Тараққиётнинг янги босқичида
Фото: «Халқ сўзи»
Бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг барча устувор тармоқларида давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган инвестицион дастурлар, инновацион лойиҳалар, технологик янгиланишлар энг аввало республикамиз қудратини янада ошириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, эртанги кунга ишончини орттиришга қаратилган. Мазкур ислоҳотлар натижаларини Қизилқум кенгликларида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоий уран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ фаолияти мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин.
Гарчанд НКМК фаолияти туфайли ўтган асрнинг иккинчи ярми “Қизилқумнинг олтин асри ҳисобланса-да”, янги аср корхона тизилмаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш, кенг кўламдаги реконструкция ва модернизация тадбирлари зарурлиги ва руда қазиб олишдан тортиб, унинг транспортировкаси, олтин ва уран ажратиб олишдан, аффинажгача барча-барчасида энг илғор технологияларни жорий этиш фурсати аллақачон етган эди.
Шу жиҳатдан Республикамиз Президентининг ташаббуси билан Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларга мўлжалланган бир йўла икки дастурининг қабул қилиниши Қизилқум қазилма бойликларини ўзлаштириш тарихида яна бир олтин саҳифани очди, десак, муболаға эмас. Чунончи, биргина “НКМК” АЖнинг инвестиция дастурида гидрометаллургия заводларини қуриш, қимматбаҳо металларнинг янги конларини очиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, шунингдек, инновацион ва илм-фан ва техника ютуқларининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда техник эскирган технологик ускуналарни алмаштиришга йўналтирилган устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур дастурлар Республикамиз Президентининг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаган беш йилдан кейин мамлакатимизда олтин ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 150 тоннагача етказишдек улкан маррани забт этиш имконини беради. Албатта, бу салмоқли марра замирида мамлакат раҳбарининг корхона аҳлига юксак ишончи, жамоанинг эса улкан масъулиятли вазифани уддалаш йўлидаги жаҳду-шижоати мужассам.
НКМК жамоаси жорий йилги касб байрамларини дилда ана шундай шукуҳ ва шараф ҳисси билан кутиб олдилар. Байрам муносабати билан “Фарҳод” Маданият саройида ўтказилган тадбирга соҳа фахрийлари, меҳнат илғорлари ва вилоят фаоллари ҳамда комбинат билан доимо бирга бўлган “Навоийуран” ва “НКМК жамғармаси”нинг фидойи мутахассислари таклиф этилди.
Иштирокчилар тимсолида барча кончи ва металлургларни “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бош директори Қувондиқ Санақулов байрам билан қутлаб, сўнгги йилларда амалга оширилган мисли кўрилмаган ишлар янги марраларни забт этиш ва мамлакат раҳбари ишончини шараф билан уддалашдан далолат эканлигини таъкидлади.
Энг муҳими, ишга туширилаётган заводларни лойиҳалашдан тортиб, энг мураккаб асбоб-ускуналар, масалан, гидрометаллургия заводлари учун тегирмонларнинг корхона тизимидаги заводларда ишлаб чиқараётганлиги “Навоий кон металлургия комбинати” АЖнинг ўз олдига қўйган режаларини уддалашида асосий омиллардан ҳисобланади. Шунингдек, миттигина мурватдан тортиб, улкан габарит ва юқори технологияга асосланган мураккаб механизмларгача маҳаллий кадрлар салоҳияти асосида ишлаб чиқилиб, ишга туширилаётганлиги корхонанинг юксалиш одимларидан яққол далолатдир.
Корхона аҳли анъанага содиқ ҳолда касб байрамларига ажойиб меҳнат зафарлари билан келдилар. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 18,8 трлн сўмни ташкил этиб, 102,5 фоизлик ўсиш суръатига эришилди. Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 133,7 млн, АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, маҳаллийлаштириш дастури асосида қарийб 201 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жамоанинг, жумладан, Зарафшон қурилиш бошқармасининг тажрибали мутахассислари ва комбинат темир йўлчиларининг саъй ҳаракатлари билан “Турбай” конини гидрометаллургия заводлари билан боғловчи 52 километрлик темирйўл линияси қурилиши ниҳоясига етказилиши ушбу байрам гулдастасининг энг улуғидир.
- Бугун давр талабидан келиб чиқиб, комбинатда корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, рақобатбардошликни ошириш мақсадида трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда. Президентимизнинг қарори билан жорий йилда комбинатнинг 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади, - дея давом этди Қ. Санақулов. - Бундай эътибор нафақат кончи ва металлурглар балки мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросидан ўз фидокорона меҳнати билан амалий жавоб беришини тақозо этади.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ, “Навоий уран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ ходимларини касб байрамлари билан қутлади. Соҳада меҳнат қилаётган бир гуруҳ меҳнат илғорларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир ниҳоясида катта байрам концерт дастури намойиш этилди.
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
- Инсоният янги рекордни қайд этди
- Тошкентда Ўзбекистон ва Туркиянинг учта вазирлик ва идоралари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди
- 23 кун: Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
- Қувайт элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг