Ташаббус йўқ жойда тараққиёт бўлмайди

20:13 01 Май 2021 Сиёсат
977 0

Коронавирус пандемияси бутун дунё иқтисодиёти, инсонларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигига жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Президентимиз раҳбарлигида ҳар ҳафта видеоселектор тарзидаги йиғилишларда раҳбарларнинг шахсий масъулияти, дахлдорлик туйғуси ва жавобгарлик ҳиссини ошириш бўйича жиддий муҳокамалар ўтказиляпти.

Айни жараёнда юртимиздаги ҳар бир оила, инсон ҳаёти эътибордан четда қолмаслиги учун «маҳаллабай» ишлаш тизими яратилди. Амалдаги қонунчилик меъёрлари шунга мувофиқ такомиллаштирилди, янгитдан ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Аммо шунга қарамай, ҳамон ҳудудларда белгиланган вазифалар муштарак мақсад йўлида ўзаро мувофиқлаштирилгани йўқ. Тўртта сектор раҳбарида фидойилик кўрсатиш, ташаббускорлик етишмайди. Маҳаллий ҳокимлик, депутатлар ҳамда тегишли масъул идоралар раҳбарлари ижтимоий шерикликни йўлга қўймай, ўз билганича иш юритиб келмоқда.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тўртта сектор, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда бу борада белгиланган вазифалар ижроси таҳлилий-танқидий руҳда ўрганилди.

Маълумки, шу йилнинг 12-17 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида «маҳаллабай» тизимида асосида «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш, яшаш, уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича секторлар кесимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни ўрганган эди.

— Ишчи гуруҳининг ўрганиш хулосаларини жойида ўрганиш мақсадида уч кун мобайнида Қўштепа, Тошлоқ, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида бўлдим, — деди Танзила Норбоева. – Учта дафтар рўйхатига киритилганлар билан ишлаш борасида Фарғонада тизим яратилган, лекин секторлар раҳбарлари, депутатларда фаоллик етишмаяпти.

Йиғилишда тош-шағал ерларда иссиқхоналар ташкил этишда Олтиариқ тажрибаси, маҳаллада кичик саноат корхоналари фаолиятини йўлга қўйишда Тошлоқ тумани ютуқлари, вилоятда 13 та ҳудудда Ҳунармандлар марказлари барпо этиш, кичик ва ёшлар саноат зоналарига катта эътибор қаратилаётгани алоҳида эътироф этилди. Аммо вилоятнинг аксарият туманларида кам таъминланган қатламни уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий уйлар ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ҳал этишда сусткашликларга йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди.

Тижорат банклари, тиббиёт соҳаси фаолиятидан одамлар мутлақо норози бўлмоқда. Мисол учун, Қўштепа туманида тадбиркорликни бошлаш ниятида кредит сўраган 900 нафар ҳамюртимизнинг 841 нафарига (93 фоиз) кредит берилмаган. Вилоятда туғиш ёшидаги аёлларнинг бор-йўғи 24 фоизи тиббий кўрикка жалб этилган. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни даволаш кўрсаткичи жуда паст, тиббиёт муассасаларида замонавий жиҳозлар етишмайди. 2021 йили вилоятда баъзи кўрсаткичлар бўйича жиноятчилик сони, оилавий ажримлар ошиб кетган. Маҳаллий бюджет маблағларини тасарруф этишда депутатлик ва жамоатчилик назорати сезилмаяпти.

— Секторлар кесимида бажарилиши керак бўлган ишларни ўзаро мувофиқлаштириш талаб даражасида эмас, — деди Юқори палата раиси. – Ваҳолонки, масъуллар жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига вилоятда «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар қолмаслигига ваъда беришган. Аҳвол шу тарзда давом этса, давлатимиз раҳбари олдида уялиб қолишимиз аниқ.

Йиғилишда Бувайда, Қўштепа, Учкўприк, Фарғона, Тошлоқ, Бешариқ, Ўзбекистон, Риштон сингари бир қатор туманларнинг сектор раҳбарлари фаолиятида йўл қўяётган камчиликлари учун жиддий огоҳлантирилди. Шу йилнинг биринчи ярми якунида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

— Шаҳар-туманлар, секторлар раҳбарлари бугунги танқидлардан тегишли хулоса чиқариб олиши керак, — деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. – Шунингдек, тижорат банклари, бандлик, тиббиёт, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари масъуллари ислоҳотлар жараёнининг шунчаки кузатувчиси эмас, балки фаоли, фидойиси бўлиши зарур.

Йиғилишда шаҳар-туман студияларидан қатнашган секторлар раҳбарлари билан онлайн мулоқотлар ўтказилиб, бундан буён аниқ мақсад ва режа асосида иш ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?