Тараққиётнинг ягона тўғри йўли

Фото: "Халқ сўзи"
Интеллектуал ривожланиш ва юқори даражали билимдонлик — ислоҳотларнинг янги давридаги бош қадриятлар
Ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, чуқур билимларга эга бўлган, ватанпарварлик ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбияланган янги авлодни шакллантириш ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистоннинг келажаги билан боғлиқ энг муҳим вазифалардан биридир.
Замонавий билимлар ва энг илғор технологияларни ўзлаштирган авлодгина ўз Ватанини жадал суръатлар билан ривожлантира олади. Давлатимиз ўсиб келаётган авлодни айнан шундай тасаввур қилади, демакки, барча орзу-умидларини у билан боғлаган ҳолда ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши учун куч ва маблағни аямайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масаланинг ўта муҳимлигини, мактаб таълимини ривожлантириш «ҳаёт ва мамот масаласи» эканлигини қайд этиб ўтгани бежиз эмас. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ ва қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт. Мактаб таълимини ривожлантириш учун барча эътибор ва ресурсларни йўналтирамиз. Бу йўл мураккаб бўлади, аммо фақат угина барча муаммони ҳал эта олади. Ўз навбатида, мактаблар фаолиятини яхшилаш нафақат таълим вазирлигининг, балки барча вазирлик ва идоралар, ҳокимиятлар, илмий муассасалар, зиёлилар ва кенг жамоатчиликнинг вазифасидир.
Партадан — биногача
Хўш, таълим тизимида қандай камчиликлар бор эдию, бу соҳадаги ислоҳотларга нима халақит берарди?
Аввало, кичик ёшдаги болаларни боғчаларга қамраб олиш кўрсаткичи паст эди. Мактаб таълими ҳам инқироз ёқасига келиб қолганди. Коллежларни битириб чиқаётган ёшлар меҳнат бозорида рақобатлашишга тайёр эмасди. Университет ва институтларнинг аҳволи қониқарли бўлмасада, уларга кириш учун танлов ҳатто бир ўринга икки хонали сонгача етар эди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши жуда паст эканини, ўқувчи, талаба ва педагоглар мажбурий меҳнатдан чарчашганини, устоз-муаллимларнинг жамиятдаги мақоми ва обрўси тушиб кетганлигини айтмаса ҳам бўларди.
Ўз-ўзидан равшанки, бундай муаммоларни ҳал этиш учун катта миқдордаги маблағ ва қатъий саъй-ҳаракатлар талаб қилинарди. Ва бу маблағлар ажратилди, тизимни ислоҳ этишга қаратилган ишларга жадаллик билан киришилди. Давлат раҳбарининг иродаси билан таълим соҳаси учинчи Ренессанс пойдеворини барпо қилишда устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.
Аввало, ўқитувчилар ва ўқувчилардан мажбурий меҳнат бўйинтуруғи олиб ташланди. Сир эмаски, яқин-яқингача педагоглар ва мактаб ўқувчилари деярли тўрт ой давомида пахта терими ҳамда бошқа дала ишларига жалб қилинарди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, бир ойда 80 соат дарс бериши керак бўлган бир ўқитувчи тўрт ойда 320 соатни ўта олмас эди, ўқувчи эса шу даврда 544 соат дарс давомида олиши керак бўлган билимлардан мосуво бўларди. Энди ҳисобланг: ўн бир йил давомидачи? Юқори синфларда ўқув дастурини эгаллаш учун ажратилган 8,5 минг соат дарсдан 3 минг соатга яқини ёки деярли 30 фоизи далада ўтар эди.
Бошқача айтадиган бўлсак, мактаб ўқувчиси белгиланган 11 йил ўрнига аслида 7 йил ўқир эди. Президентимизнинг принципиал позицияси туфайли ана шундай салбий ҳолатлар ўтмишда қолди.
Ижобий ўзгаришлар сирасига педагоглар маоши оширилганини ҳам киритиш мумкин. Таълим тизимида бирдамлик, ҳамжиҳатлик тамойиллари шаклланди. Мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланди. Президент қайси вилоятга ташриф буюрмасин, таълим муассасаларига борди. Ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, муаммоларни аниқлади ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди. Соҳада кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.
Умуман, таълим соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Уларнинг натижаси ўлароқ болаларни туғилганидан то вояга етгунига қадар ҳар томонлама ва узлуксиз қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича самарали тизим яратилди.
Давлатимиз раҳбари таълим масалаларига бағишланган йиғилишларни мунтазам равишда ўтказиб туради ва уларда соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича танқидий руҳдаги муҳокамалар бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб 10 минг 130 та мактабнинг ҳар бирини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади. Негаки, юртимиздаги 6 миллиондан зиёд ўқувчилар ва 500 мингдан ортиқ ўқитувчи, жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари, ҳар бир оиланинг келажаги шунга боғлиқ.
Бундан бир йил аввал 1 минг 695 та мактаб капитал таъмирга муҳтож, 179 таси пахса девордан қурилган ҳолатда бўлган, 3 мингтадан ортиғига қўшимча ўқув хоналари керак эди, 2 мингтасида эса спорт заллари мавжуд эмасди. Таълим стандартлари ва ўқув дастурлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур эди. Негаки, улар ўқувчиларнинг фақат назарий билимларнигина олишига йўналтирилган бўлиб, мантиқий фикрлашга, билимларни амалда қўллашга ўргатмасди, яъни мустақил ҳаётга тайёрламас эди.
Педагогларнинг малакасини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб қолаверди: 504 минг нафар ўқитувчидан 60 минг нафари ўрта махсус маълумотга эга эди, 190 минг нафарининг эса малака тоифаси йўқ эди. Боз устига, мактаблар фаолиятига баҳо бериш, уларни сертификатлаш ва аккредитациядан ўтказиш ҳам номига бажарилар эди. Тизимнинг ана шундай қотиб қолганлиги натижасида айрим ўқитувчилар дарсни яхши, сифатли ўтишга эмас, балки фақат кўпроқ дарс соати олишга ҳаракат қиларди. 200 дан ортиқ ҳисобот топшириш талаб қилиниб турганда ўқитувчи қачон ўз устида ишлаши мумкин, ахир?! Дарс фақат бир хил қолипда ўтилаверадида.
Президент дарсликдан тортиб то таълим услубиётигача, партадан тортиб то мактаб биносигача — барчасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. Бунинг учун бутун диққатни жамлаш талаб этилди, чунки жамиятдаги барча ўзгариш ва ислоҳотлар айнан сифатли таълим учун шароит яратишга боғлиқ эди. Қатор тавсиялар ҳам берилди, яъни хорижий тажриба асосида услубларни ишлаб чиқиш, хорижлик мутахассисларни жалб этиш, ноёб педагогик тажрибага эга ва илғор педагогик технологияларни жорий этган юқори тоифали муаллимларни, шунингдек, юксак натижаларни қўлга киритган ўқувчиларни рағбатлантиришга даъват этилди.
Педагогика олий таълим муассасаларида ҳам талабаларнинг амалий кўникмаларни эгаллашига ёрдам берувчи чора-тадбирлар бўйича ташаббус киритилди. Ўқув юкламаси ва дарс соатларини қайта кўриб чиқиш, эскирган методика ўрнига болаларни фикрлашга ундовчи услубиётни жорий этиш, дарсликларни ҳам илғор тажриба асосида тўлиқ янгилаш каби топшириқлар берилди.
Синфларда ўқувчиларнинг сони ҳам мавжуд ўринларга нисбатан кўп эди ва бундай ҳолатда сифатли таълим ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча эди. Шунингдек, синфхоналарни компьютерлар билан таъминлаш ва имтиёзли шартларда катта тезликдаги интернетга улаш масаласи алоҳида бандларда белгиланди. Ана шундай янгиланиш ва тезкор ислоҳотлар энди мактаб директорларини танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини, уларнинг лаёқати ва қайта тайёргарликдан ўтишини кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Энди уларга янги Ўзбекистон руҳида ишлаш ва ҳаракат қилиш тавсия этилди. Айнан шу каби чора-тадбирлар фарзандларимизни замон руҳига мос ҳолда камол топтиришга имкон яратади.
Креатив, мустақил шахс
Хўш, вазиятни ижобий томонга ўзгартирган ислоҳотлар нималардан иборат бўлди?
Аввало, таълимнинг биринчи қадами бўлмиш мактабгача таълим йўналишидаги ишлар қайта кўриб чиқилди. Бунинг учун болалар боғчалари кичкинтойлар билим олишни бошлайдиган, ўқиш ва ёзишни ўрганадиган, атрофдаги олам билан танишадиган масканга айланиши керак эди.
2019 йили қабул қилинган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонун давлатимизнинг шу борадаги мақсадларини аниқ ифодалаб берди. Бундан кўриниб турибдики, мактабгача таълим ташкилоти энди шундай даргоҳга айландики, у ерда бола нафақат дастлабки билимларни олади, балки тарбияланади ҳам. Бу эса янада катта масъулиятни кўзда тутади.
