«Ташаббусли бюджет» – фуқаролар фаоллигининг ёрқин намунаси

16:33 17 Март 2023 Жамият
499 0

Фото: Халқ сўзи

Фикр эркинлиги тафаккурни юксалтириб, инсоннинг юрт истиқболига бўлган дахлдорлик туйғусини тарбиялайди. Шу маънода «Ташаббусли бюджет» ҳам маҳаллий бюджет маблағларининг аҳоли томонидан овоз бериш орқали йўналтирилишида, қолаверса, халқ иродасини синовдан ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳаммедов, вазирликнинг давлат бюджети бўлими бошлиғи Азимжон Ҳасанов иштирокида ОАВ ходимлари учун ўтказилган матбуот анжуманида айнан «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси учун йўналтириладиган маблағлар, овоз бериш жараёнида амалга ошириладиган янгиликлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Анжуманда таъкидланганидек, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси бўйича жорий йил биринчи мавсуми доирасида таклиф киритиш жараёнлари якунланиб, ҳозирда шаҳар ва туман ишчи комиссиялари томонидан модерация жараёни амалга оширилаётир.

Эътиборлиси, биринчи мавсум доирасида фуқаролар томонидан 55,9 мингта лойиҳа келиб тушган. Ҳудудлар кесимида энг кўп лойиҳа Сурхондарё вилоятида бўлиб, бу 9,5 мингтани, Қашқадарё вилоятида 6,2 мингта, Тошкент шаҳрида 5,6 мингта ва Хоразм вилоятида 5,1 мингтани ташкил этмоқда. Ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш энг кўп қайд этилган бўлиб, фуқаролар ушбу йўналиш бўйича 14,7 мингта лойиҳани илгари суришган. Бу умумий лойиҳалар сонининг 26 фоизига тенг.

Шу билан бирга аҳоли умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 10 мингта, кўча чироқларини ўрнатиш ҳамда электр энергия таъминоти билан боғлиқ 6,3 мингта, мактабгача таълим ҳамда соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш юзасидан тегишлича 4,4 мингта ва 3,1 мингта лойиҳани илгари сурган.

Тадбирда жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан жами 8 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши айтилди. Шундан 2 трлн. сўм «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун, 320 млрд. сўм «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида шаҳар ва туман бюджетларидан ажратилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, 4 трлн. сўм «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш учун сарфланади.

Бундан ташқари жорий йилда маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 30 фоизи ҳисобига 1,7 трлн. сўм миқдоридаги маблағ фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?