Тарихи ҳам, тақдири ҳам ўзаро туташ икки миллат

18:37 11 Июнь 2021 Сиёсат
516 0

Бугун халқларимиз ўртасидаги алоқалар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда.

Маълумки, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, тожик ва ўзбеклар азалдан қардош, бири-бири билан дўст ва ҳамкор халқлар ҳисобланади. Зеро, бу икки миллат нафақат географик жиҳатдан қўшни, балки тарихи ва тақдири ҳам ўзаро туташиб кетган.

Тарихий дўстлик ва биродарлик ришталари кейинги бир неча йилда янада мустаҳкамланди, десак айни ҳақиқат. Бу борада, айниқса, Юртбошимиз сиёсий иродаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, у киши Президентлик ваколатига киришиши билан қўшни давлатлар, жумладан, Тожикистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш йўлини танлади.

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди. Албатта, бу ташриф ҳам давлатларимиз алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Бу галги ташрифдан кутилаётган натижалар ҳақида тўхталишдан олдин давлатларимизнинг ҳамкорлик борасида қўлга киритган ютуқларини яна бир бор ёдга олсак ўринли бўлади. 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 8 маротаба икки томонлама учрашувлар бўлди, Президентларимиз халқаро доирадаги тадбирларда иштирок этди. Жумладан, 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилган бўлса, шу йили 17-18 август кунлари Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи уюштирилди. 2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Президентимиз МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши саммити доирасида, 2019 йил 14-15 июнь кунлари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари йиғилишида иштирок этиш мақсадида Тожикистонга амалий ташриф билан борди. Шу билан бирга, Тожикистон Президенти 2019 йил 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил август ойида мамлакатимизга илк ташрифини алоҳида тилга олиш ўринли. Ўшанда икки давлат делегациялари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва бошқа муҳим соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинган ва ушбу ҳамкорликнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон давлатлари ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ўзаро муносабатларда янги даврни бошлаб берди, десак сира муболаға эмас. Музокаралар давомида 28 та икки томонлама ҳужжатлар имзолангани ҳам шундан далолат бериб турибди.

Бу, албатта, ҳаммаси эмас. Ўтган қисқа давр мобайнида иккала давлат раҳбарлари ўртасида жуда кўплаб учрашувлар, телефон орқали мулоқотлар, мамлакатлар ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлар ўртасида ўзаро делегациялар алмашинувлари амалга оширилди. Муҳими, бу эзгу анъана тобора жадал тус олмоқда. Шулар асосида айтиш мумкинки, бу ҳамкорлик икки давлат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ҳамда ривожланишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Икки қардош халқнинг кўп асрлик дўстлигига асосланган муносабатлар кейинги йилларда сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилди. Бугунга келиб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа соҳалардаги 70 дан ортиқ келишувлар имзолангани, иккала давлатда ҳам кўплаб қўшма корхоналар фаолият юритаётгани, ишбилармонлар ўртасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида бизнес-форумлар ўтказилаётгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг ўзига хос кўрсаткичларидир.

Сўнгги йилларда икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар фаоллашганини ҳам таъкидлаш зарур. Икки давлат пойтахтларида миллий маданий марказлар очилди. Бизда тожик, у ёқда эса ўзбек тилига ихтисослаштирилган мактаблар самарали фаолият олиб боряпти. Икки тильда чоп этиладиган газеталар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Адабиёт ва санъат аҳли ўртасида ижодий сафарлар, концерт, кўргазма ва турли анжуманлар ҳамда маданият кунлари ташкил қилинмоқда.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо алмашинувида ижобий ўсиш кузатилаётгани ҳам барчамизни мамнун этади. Пандемияга қарамай, ўтган йилда савдо алоқалари изчиллик билан давом эттирилди. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 баробарга кўпайди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари ҳамда маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.

Қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича келишувлар ҳам амалга оширилмоқда. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланяпти. Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб бермоқда, Тожикистондан электр энергияси сотиб олиш ҳажми ортмоқда.

Соҳа мутахассисларининг фикрича, ўтган йили коронавирус пандемияси даврида ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон МДҲ давлатлари орасида энг юқори иқтисодий кўрсаткичга эришган бўлиб, бу ҳам мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли алоқаларининг ўзига хос натижасидир.

Президентимизнинг бу галги ташрифи давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқади ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади, дейиш учун барча асослар бор. Буни давлат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари давомида Президентимиз томонидан айтилган: «Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди», деган эътирофи мисолида ҳам сезиш қийин эмас.

Умуман, музокараларда томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини билдирдики, шунинг ўзиёқ Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида мутлақо янги давр бошланаётганлигини билдиради.

Гавҳар АЛИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?