Янги тизимнинг муваффақияти сифатида шуни келтириш мумкинки, кичик ёшдагиларни болалар боғчалари билан қамраб олиш кўрсаткичи 4 бараварга ортди. Шунингдек, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи жадал ривожлана бошлади.
Мактаблар ҳақида айтадиган бўлсак, бу йўналишда 2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Илк бор бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини баҳолаш бўйича илғор халқаро дастурлар жорий этилди.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўнлаб янги мактаблар қурилди, юзлаб таълим масканлари капитал реконструкция қилинди, қўшимча бинолар, спорт заллари ва майдончалари барпо этилди. Ўқувчилар учун минглаб янги жиҳозлар тўпламлари ажратилди. Кўпгина мактаблар янгиланган инфратузилма, жумладан, замонавий компьютерлар билан жиҳозланган синфларга эга бўлди. Қатор мактабларда илгари уйда ўқишга мажбур бўлган ногиронлиги бор болалар учун ҳам имкониятлар яратилди.
Ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам ортиқча юкламалардан халос бўлиб, ўз касбий маҳоратини такомиллаштириш учун имкон топишди. Махсус синовлардан ўтиб, ўз малака тоифасини кўтариб олишди. Бу эса, албатта, ўқитиш сифатини яхшилашга хизмат қилиб, ностандарт услубиёт воситасида болаларнинг диққатини тортишга ёрдам беради.
Кейинги йилларда мактабни битираётган йигит-қизларга қўйиладиган талабларга аниқлик киритилди. Янги Ўзбекистонда энди мактаб битирувчиси кенг дунёқарашга эга бўлиши, креатив фикрлаш, мустақил қарор қабул қила олиш каби замонавий кўникмалар ва ахборот технологияларини эгаллаган шахс бўлиши кераклиги ҳақида талаб шаклланди.
Бунга эришиш учун эса таълим тизимида бошланган ислоҳотларни давом эттириб, мантиқий якунига етказиш лозим. Шу боис ҳам ушбу соҳа бутун жамиятнинг диққат марказида бўлади. Ҳозир биз яшаб турган даврда дунё жиддий рақобат майдонига айлангани учун ҳам бу ғоят муҳимдир. Ушбу майдонда мустаҳкам туриш ва ривожланиш учун эса фақат билим билан қуролланиш, илм-фанни эгаллаш, интеллектуал салоҳиятни ишга солиш зарур.

Давримизнинг талабини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда бутунлай янгича — ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи яратилди. Ёшларнинг замонавий касбларни эгаллашлари учун юзлаб таълимий иншоотлар, IT-парклар қурилмоқда. Президентимиз ниятига кўра, бу ишларнинг барчаси янги Берунийлар, Хоразмийлар, Ибн Синолар ва Фарғонийлар етишиб чиқиши, жонажон Ватанимиз ривожланган, эркин ва гуллаб-яшнаётган замонавий давлат сифатида халқаро майдонда яна ҳам муносиб ўрин эгаллаши мақсадида рўёбга чиқарилмоқда.
Бу ўзгаришлар хорижий ҳамжамиятнинг нигоҳидан четда қолаётгани йўқ. Мисол учун, испан тилидаги “El Mundo Financiero” халқаро онлайн-нашрида «Таълим сифатини ошириш — янги Ўзбекистон ривожи учун ягона тўғри йўл» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда таъкидланишича, Ўзбекистонда мамлакат янада тараққий этиши учун келгуси авлод сифатли таълим олиши кераклигини яхши тушунишади. Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари тизимнинг нафақат мазмунини, балки унинг таркибини ҳам тубдан ўзгартиради. Бунда барча даражалар, таркибий қисмлар ва йўналишлар ўзгаради. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор жиҳати — инвестициявий маблағларни кўпайтириш бўлиб, улар ақлий ривожланган ва юқори даражадаги билимдонлик билан ажралиб турувчи янги инсонни камолга етказишга хизмат қилади.
«Бошқа мамлакатлар билан рақобатлашиш учун Ўзбекистонда таълим жараёнининг сифатини яхшилаш режалаштирилмоқда, — деб ёзилади испан оммавий ахборот воситасида. — Фақат кучли ва ақлли кадрларгина давлатни истиқболда ривожлантира олади».
Уйғонишнинг тўрт устуни
Маърифат соҳасидаги ислоҳотлар йўли, моҳиятан, ўз илдизларига қайтиш демакдир. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бизнинг ўлкамиз қадим замонлардан буён юксак тамаддун ва маданият ўчоқларидан бири, илм-фан ривожининг маркази бўлиб келган. Халқимизнинг бой илмий ва маданий мероси, қадимий қўлёзмалар, беқиёс меъморий обидалар, ноёб манускрипт ва артефактлар ана шундан далолат беради.
