Ташвиш ва қувонч орасидаги лаҳзалар

21:52 06 Июнь 2022 Жамият
446 0

Фото: Халқ сўзи

Одамларни рози қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга қулоқ тутиш, ечимини топиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланди. Энг муҳими, ушбу масалада янги механизм яратилиб, фуқароларни кутиб ўтирмасдан, уларнинг ҳузурига бориш, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш кўлами кенгаймоқда. Зеро, сўзи қадр топган инсон ҳаётдан рози бўлиб, унинг заҳматидан ўзи ҳам, жамият ҳам барака топади.

«Қабуллар уч ойлиги» доирасида Президент Администрацияси ташаббуси билан Навоий вилоятида ўтказилган оммавий мулоқот айни шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Уч кун мобайнида уч ҳудудда ўтказилган мазкур мулоқотларда Олий суд, Судьялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар, Олий ва ўрта махсус вазирликлари каби ўттизга яқин вазирлик ва идоралар, қўмиталар ҳамда молия муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

«Инсон қадри учун» ғояси асосидаги бу мулоқотларда Зарафшон шаҳрининг Тинчлик маҳалласида Томди, Учқудуқ туманлари ва Зарафшон шаҳри, Навбаҳор туманининг «Кескантерак» маҳалласида Нурота, Хатирчи, Конимех, Навбаҳор ва Қизилтепа туманлари ҳамда Ғозғон шаҳри, Кармана туманининг «Зарафшон» маҳалласида Кармана тумани ва Навоий шаҳридан фуқароларнинг 1 минг 713 та мурожаати кўриб чиқилди ҳамда уларнинг 743 таси жойида ҳал қилинди. 306 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилиб, 664 таси бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.

Кечиримлилик ҳам адолат

Сайёр қабулларда Олий суд ва Судьялар олий кенгаши масъуллари томонидан фуқароларнинг 67 та мурожаати кўриб чиқилиб, уларнинг 32 тасини жойида ҳал қилди. Мурожаатлар асосида ташкил қилинган сайёр суд мажлисларида жиноят ишлари бўйича Кармана, Томди, туманлари, Зарафшон шаҳар судлари томонидан 9 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди, 9 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилди.

Хусусан, Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Боймурод Тўрақуловнинг ўғли банк соҳасида фаолият юритиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни 95 миллион сўм миқдоридаги мулкни талон-тарож қилиш жиноятида айбланувчи сифатида унга нисбатан қамоққа олиш чораси қўлланилган. Сайёр қабулда ота эҳтиёт чораси бекор қилинса, ўғлида мазкур зарарни қоплаш имкони бўлишини сўраб мурожаат этди. Мурожаат Олий суд мутасаддилари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

«Зарафшон голден групп» корхонаси ҳуқуқшуноси Фаррух Халилов эса Олий суд судьяларига мазкур тадбиркорлик субъекти манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат қилди. Суд ҳукмига кўра ушбу корхонага 5 миллион сўм молиявий жарима қўлланилган. Бироқ прокурор протестида бу сумма 350 миллион этиб белгиланиши келтирилган. Сайёр қабулда ҳуқуқшунос суднинг биринчи ҳукми ўз кучида қолдиришни сўраб қилган мурожаати апелляция тартибида кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Аёл – назокат тимсоли

Республика Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова бошчилигидаги ишчи гуруҳи фуқароларнинг тергов-суриштирув, суд қарорлари ижроси, тадбиркорлик, кредит ажратиш ва ишга жойлашиш каби масалаларга оид 131 та мурожаатини тинглаб, 43 тасини жойида ҳал қилди.

Хусусан, навбаҳорлик Зиёдулло Камоловга юрак хасталигидан даволаниши учун бепул йўлланма берилиб, 20 нафардан зиёд хотин-қизлар Навбаҳор ҳамда Кармана туманларида жойлашган «Қоражон текстиль», «Жалойир» тикувчилик корхоналарига ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, мулоқотлар натижасида ажрашиш ёқасига келиб қолган бир неча оила яраштирилиб, рўзғордаги муаммолар таҳлил этилди. Мисол учун, Умарали Яхшиев ҳам турмуш ўртоғи билан яраштирилгач, унга барқарор даромад топиши учун кредит маблағи ажратилди, уй бекаси ҳам доимий иш билан таъминланди. Карманалик Санобар Раҳмонованинг ҳам ажрашишга олиб бораётган оилавий муаммоларига шу тахлит барҳам берилди.

— Аёл – назокат тимсоли, — деди ярашаётган оила вакилларига қарата Светлана Ортиқова. — Шуни ҳеч қачон унутманглар. Унутилдими, қурилган оила қўрғонида дарз кетади. Ҳақ-ҳуқуқларингиз, оилаларингиз манфаати доимо давлатимиз эътиборида бўлади.

