Ташқи қарз: мақсад нима, натижа-чи?

11:57 19 Март 2021 Иқтисодиёт
1014 0

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга четдан жалб қилинган маблағлар, яъни ташқи қарз тўғрисида турли муносабатлар билдириляпти. Айниқса, айрим фуқароларимизда ташқи қарз нимага керак, эртага уни ким тўлайди, нима ҳисобидан тўлаймиз, деган фикрлар ҳам учрамоқда.

Энг аввало, четдан жалб қилинган маблағлар ва ундаги давлат ташқи қарзининг миқдорига эътибор қаратадиган бўлсак, умумий ташқи қарз 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 23,3 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 40,4 фоизни, шундан давлат номидан жалб қилинган ташқи қарз 21,1 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткичлар Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотлари томонидан халқаро меъёрлар доирасида, яъни «хавфлилик даражаси паст» деб баҳоланмоқда.

Рақамларни бошқа давлатлар билан солиштиришдан йироқмиз. Мутахассис сифатида миллий манфаат ва шарт-шароитларимиздан келиб чиқиб чамалаганимиз ва қарзни қайси мақсадларга йўналтириш учун олдик ҳамда қандай натижаларга эришаётганимиз каби масалаларни таҳлил қилишни лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу ўринда кўпчилик қизиқаётган савол: четдан қарз олиш қанчалик самарали?

Бу саволга жавоб беришдан олдин ҳаётий бир масалага эътибор қаратсак. Айтайлик, кўп қаватли уйда хонадоннинг нархи 300 миллион сўм, уни сотиб олишга талабгор фуқаронинг ойлик маоши эса 6 миллион сўм. Фуқаро маошининг тенг ярмини ўзининг кундалик харажатларига сарфлайди, десак, хонадонни ўз маблағи ҳисобидан сотиб олиши учун ҳар ойда 3 миллион сўмдан ҳисоблаганда, 8 йилу 4 ой жамғариши керак бўлади. Лекин яшаш шароити хонадонни тезда сотиб олишни талаб қилмоқда. Масаланинг ечими эса қарз, яъни ипотека кредити олиш учун банкка мурожаат қилиш. Бунда фуқаро кредитининг фоизи пастроқ ва узоқроқ муддатга берадиган банкни танлашга ҳаракат қилади.

Чунки қарзни қайтариш ва унинг фоизларини тўлашни ўз даромади ҳисобидан амалга ошириш имкониятлари кенгаяди. Банк ҳам, ўз навбатида, кредитни даромад манбаига, яъни тўлаш имконияти бор шахсга беришдан манфаатдор бўлади.

Худди шундай мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган миллий манфаатларимиздан келиб чиқадиган давлат инвестиция дастурларини қисқа муддатларда амалга ошириш учун четдан қарз маблағларини жалб қилишга зарурат пайдо бўлади.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда электр энергетикасига 2,9 миллиард доллар, нефть ва газ соҳасига 2,6 миллиард доллар, транспортга 2,4 миллиард доллар, уй-жой коммунал хизматларига 2 миллиард доллар йўналтирилган.

Электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича лойиҳаларни оладиган бўлсак, ушбу харажатлар ҳисобидан амалга оширилган модернизация ишлари Навоий ИEСнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини 6-7 фоизга оширади. Шунингдек, Тўрақўрғон ИEС қурилиши Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг қарийб 40 фоизини электр энергияси билан таъминлайди.

Кимё саноатининг «Навоийазот» АЖ негизида умумий қиймати 1,7 миллиард долларга тенг учта йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол, 500 минг тонна азот кислотаси, 660 минг тонна аммиак ва 577 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришнинг замонавий, энергия тежамкор қувватлари барпо этилди.

Шундан масаланинг ечими ҳам келиб чиқади. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларининг кўпайиши иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини, айниқса, саноатнинг ривожланишига, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имкониятини яратиши ҳамда пировардида ЯИМ ҳажми ўсишига олиб келади. Нефть ва газ ҳажмларини ошириш лойиҳалари ҳам худди шундай мақсадларга қаратилган. Кимё саноатидаги инвестиция лойиҳалари эса иқтисодиёт учун зарур бўлган хом ашё ва товарларнинг четдан олиб келинишини кескин қисқартириб, валюта маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Демак, қарзни қайтариш имкониятлари ҳамда манбалари ҳам кенгайиб боради. Шу билан бирга, аҳолининг электр энергияси ва табиий газ таъминотига бўлган талабини таъминлаш имконияти кенгайиб, турмуш шароити ҳам яхшиланиб боради.

Уй-жой коммунал хизматларига жалб қилинган маблағлар, асосан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш давлат дастурларини амалга оширишга йўналтирилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент вилоятида Осиё тараққиёт банки кредит маблағи ҳисобидан қиймати 143,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи лойиҳага мувофиқ 2019 йилнинг март ойида Тошкент, Қибрай ва Зангиота туманлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган сувни тозалаш иншооти қурилиши бошланган. Объект фойдаланишга топширилгандан кейин 58 та маҳалла ичимлик сувига эга бўлиб, вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 60 фоиздан 92 фоизгача ошади. Албатта, тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасининг ошиши аҳоли саломатлиги яхшиланишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, давлат ташқи қарзининг асосий қисми дунё миқёсида юқори нуфузга эга бўлган банклар ва кредит ташкилотларидан, асосан, имтиёзли фоиз ставкаларида ва узоқ муддатга жалб этилган.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 10,1 миллиард долларни ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат (30 йилгача) ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган. Хусусан, давлат ташқи қарзининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,0 млрд. доллар), Жаҳон банки (3,7 млрд. доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд. доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, улар турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштириш учун жалб қилинган.

Қайд этганимиздек, кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади.

Ташқи қарз, унинг миқдори, динамикаси ҳамда фойдаланиш ҳолати бўйича давлат ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши устида тўхталсак, ундан самарали фойдаланиш талаб қилинади. Шу нуқтаи назардан, кредит маблағлари ҳисобидан бажарилаётган лойиҳалар Ҳисоб палатаси томонидан доимий аудитдан ўтказилиб, Олий Мажлис палаталари томонидан муҳокама қилиб борилади. Албатта, бу жараён жамоатчилик вакиллари иштирокида амалга оширилиши йўлга қўйилган. Хусусан, давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатилиши бўйича шаффофликни таъминлаш мақсадида қарз ҳолати ҳамда уни шакллантирувчи омиллар, қарз ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар, шунингдек, давлат қарзини бошқариш тизими самарадорлигини ошириш борасида кўрилаётган чоралар тўғрисидаги маълумотни қамраб олувчи Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи, ойлик ахборотнома ва ҳисоботлар расмий веб-саҳифаларда ҳамда «Кенгайтирилган маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими»да мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан жорий йилда Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 миллиард доллар миқдорда тасдиқланган бўлиб, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун 2,2 миллиард доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 3,3 миллиард доллар миқдорида белгиланган. Шунингдек, илк бор ушбу Қонун билан 2021 йил учун давлат қарзи миқдорини ялпи ички маҳсулотга нисбатини 60 фоиздан оширмаслик белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ташқи қарз маблағларини жалб қилиш, самарали фойдаланиш ва уни сўндириш манбаларининг аниқ ҳисоб-китоби иқтисодий асосланган тарзда амалга оширилган. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси жалб қилинган ташқи қарз ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни сўндириш имкониятларига эга эканлигини кўрсатмоқда. Биздан эса ташқи қарз маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаб, келгусида уни қайтаришга мустаҳкам замин яратиш учун барча имкониятни сафарбар этишимиз талаб қилинади.

Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?