"Technoways” технологик ривожланиш марафонига старт берилди

11:29 18 Сентябр 2020 Ҳужжатлар
323 0

17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан “Technoways” технологик ривожланиш марафонига старт берилди. Мазкур тадбир икки ҳафта давом этади ва олий таълим муассасалари талабалари бўлмиш илмга чанқоқ иқтидорли ёшларини инновация, стартап, технология, дастурлаш бўйича билимларни ошириш, лойиҳалар яратиш ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

"TECHNOWAYS" технологик ривожланиш марафони иштирокчилари «Робототехника» “3D прототиплаштириш” «Интернет буюмлари» «Маркетинг» “IТ” “Gamedevelop” йўналишлари бўйича 6 та замонавий лабораториянинг техник имкониятларидан фойдаланиб, онлайн ҳамда амалий тарзда инновацион лойиҳалар яратишга қаратилган билим ва кўникмалар оладилар.

"TECHNOWAYS технологик ривожланиш марафони"нинг тантанали очилиш маросимини очиб берган Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов онлайн танлов натижаларига кўра мазкур тадбирда иштирок этиш шарафига муяссар бўлган ёшларни қутлади.

– Марафонимизнинг мақсади бозорга тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган янги ёки такомиллашган маҳсулот ва хизматларни чиқаришдир, – деди А. Собирхонов. – Дастуримизнинг ўқув-амалий қисми ўн тўрт кунга мўлжалланган, лекин ёшлар бир йил давомида ўзларига белгиланган менторлар билан маслаҳатлашиш, улардан беғараз ёрдам олиб туришлари мумкин. TECHNOWAYS технологик ривожланиш марафони сертификат олиш учун эмас, балки инновацион лойиҳаларни яратиш учун билим ва кўникмаларга эга бўлиш мақсадида ташкил этилганини алоҳида қайд этмоқчиман.

Марафон давомида иштирокчилар тегишли йўналишлар бўйича гуруҳларга тақсимланади. Мазкур гуруҳларга Инновацион ишланмалар жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда тегишли соҳа мутахассисларидан иборат мураббийлар тайинланади. Иштирокчилар ўзлари танланган йўналишлари бўйича умумий интерактив семинар-тренинглар, тақдимот машғулотларида иштирок этадилар.

Мазкур гуруҳлар томонидан яратилган лойиҳалар саралаб олиниб, лойиҳа муаллифлари Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази резидентлигига қабул қилинади. Тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга бизнес-фаришталар ва инвесторлар жалб қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?