Мазкур сўзлар тасдиғини навбаҳорлик Гулмира Эргашева тақдири ва мурожаати мисолида ҳам кўриш мумкин. У турмуш ўртоғи билан ажрашгач, фарзандлари билан уй-жойсиз қолган эди. Г. Эргашеванинг мурожаати асосида МИБ Навбаҳор туман бўлими томонидан собиқ турмуш ўртоғининг уйига киритиш масаласи ижобий ҳал этилди.

Ҳечдан кўра кеч яхши

Ички ишлар вазирлиги масъуллари оммавий қабулларда навоийликларнинг 144 та масаласини кўриб чиқиб, уларнинг 61 тасини жойида ҳал қилди. Мисол учун, зарафшонлик 21 ёшли Жонибек Ярашевнинг ички ишлар органлари соҳасида ишлаш истаги қаноатлантирилиб, у Зарафшон шаҳридаги «Олтин водий» маҳалласи профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинди.

Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Мария Симонинкова эса спортнинг триатлон тури билан шуғулланиб, кўплаб халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган. У Ички ишлар вазирлигининг Навоий академик лицейига ҳужжат топширмоқчи эди, бироқ муайян сабабларга кўра улгурмади. Сайёр қабулда Ички ишлар вазирлиги масъуллари сабабларни ўрганиб, лицейга ҳужжатларини топширишга рухсат берди.

Кармана туманининг «Арғун»маҳалласида истиқомат қилувчи Суръат Асадов олти ой илгари содир этган йўл-транспорт ҳодисаси туфайли суд ҳукмига кўра ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиб, пробация ҳисобига олинган эди. У ҳам сайёр қабулда оилавий аҳволи қийинлиги ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш, пробация ҳисобидан чиқаришни сўраб мурожаат қилди. Мазкур масала суд органларига тақдимнома киритиш орқали ижобий ечимини топадиган бўлди.

Нурота туман ички ишлар бўлимида фаолият юритган Нодир Жўраевнинг 2013 йилда ишдан ноҳақ бўшатилганини билдириб, ишга тиклаш масаласида йўллаган мурожаати ҳам яхшилик билан якун топди.

Кредит ажратилди

Сир эмас, сўнгги пайтларда фуқаролар, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ идоралари ўртасида қўшимча қиймат солиғи масаласида турли низо ва келишмовчиликлар юзага келмоқда. Яна ҳам аниқроғи, бу борадаги муаммоларни бартараф этишда солиқ идораларининг маҳаллий мутасаддиларида анчайин масъулиятни зиммага олиш ҳисси етишмаяпти. Зарафшонлик Баҳодир Каримовни оммавий қабулга бошлаб келган сабаб ҳам шу эди аслида.

Давлат солиқ қўмитаси масъуллари билан мулоқотдан сўнг зарафшонлик тадбиркорнинг қўшимча қиймат солиғи ва бошқа солиқ тўловлари билан боғлиқ муаммоси ўз ечимини топди.

Навоий шаҳридаги «Тинчлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Норбиби Шаропова эса ўғлини солиқ соҳасига ишга жойлаштириш ва келини ҳам ишсиз эканлигини таъкидлаб, мутасаддилардан кўмак сўради. Унинг бу икки масаласи ҳам ижобий ҳал этилиб, қабул жараёнида Норбиби аянинг келинига субсидия асосида тикув машинаси тақдим қилинди.

Оммавий қабулда тадбиркорларнинг молия-кредит масалаларидаги мурожаатлари Марказий банк раҳбарияти томонидан тингланиб, уларнинг сансалорликларига барҳам берилди. Хусусан, Холмурод Ҳайитов тадбиркор сифатида 3-4 киши бандлигини таъминлаган. Бироқ корхонасини кенгайтириш мақсадида тижорат банкидан сўраган кредити шу вақтга қадар пайсалга солиб келинган. Тадбиркорнинг лойиҳаси билан танишган Марказий банк мутасаддилари унга 500 миллион сўм кредит ажратишни маъқул кўрди.

Шунингдек, Томди туманида туя жунидан кийим-кечак тайёрлайдиган кичик корхона эгаси Айнара Дўстовага эса фаолиятини кенгайтириш мақсадида янги ускуналарни харид қилиш учун имтиёзли кредит бериладиган бўлди.

Таълим олиш истаги

Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин олаётган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили юртдошларимизнинг ҳаётдан розилик ҳиссини оширмоқда. Энг муҳими, эндиликда масалаларга «Бу сенинг муаммонг» қабилидаги муносабатлардан воз кечилиб, ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашилмоқда. Мисол учун, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиларига фуқаро Сайёра Эгамова икки фарзанди хорижда таҳсил олаётгани бир мунча молиявий қийинчилик туғдираётганини баён этиб, икки йилдан буён Корея давлатида таълим олаётган ўғли Бекзод Умрқуловни юртимиздаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчиришда амалий ёрдам сўради. Оила бекасининг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди. Яъни Бекзод янги ўқув йилини Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиалида давом эттирадиган бўлди.

Навоий давлат педагогика институтининг ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалари - Севинч Фармонова ва Алимуртазо Нуримов мурожаати асосида уларга контракт пуллари тўлиқ тўлаб берилди.

Хатирчилик Нурхон Жўраева эса аввалги иш жойи – Навоий давлат педагогика институтига ишга қайтди. 2019 йилда оилавий шароити туфайли Навоий давлат педагогика институтидан ўқишдан четлатилган навбаҳорлик Зарифа Шомуродова ҳам ўқишга тикланди.

Ҳар беш мурожаатдан тўрттаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари сайёр қабулда келиб тушган жами 102 мурожаатнинг 83 тасига жойида ечим топишди. Бошқачароқ айтсак, бу ҳар беш мурожаатдан тўрттасига сўнгги нуқта қўйилди. Жумладан, ўтган йилдан буён онкологик касаллик билан курашаётган зарафшонлик оғир ижтимоий аҳволдаги Зулфия Умматованинг тўлиқ соғлом ҳаётга қайтиши учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказишига бепул йўлланма ажратилди.

Худди шундай, эҳтиёжманд зарафшонлик София Ортиқовага юрак жарроҳлик амалиётини ўтказиши, учқудуқлик Мунаввар Саноқуловага фарзандини, томдилик Аҳмад Абдимуратовга неварасини даволатиши учун бепул йўлланмалар берилди.

Узоқ йиллардан бери хасталик билан курашиб келаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож Олмахон Болтаевага жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 43 миллион сўм ажратилди.

Кўпнинг ташвиши

Сайр қабулларда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш масалаларида ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, жўяли талаблар жойида ҳал этилди. Чунончи, Навбаҳор тумани «Дул-дул» маҳалласи аҳли номидан келган Бобоқул Ҳилолов мурожаатидан сўнг таъмирга муҳтож маҳалла кўчаларига тош-шағал ва бетон ётқизиладиган бўлди. Шунингдек, Кармана туманидаги Сардоба маҳалласининг марказий кўчасига ҳам шу тош-шағал ётқизилиши бошланиб, кейинчалик дастур асосида асфальтланиши маҳалла аҳлига тушунтирилди. Кармана тумани Уйрот маҳалласида истиқомат қилувчи ишсиз фуқаролар Исматулла Ибодов ҳамда Санъат Ҳасанов йўлчилар жамоасига сайёр қабулнинг ўзида ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилди.

Шу куни Қурилиш вазирлиги масъуллари томонидан Кармана тумани «Малик» массивидаги Гулшан қишлоғида қурилиши режалаштирилган маҳалла биноси билан боғлиқ муаммо ўрганилди. Бу манзилга қарийб бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, замонавий маҳалла гузари қурилиши бошланди.

Ер-сув масалалари ҳам эътиборда бўлди

Тўғрисини айтсак, қишлоқ ҳудудларида ерларнинг мелиоратив ҳолатларини яхшилаш ва уларни саришта қилишга на фермер, на деҳқоннинг қурби етмайди. Шу боис сайёр қабулларда аҳолининг ирригация-мелиорация тизимига тегишли қатор мурожаатлари ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ўрганишлари асосида Навбаҳор тумани «Юқори Бешрабод» маҳалласидан «Дул-дул» 55-ирмоғининг 680 метр узунлигида қазиш-тозалаш ишларига старт берилди. Шу билан 230 нафар аҳолининг 12 гектардан ортиқ томорқаси, ўрмон хўжалигининг 62 гектар майдони ва «Бешработ ариқ» фермер хўжалигига қарашли 25 гектар экин даласининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорлик ошишига эришилади.

Қабулда Кармана тумани Ҳазора қишлоғида яшовчи фуқароларнинг ирригация-мелиорация соҳасидаги муаммолари эшитилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Навбаҳор тумани Кескантерак маҳалласида фермерлик қилаётган Ғулом Худойбердиев даласига ҳам борадиган сув йўли кўмилиб, жиддий муаммолар туғдираётган эди. Фермернинг мурожаатидан сўнг қарийб 3,5 километр зовурда тозалаш ишлари бошлаб юборилди.

Навбаҳор тумани Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Бурҳон Пўлатов эса «Ўзсувтаъминот» масъулларидан ичимлик суви етказиш масаласида амалий ёрдам сўради. Муаммо жойига чиқиб ўрганилгач, Янги ҳаётда 7 километрдан зиёд сув қувурлари тортиш ишлари бошланди.