IX — XII асрларда Марказий Осиё ҳудудини илм-фан нури ёритди ва бу билан ўлкамизда биринчи Уйғониш даври бошланиб, қатор олимлар майдонга чиқди. XV асрда эса Амир Темур асос солган буюк салтанат машҳур фан арбобларини етиштирди. Ҳар икки Уйғониш даврида халқимиз ўзининг юксак салоҳияти туфайли тараққиётнинг юқори чўққисига кўтарила олди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бунга эришиш учун олимлар жаҳолатга қарши курашда маърифат байроғини кўтариб, ўзларининг ақлий ва маънавий салоҳиятларини инсониятнинг илмий ютуқларини ўрганиш ва бойитишга қаратдилар.
Учинчи Уйғониш даврининг шаклланиш жараёнида эса мактабгача таълим, мактаб таълими, олий ва ўрта-махсус таълим, илмий ва маданий муассасалар келгуси Ренессанснинг тўртта ўзаро боғлиқ бўғинлари, деб айтилди. Бу ишда асосий устунлар — болалар боғчаларининг тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари, олий таълимдаги профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий ва ижодкор зиёлилардир. Айнан шу педагогларга энг қимматли бойлигимиз — фарзандлар келажаги ишониб топширилган.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидланишича, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилади. Айни чоғда, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади.
Шу боис ҳам мамлакатни тараққиёт сари олиб борадиган авлодни тарбиялаш учун қўйиладиган талаблар жуда юқори. Бошланғич синфлар учун дарсликларнинг сифати масаласи умуммиллий Мурожаатнома даражасида қўйилди. Очиқ айтилдики, мактабларда берилаётган таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳорати талаб даражасида, деб бўлмайди. Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларни пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишидан ташқари, уларнинг касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқишини янада кучайтиришимиз лозим.
Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир, дейилди Мурожаатномада. Шундай экан, соҳада бошланган ислоҳотларни давом эттириш, таълим муассасаларига бориш, ўқитувчилар билан тез-тез учрашиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, уларнинг таълим сифатини яхшилаш бўйича ғояларини амалга оширишда кўмаклашиш жуда муҳим. Бундай масъулиятли ишда ҳар биримиз иштирок этишимиз керак.
Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида мактабларни ислоҳ қилиш ва халқаро андозаларга ўтиш бўйича жуда мураккаб босқич кутилмоқда. Бунинг учун соҳа ходимлари ўзгариши зарур. Бу — жуда муҳим талаб, унингсиз олдинга силжиш бўлмайди. Масала қатъий қўйилди: мактаб битирувчиларининг ярми меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак. Бу кўрсаткичлар, албатта, ташвишланарли. Шу боис, касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.
Мурожаатномада айтилишича, келгуси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчилари учун йўлга қўйилган бепул овқатланиш келгуси ўқув йилидан бошлаб қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади.
«Ўзбекистон етакчиси ўзининг парламентдаги маърузасида айтишича, 2023 йилдаги энг муҳим вазифалардан бири мактаб таълимининг сифатини ва ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўсини кўтаришдир, — деб ёзишди Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кўтарилган масалалар ҳақида Италиянинг “Il Messaggero”, “Il Metropolitano” ва “Giornale Diplomatico” газеталари. — Мактабгача таълим соҳаси олдида ҳам муҳим вазифалар тургани айтилди».
Ушбу нашрлар Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилидаги мақсад ва вазифаларга эътибор қаратар экан, Ўзбекистон раҳбарининг 2023 йил ислоҳотлар рўёбида ҳал қилувчи давр бўлишига ишончини таъкидлашди.
Ўқитувчилар билан суҳбатлашар экансиз, улар кўпинча: «Ҳозирги болалар бундан ўн йил, ҳатто беш йил аввалги болалар эмас», дейишади. Бу йил мактаб остонасига қадам қўйган болалар бундан тўрт йил олдин келган биринчи синф ўқувчиларидан катта фарқ қилади. Хўш, нима учун шундай бўляпти, деган саволга эса: «Мактабгача таълимнинг жадал ривожланаётгани туфайли болалар мактабга нисбатан тайёр ҳолда келишяпти», деган жавобни эшитасиз. Мактаб партасига биринчи ўтиришдаёқ улар дарсларни қийналмасдан ўзлаштиришади. Шу боис бундай болалар учун дарсликлар ҳам уларнинг тайёргарлик даражасига мос бўлиши керак.
