Тараққиётнинг тамал тоши

17:09 12 Август 2022 Жамият
337 0

“Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ана шу норманинг акс этгани маънавий-маърифий ҳаётимизда тарихий воқелик бўлди. Буни ҳамма ҳам англамаслиги мумкин, аммо ўқитувчи-педагоглар ушбу жумлалар замирида уларга бўлган катта эътибор ва эъзоз, имконият мужассам эканини жуда яхши ҳис этади.

Бугунги кунда жамиятни ривожлантириш ҳақида гап кетар экан, бу йўлда, аввало, ўқитувчининг моддий шароитини яхшилаш ва обрў-эътиборини ошириш лозимлиги кўп бор таъкидланмоқда.

Хўш, нега бу мавзу кун тартибидаги масалага айланди?

Бунинг боиси янгиланаётган Ўзбекистонда илм-фан, таълим ва тарбияга тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч сифатида қаралмоқда.

Президентимиз эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқлигини алоҳида қайд этди.

Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасалар бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб қаралмоқда. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисобланмоқда.

Сифат кенг жамоатчиликка ҳам боғлиқ

Таълим ва ўқитувчиларга давлат миқёсида эътибор қаратилаётган бир пайтда бугун ушбу муҳим жабҳага кенг жамоатчилик ҳам ўз муносабатини ўзгартириши керак.

Эътибор берсак, биз ўзимиз сезмаган ҳолда айрим қусурларга одатланиб қолганмиз. Масалан, сўзловчининг гапини бўлиб, ўз фикримизни айта бошлаш, саломга алик олмасдан дардимизни дастурхон қилиш, эшитганларимизга рўйирост ишониш, энг ёмони, синф хонасига кириб бориб, ўқитувчининг дарсини бўлиш... Бу каби ҳолатларга қачон одатландик, билмаймиз-у, аммо энди бундай қусурлардан халос бўлиш вақти келди. Айниқса, ўқитувчининг дарсини бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У шу соатларда бутун қалб қўрини болаларга беради, керак бўлса, илм уммонига шўнғиган ғаввосга ёки бутун вужуди билан ролига сингиб кетган актёрга айланади. Ана шундай пайтда ҳуда-беҳудага ҳалақит берувчилар таълим сифатига салбий таъсир этиши аниқ.

Германия, Жанубий Корея, Финляндия, Япония каби ўнлаб давлатларда ўқитувчига бўлган ҳурмат ҳақида кўп ва хўб гапирилади. Бизда-чи? Интернет тармоғида тарқалаётган баъзи видеоматериалларни кўрганимизда бу саволга жавоб беришда мум тишлаб қолишимиз аниқ. Чунки айрим ота-оналар ўқитувчиларга нисбатан куч ишлатишгача бормоқда, баъзи ўқувчилар устозига гап қайтарадиган бўлиб қолган. Тўғри, бу каби ҳолатлар онда-сонда учраб туради. Лекин шуларнинг ўзи ҳам халқимиз учун уятли бўлган бу воқеаларнинг сабаблари ҳақида ўйлашга ундайди. Оилавий тарбияда фарзандларга ўқитувчиларга нисбатан ҳурмат-эҳтиромнинг етарли сингдирилмаётгани, ижтимоий тармоқларда педагоглар ҳақида негатив ахборот, видеоматериаллар кўпайгани ва улардан бир ёқлама хулоса чиқарилаётгани бу каби ҳолатларга шароит яратмаяптимикин, деган хаёлларга борасиз...

Ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланаётган тармоқ

Биз учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни кўзлаган эканмиз, демак, ҳуқуқий асосимиз жуда мустаҳкам, билим ва тажрибамиз янада кучли бўлиши лозим.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги қайд этилган. Ушбу моддага асосан таълимга оид қонунлар, фармонлар ва бошқа кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шундай бўлса-да, бу моддада мактабгача таълим, олий таълим, хусусий таълим, педагог кадрларнинг мавқеи каби масалалар ҳақида батафсил сўз юритилмаганди.

Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш тадқиқотчи олимларнинг илмий ишларини самарали олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституцивий қонун лойиҳасида ушбу мақсадлар ўзининг ҳуқуқий асосига эга бўлди. Масалан, 41-моддага “Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди” ёки “Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади”, деган нормалар киритилмоқда.

Эътибор қилинса, биз учун ёд бўлиб қолган ва учтагина нормадан иборат бўлган 41-модда эндиликда таълимга оид бир неча бандлар билан кенгайтирилмоқда. Унда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлиши, таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ҳамда индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши белгиланди.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган мақсадларда ҳам бу йўналишга кенг ўрин берилган. Умуман олганда, халқ таълими ва олий таълим бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, бир-бирини тўлдириб боради. Бугун олийгоҳларда ўқиётган талабаларимиз бунгача қаерда таҳсил олади, албатта, боғчада, мактабда, лицейда. Шунинг учун ҳам таълимни қуйи бўғиндан, яъни боғчадан бошлаш ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Ахир халқимизда “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир” деган гап бежиз айтилмаган.

Эътибор, ғамхўрлик ва мадад

Мактаб — жамиятнинг пойдевори. Бу минбарларда айтиладиган баландпарвоз гап эмас. Бу — айни исбот талаб қилмас ҳақиқат. Жамиятнинг кучи, мавқеи мактабнинг, таълимнинг қудратига боғлиқ. Бу ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун, биринчи навбатда, ўқитувчининг обрўси ва нуфузини кўтариш лозим.

Шу ўринда яқин тарихда бўлган воқеаларни эсга олмасликнинг иложи йўқ. Барчамизга яхши аёнки, мактаб ўқитувчилари гўё югурдакка айланиб қолган эди. Пахтани ўтоқ қилиш, йиғим-теримида қатнашиш, катта магистраль йўлларнинг атрофини тозалаш, ҳашар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг уйма-уй юриб бажарадиган ишлари — барчаси ўқитувчиларнинг зиммасига тушарди. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлиб сайланган дастлабки кунларданоқ бу мудҳиш “анъана”га чек қўйди. Қайтага педагогларнинг обрў-иззатини юқори даражага кўтарди. Бу эзгу мақсадлар ҳам ўзгараётган Конституциямизда ўз ифодасини топмоқда.

Янгиланаётган Бош қомусимизнинг 41-моддасига “Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир” деган норма киритилмоқда. Бу халқимизнинг азалий қадрияти, эзгу анъаналарининг тикланишига ҳуқуқий асос бўлади. Ахир халқимизда минг йиллардан буён айтиб келинган ва яна неча йиллар ўз қадрини йўқотмайдиган биргина “Устоз отангдай улуғ” деган калом ҳали унутилган эмас. Ҳамон давраларнинг тўри — ўқитувчиларники.

Модомики шундай экан, илмнинг, ҳунарнинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни, фозил кишиларнинг жамиятда қадри юксалиб бораётган бугунги кунда педагог ходимларнинг мақоми ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиши халқимизнинг айни дилидаги иш бўлиб, орзу-мақсадлари рўёбига хизмат қилади.

Молиявий эркинлик — масъулиятдир

Янгиланаётган Ўзбекистонда олий таълим равнақига ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқдаки, бу соҳани комплекс тарзда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина молиявий мустақиллик бериш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратайлик. Босқичма-босқич ҳаётга кўчаётган ушбу тамойил олийгоҳларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаб, уларнинг замон андозалари асосида фаолият юритишига замин яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритиши таклиф этилаётган 411-моддада ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Ва ушбу модда олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга бўлишини кафолатлайдиган банд билан тўлдирилди. Бундан ташқари, давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиши белгиланмоқда.

Бугун мамлакатимизда илм-фан, таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ва амалга оширилаётган ўзгаришлар, соҳадаги тикланишлар миллий юксалишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда олий таълим муассасалари олдида турган асосий вазифа эса малакали, меҳнат бозорида рақобатбардош, етук кадрларни тайёрлашдин иборат. Мамлакатимиз Бош қомусига киритилаётган ўзгартишлар ана шу эзгу мақсадга эришишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиши, шубҳасиз.

Орифжон БОЗОРОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер