ТДЮУда “Huquqiy shahar” мобил иловаси яратилди

16:21 08 Октябр 2020 Жамият
229 0

Тошкент давлат юридик университетида «Ҳуқуқингиз бор» лойиҳасининг тақдимотига бағишланган тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ОТМнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берди.

Бугунги кунда Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ТДЮУда кўплаб инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган мазкур лойиҳа ҳам мазкур йўлдаги саъй-ҳаракатлардан биридир.

Янги лойиҳа доирасида кундалик ҳаётимизда дуч келишимиз мумкин бўлган долзарб ва қизиқарли мавзуларда ҳуқуқий-оммабоп рисолалар нашр этиш ҳамда уларни халқимиз, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига етказиш кўзда тутилган.

Мазкур рисолаларда аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда юзага келган муаммоли вазиятларни ижобий ҳал этиш борасида малакали юридик маслаҳатлар бериш, аёлларнинг тазйиқлардан ҳимояланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини тушунтириш ва ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, жойлардаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш соҳасида ҳаётий вазиятни ўрганган ҳолда юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг уйғунлигини таъминлаш борасида зарур тавсия ва кўрсатмалар берилади.

Айни пайтда ушбу йўналишда ТДЮУнинг етакчи мутахассислари, профессор-ўқитувчилари, шунингдек ёш олимлар томонидан тайёрланган 20 та илк рисолалар тўплами нашр этилди.

Ушбу рисолалар ер олиш, бола учун алимент ундириш, зўравонликдан ҳимояланиш, йўл ҳаракатида қатнашиш, мерос олиш, хорижда ишлаш ва бошқалар каби ҳаётимизнинг турли жабҳаларида учрайдиган муаммоли вазиятларни қамраб олган. Рисолалар босма ва электрон тарзда бепул тарқатилади.

Университет рисолаларнинг электрон нусхаларини тарқатиш учун “Huquqiy Shahar”  веб-платформасидан фойдаланади. Айни пайтда мазкур платформанинг веб-сайти ва мобил иловаси яратилган.

Эслатиб ўтамиз, “Huquqiy Shahar” мобил иловаси Android ва iOS операцион тизимлари учун мўлжалланган бўлиб, фойдаланувчилар учун рисолаларнинг электрон шаклларини олиш имконини беради. Айни пайтда мобил илованинг сўнги текшириш босқичлари якунланмоқда ва у яқин кунларда фойдаланувчиларга тақдим этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?