Соҳа мутахассислари, ўқитувчилар бу масалани бир неча бор кўтаришди, лекин уни ечишга энди эришдик. Янги йил арафасида педагоглар тўғридан-тўғри мулоқот шаклидаги ўзига хос «кутилмаган совға» олди. Давлатимиз раҳбари замонавий дарсликлар тақдимоти доирасида мактаб таълими соҳасининг вакиллари билан учрашди.
Таъкидланганидек, ислоҳотларнинг янги босқичида ўқитувчидан ижодкор шахс ва юқори малакали мутахассис бўлиш талаб этилади. Унинг олдида: ўқувчиларнинг салоҳиятини ривожлантириш учун шароит яратиш, билимларни ижодий қабул қилишини шакллантириш, уларни мустақил фикрлашга ўргатиш, ўзини тўлароқ намоён қилиши ва фанларни ўзлаштиришга ижодий ёндашиши, уларнинг индивидуал қобилиятларига алоҳида эътибор бериш сингари мураккаб вазифалар турибди.
Шунингдек, креатив фикрловчи педагогик кадрларни халқаро стандартларга мос ҳолда тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор бериш кераклиги қайд этилди. Шу мақсадда ҳар бир вилоятда педагог ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Ўқитувчининг қўлида янги авлод дарсликлари тўплами асосий қуролдир. Улар энди оғир ва қалин муқовали одатдаги китоблар рамкасидан чиқиб, тўлиқ ўқув-услубий мажмуа шаклида бўлади. Мажмуа таркибига дарслик, иш дафтари, ҳар бир дарсга мўлжалланган видеоматериаллар ва педагог учун услубий ишланмалар киради. Улар билан ҳатто тажрибаси кам ўқитувчи ҳам ишлай олади. Ахир қўл остида барча керакли ресурслар — қизиқарли видеороликлар, ёрқин кўргазмали қуроллар, қулай жадваллар ва дарс мазмунининг тахминий режаси ҳам бор. Дарсликларни яратишда муаллифлар жамоаси дунёда илғор ҳисобланган Финляндия тажрибасига мурожаат қилди, лекин улар миллий анъана ва қадриятларимизга мослаштирилган бўлиб, Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳам акс эттирилган.
Замонавий тарзда қуролланган таълим тизими ўзининг кенг кўламли вазифаларини бажара олади, яъни ўқувчида ижтимоий мослашув ва ўз устида ишлаб, мустақил билим олиш кўникмаларини шакллантиради. Бу, айниқса, ҳозирги ахборот ҳажми тобора кўпайиб бораётган, янгиланиш ва трансформация жараёнлари тезлашган бир шароитда жуда муҳим. Бундай ҳолатда дарсликнинг ўзи билим олиш навигаторига айланади, яъни у ХXI аср кишиси учун энг зарур бўлган «4К» кўникмаси (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация) бўйича ишлаб чиқилган бўлиб, ўқувчиларда танқидий мушоҳада, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиради.
Юқорида айтилганидек, кейинги олти йил давомида Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ёш авлодни жисмонан бақувват, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқара олишга қодир этиб тайёрлаш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчининг жамиятдаги обрўсини кўтаришга қаратилган ислоҳотлар бўйича ташаббус кўрсатди. Педагоглар ўзининг асосий фаолият доирасига кирмайдиган ишлардан халос этилди. Айни пайтда маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиб, унга кўра соҳани мувофиқлаштирувчи вазирлик ва идоралар тузилмаси ҳам қайта кўриб чиқилди. Ҳеч шубҳа йўқки, Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида ўзбекистонликларнинг янги авлодини шакллантириш, таълим ва тарбия бериш тадбирлари жадаллашиб, тараққиёт йўлида ўзининг меваларини бера бошлайди.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Юртимизда амалга оширилаётган таълим соҳасидаги барча ислоҳотлар маъно-мазмуни, аввало, инсонга эътибор руҳи билан бойитилган. Зеро, сифатли таълим олиш учун зарур шарт-шароитларнинг яратилиши ҳар бир инсоннинг дунёни англаш, ақлан, маънан ривожланиш, жамиятда ўз ўрнини топиш билан боғлиқ ҳақ-ҳуқуқларининг рўёбга чиқишидир.
Биз Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш демакдир. Бу йўлдаги ишлар изчил давом эттирилар экан, халқимизнинг салоҳиятли инсон ресурсига бой, ҳар томонлама тараққий этган, обод ва фаровон жамият қуришдек азалий орзулари, албатта, рўёбга чиқади.
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Гидроэнергетикадаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- Грузияда дзюдо бўйича навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади
- АҚШ Украина учун тинчлик режасининг асосий элементини маълум қилди
- Пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилади
- Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг