Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари фаолияти танқидий таҳлил қилинди

09:45 23 Май 2018 Сиёсат
1470 0
Фото: ru.sputniknews-uz.com

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ТИВ тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда ТИВнинг масъулиятини кучайтириш бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларини татбиқ қилишга бағишланган видеоконференция шаклидаги йиғилишлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг хориждаги барча муассасаси раҳбарлари қатнашган йиғилишларда Ўзбекистонга шерик давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари”ни сифатли ҳамда ўз вақтида татбиқ этиш доирасида жорий топшириқлар ва элчихоналар ҳамда консулхоналар фаолиятининг устувор йўналишларини амалга оширишга доир бошқа долзарб масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Дипломатик миссиялар раҳбарлари ташқи иқтисодий манфаатларни илгари суриш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш, миллий товар ҳамда хизматларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш ва мамлакатимизга туристлар оқимини ошириш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти топшириқларини бажариш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бердилар.

Хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш бўйича чет эллардаги ваколатхоналаримиз олиб бораётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида дипломатик миссиялар томонидан Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, бошқа тузилмалар, жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда хорижда жами 450 та тадбир ўтказилди ва жаҳон ҳамжамияти юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда республиканинг халқаро ташаббуслари тўғрисида кенг хабардор қилинди. Хориждаги етакчи ОАВда Ўзбекистондаги инвестицион имкониятлар ва бизнес муҳити тўғрисида 200 дан ортиқ мақолалар чоп этилди.

Ўзбекистонга 350 дан ортиқ хорижий делегациялар (халқаро ташкилотлар, молия институтлари, расмий ҳамда бизнес доиралар ва ОАВ вакиллари) ташрифи ташкиллаштирилди. Ўзбекистоннинг 95 та делегациясининг (расмий ҳамда бизнес доиралар вакиллари) хорижий давлатларга ташрифини амалга оширишда ёрдам кўрсатилди. Ташрифлар якунларига кўра, 40 та ҳужжат, хусусан, Европа иттифоқи давлатлари билан 12 та, Осиё — Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан — 16 та, МДҲга аъзо давлатлар билан — 8 та битим ва шартномалар имзоланди.

Алоҳида эътибор ташқи иқтисодий муносабатларни хорижий шериклар билан янада ривожлантириш, янги сотиш бозорларини қидириш, миллий товарларни экспорт қилишда амалий кўмак кўрсатиш ҳамда уларнинг ташқи бозорларга чиқишини ошириш масалаларига қаратилди. Шу ўринда топшириқларни бажариш доирасида дипломатик миссиялар томонидан турли даражалардаги хорижий делегацияларнинг (расмий, шахсий ва аралаш) Ўзбекистонга 106 та ташрифи ташкиллаштирилди ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни импорт қилиш, стандартлаштириш ва метрология соҳасида ҳамкорлик, мамлакатимиз ҳудудида қўшма корхоналарни яратиш ҳамда унинг товарларини учинчи давлатларга экспорт қилиш масалалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказилди.

МДҲ (Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон), Европа (Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Испания, Италия, Латвия, Литва, Нидерландия, Польша, Чехия), Осиё (Афғонистон, Бангладеш, Эрон, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Малайзия, Покистон, Таиланд, Хитой, Япония), Яқин Шарқ (БАА, Миср) мамлакатларига турли даражалардаги Ўзбекистон делегациясининг 60 дан ортиқ ташрифлари амалга оширилди. Тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари иштирокида БАА, Греция, Ҳиндистон, Кипр, Озарбайжон, Покистон, Туркманистон, Хитой ҳамда бошқа давлатларга маҳаллий товарларни етказиб беришга доир жами 58,4 миллион АҚШ доллари ва 24 миллион евролик экспорт шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, давлат ҳамда хусусий тузилмалар билан ҳамкорликда 21 бизнес форуми ўтказилди, шулардан 13 таси хорижий давлатларда (Буюк Британия, Эрон, Греция, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Латвия, Покистон, Хитой, Япония) бўлиб ўтди.

Маҳаллий компаниялар ҳамда корхоналар вакилларининг АҚШ, Озарбайжон, Россия, Германия, Грузия, Бельгия, Бангладеш, Ҳиндистон, Италия, Малайзия, Латвия, Хитой, Жанубий Корея, Чехия, Таиланд ва БААда ташкиллаштирилган халқаро кўргазмаларда қатнашишига кўмак кўрсатилди. Уларнинг якунига кўра, жами 83,5 миллион долларлик савдо ҳужжатлари имзоланди.

Дипломатик миссиялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда туристик фирмалар билан яқиндан ҳамкорликда мамлакатимизга келаётган хорижий туристлар сонини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот бердилар.

Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун виза бекор қилиниши, шунингдек, қатор давлатлар фуқаролари учун виза олиш тартибининг соддалаштирилиши натижасида сайёҳлар сонининг бир неча баробар ошиши кузатилмоқда.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини хорижда кенг ёйиш доирасида 100 дан ортиқ тақдимотлар ўтказилди ҳамда 36 давлатнинг 150 та матбуот ва электрон нашрларида мақолалар чоп этиш ташкиллаштирилди. 34 та тасвирга олиш гуруҳи ташрифларини уюштиришда ёрдам кўрсатилди ҳамда 13 та давлатнинг 29 та телеканалида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари тўғрисида махсус телекўрсатувлар тайёрланди.

Йиғилиш доирасида “Йўл хариталари”, қатор дастур ва инвестициявий лойиҳаларнинг баъзи бандларини ҳаётга татбиқ қилишнинг муаммоли жиҳатлари қайд этилди ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни идоравий мувофиқлаштириш, қайта алоқани йўлга қўйишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар баён қилинди.

Дипломатик миссия раҳбарларига “Йўл хариталари”нинг айрим бандларининг амалга оширилиши сифати юзасидан танқидий мулоҳазалар билдирилди ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шу ўринда янги топшириқлар қўйилиши ҳамда уларни амалга оширишдаги интенсивлик шароитларида бажарилаётган ишлар самарадорлиги ва сифати, мамлакатимизнинг етакчи муассасалари билан мувофиқлаштириш даражасининг таҳлили дипломатик ваколатхоналарнинг қатор ходимлари касбий тайёргарлигини ошириш лозимлигини кўрсатди. Шу муносабат билан заруратдан келиб чиқиб, ТИВ билимдонликни ошириш ҳамда юқори даражадаги касбий етукликни таъминлаш бўйича ходимлар малакасини тизимли юксалтиришнинг амалий дастурини ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этишга киришди.

Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?