани 2-сектор ҳудудида “темир дафтар”га 493 нафар аъзоси бўлган 461 та эҳтиёжманд оила киритилган бўлиб, бугунги кунгача ушбу оилаларнинг 461 таси ёки 93,5 фоизи камбағалликдан чиқарилди.

Сектор раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу эҳтиёжманд оилаларга 52 млн. сўмлик озиқ-овқат, 1 млн. сўмлик дори-дармон, 2 млн. сўмлик нақд пул ва 141 млн. сўмлик 100 бош чорва моллари етказиб берилди.  Шу билан бирга, камбағал оилалардаги меҳнатга лаёқатли 473 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, Президентимизнинг жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини мутлақо янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, 18-30 ёшгача бўлган эркак ва хотин-қизлар “ёшлар дафтари”га, 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар “аёллар дафтари”га киритилиши ва “аёллар дафтари”нинг юритилиши бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳамда жойларда барча сектор раҳбарлари масъуллиги белгиланди.

“Аёллар дафтари” бўйича хатлов ўтказилиб, хатлов натижаси бўйича 362 нафар 30 ёшдан юқори хотин-қизлар “аёллар дафтари”га киритилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 221 нафарининг бандлиги таъминланди.

Жорий йилнинг 30 июнига қадар кўрилган чоралар ва амалий ёрдамлар натижасида “аёллар дафтари”дан 313 нафари дафтардан чиқарилган бўлса, қолган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор хотин-қизларга доимий кўмак бериб келинмоқда.

Худди шундай “ёшлар дафтари” бўйича хатлов ўтказилиб, натижаси бўйича 321 нафари “ёшлар дафтари”га киритилди. Меҳнатга лаёқатли ишсиз юрган ёшларнинг 615 нафари ишга жойлаштирилди. 45 нафари 1+1 дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди. 214 нафар ёшга “Ҳар бир ёшга — бир гектар” лойиҳаси асосида ер ажратилди. 

Албатта, ер ажратилдими, бўлди, деган гап йўқ. 2-сектор масъуллари ана шу ажратилган ерлардан, кредитлардан унумли фойдаланилишини ҳам эътибордан қочиргани йўқ.

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб янгидан “аёллар дафтари” бўйича “baza.rmk.uz” ва “ёшлар дафтари” бўйича “daftar.mehnat.uz” платформасига ишга туширилди. Топшириққа асосан, жорий йилнинг 13 — 17 август кунлари
2-сектордаги мавжуд 3 та МФЙда “хонадонбай” хатлов ўтказилиб, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилалар, аёллар ва ёшлар аниқланиб, уларнинг тегишли “дафтарлар”га киритилиши таъминланди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қуввталаш сектор масъулларининг доимий эътиборида.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларининг таъминланиши бугунги кунда жуда муҳим. Шу боис прокуратура ходимлари уларни текширувчи эмас, балки кўмаклашувчи орган сифатида ўзларини намоён этишяпти.

Тумандаги “Baxodir o'g'li doniyor" МЧЖнинг туяқушчиликни ташкил этиш лойиҳаси тегишли дастурга киритилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 200 млн. сўмни ташкил этади. Шундан, банк кредити 120 млн. сўм, ўз маблағи 80 млн. сўмни ташкил қилгани ҳолда, лойиҳа уч йил аввал ишга туширилган. Озуқа экинлари учун 13,5 гектар ер майдони ажратиб берилган. Бугунги кунда ушбу корхонага туман прокуратураси томонидан барча зарур ёрдамлар кўрсатиб келиняпти.

Шунингдек, “New level shoes” оилавий корхонаси таъсисчиси Ё.Мавлоновга ҳам 2 сектор доим кўмак бериб келаётир. Тадбиркор 2019 йилда Оқолтин туманидаги “Янги Давр” МФЙда бўш турган собиқ “биолоборатория” биносини ижара шартномаси асосида олиб иш бошлаганди. Ҳозирги кунда 20 ишчи ўринли пойабзал фабрикасини ташкил этган.

Бугунги кунда ушбу корхонанинг заруратига кўра субсидия ва грантлар ажратиш, ишсиз фуқароларни касбга қайта тайёрлаш масалалари ўзаро ҳамкорликда ҳал этилмоқда.

Умуман олганда, иккинчи сектор томонидан амалга оширилаётган ишларнинг барчаси одамлар турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, маҳаллаларни ободонлаштириш каби эзгу саъй-ҳаракатларга қаратилган. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.

 

“Халқ сўзи”.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер