ТДПУда «Ҳамжиҳатлик формуласи» халқаро математика олимпиадаси ўтказилди

12:17 05 Апрель 2021 Жамият
524 0

Яқинда иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор миллий ва хорижий тажрибаларни оммалаштириш мақсадида умумий ўрта мактаблари ва академик лицей ўқувчилари учун «Ҳамжиҳатлик формуласи/Учинчи мингйиллик» халқаро математика олимпиадасининг якуний босқичи ташкил этилди.

Олимпиаданинг якуний (финал) босқичи Леонард Эйлер номидаги математикани қўллаш-қувватлаш Халқаро жамғармасининг расмий мурожаати асосида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ташкил қилиниб, унда Ўзбекистон Республикаси вакилларининг иштироки таъминланди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур олимпиадада бутун дунёдан энг иқтидорли 5-11-синф ўқувчилари бепул қатнашиши мумкин. Бу Россия Федерациясининг таълим вазирлиги томонидан энг нуфузли олимпиадалар рўйхатидан жой олган бўлиб, олимпиада ғолиблари РФ ОТМларига киришда имтиёзга эга.

Олимпиада Санкт-Петербург политехника университети ректори ва «Ҳамжиҳатлик формуласи/Учинчи мингйиллик» халқаро математика олимпиадасининг ташкилий қўмитаси раиси томонидан тасдиқланган Низоми ва регламент талаблари асосида ташкил этилди.

Олимпиадада 32 нафар энг иқтидорли ўзбекистонлик ўқувчи қатнашди. Олимпиаданинг финал босқичи қатнашчилари орасида халқаро математика олимпиадаси (IMO) ва халқаро математика мусобақасида (IMC) иштирок этган терма жамоа аъзолари ҳам бор.

Мусобақа 2 та босқичдан иборат. Биринчи саралаш босқичи масофавий шаклда ўтказилади. Якуний (финал) босқичи ҳудудий майдончаларда ташкил этилди. Бу йили олимпиаданинг саралаш босқичида 30 та давлатдан 5000 га яқин ўқувчилар қатнашиб, энг юқори балл олганлари якуний босқичга таклиф қилинган.

Ҳар босқичда 6 тадан масала тақдим этилди. Ҳар бир масала максимал 7 балл (жами 42 балл) билан баҳоланади. Масалалар мураккаблиги даражаси юқори бўлиб, улар алгебра, сонлар назарияси, геометрия, комбинаторика бўлимларига мансубдир.

Олимпиаданинг расмий тили — бу инглиз ва рус тиллари. Ташкилий қўмита томонидан тайёрланган назорат материаллари ва баҳолаш мезонлари барча маҳаллий координаторларга ўзларининг давлат тилларига таржима қилиш учун тақдим этилди.

Ушбу халқаро олимпиада биринчи марта 2001 йилда ўтказилган. Ўзбекистон ўқувчилари илк марта 2016 йили қатнашган. Шу даврда бир нечта кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. Олимпиада халқаро математика олимпиадаси ва халқаро математика мусобақасига (IMC) саралашда ва тайёрлашда муҳим роль ўйнайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?