Рўзғор бут- кўнгил хотиржам

Табиий газ ва электр энергияси таъминотининг барқарорлиги аҳоли кайфиятининг ойнаси ҳисобланади.

Оммавий қабулларда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ масъуллари томонидан 17 та мурожаат қабул қилиниб, 14 таси жойида қаноатлантирилди. Хусусан, Конимех туманининг олис овулларида яшовчи чўпон оилаларига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Вилоят марказидан 110 километр олисдаги Саржал ва Ўрозжон овулларига шу куни суюлтирилган газ машиналари карвони жўнатилиб, бундан буён олис овулларга ҳар ойнинг якуни билан газ баллонлари муддатида етказиб берилиши йўлга қўйилиши белгиланди.

Оммавий қабуллар давомида электр энергияси таъминоти бўйича зарафшонлик Давлат Хожиевнинг Янги Зарафшон маҳалласида симёғочлар эскириб, турли нохуш ҳолатларини келтириб чиқараётганидан арз қилгач, қисқа фурсатда 22 та темир-бетон таянч ва 1 дона трансформатор ўрнатилиб, электр таъминоти яхшиланишига киришилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъуллари томонидан эса Навоий шаҳрининг Зарафшон кўчаси 11-уйда яшовчи Гули Файзуллаеванинг хонадонида муҳандислик қувурларини алмаштириб бериш юзасидан қилган мурожаати шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Ислом Каримов кўчаси 84-уйда яшовчи фуқаро Элвира Каримованинг мазкур уйнинг том қисмини таъмирлаш бўйича мурожаати жойига чиқиб ўрганилди. Умид маҳалласида яшовчи Илҳом Сувоновнинг кўп қаватли уйлар ертўласидаги оқова сув қувурларини янгисига алмаштириш ҳамда дезинфекция қилиб бериш юзасидан мурожаати асосида «Навоий коммунал сервис бошқарув» компанияси томонидан 46 метр темир қувурлар алмаштирилиб, дезинфекция ишлари амалга оширилди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов томонидан 200 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, шундан 58 таси жойида ҳал этилди. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисада тан жароҳати олган 2-гуруҳ ногирони Жалил Темировга моддий ёрдам кўрсатилиб, унинг аёли тикувчилик цехига ишга жойлаштирилгани, қизилтепалик Қўзи Ибрагимов эса жигар циррози билан оғриб келаётган фарзандининг Ҳиндистон давлатида ўтказилиши зарур бўлган жарроҳлик операцияси учун 50 миллион сўм ажратилиши, Конимех тумани Шўркул маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Жумабоеванинг талаба жияни Азиза Ерижепованинг оилавий шароити оғирлиги инобатга олиниб, контракт пулини тўлашда амалий кўмак кўрсатилгани бунга мисолдир.

Хулоса ўрнида

Уч кун, 72 соат. Ишчи гуруҳ аъзолари шу вақт ичида 1713 мурожаатни тинглаш билан бирга ўз ташвишларига чора истаган юзлаб кишиларга давлатдан розилик кайфиятини улашди, дейишга тўла асос бор. Акс ҳолда ўтган сафарги сайёр қабулда ўз мурожаатидан қаноатланган Нодира Яхшиева миннатдорлик билдириш учун атайин келмасди. У олдинги мулоқотларда фарзандининг кикбоксинг бўйича Туркиядаги чемпионатга боришида амалий ёрдам сўраган эди. Халқ қабулхонаси ёрдами билан бу муаммо ҳал қилингач, ўғли яқинда кикбоксинг бўйича Туркияда ўтказилган халқаро чемпионатда олтин медаль олиб қайтди.

Ёки Кармана тумани Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи 24 ёшли Собир Эргашевнинг сўзларига қулоқ тутайлик.

— Ишсизларни қаерда қабул қиляпти, деб формали акага мурожаат қилдим, — дейди у. — Ички ишлар вазирлигидан экан. Келинг, ўзим қабул қиламан, деб шароитимни эшитди. Қизиқишимни тинглаб, «Имтиёзли кредит асосида аравачали мототцикл олиб берсак, эплаб кетасизми?» деди.

Собир Эргашев ёш боладек қувончини яширолмайди. Атиги икки-уч соат олдин эса унинг чеҳраси ташвишлардан ҳорғин эди. Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси буни илғаб, бандлик ва банк идоралари масъулларига йўлламай, ўзи жойида ҳал этган бўлса, ажаб эмас.

Муҳими ҳам шу, ҳар бир мурожаатчига пешвоз чиқиб, унга кўмак қўлини чўзиш ишчи гуруҳ аъзоларининг шаҳду аҳдида кўриниб турди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер