Тараққиётнинг энг тўғри йўли илмга асосланади

18:50 14 Сентябр 2021 Жамият
447 0

Замонавий дунёда ақл, ирода, ғайрат ва олижанобликни меҳнат билан уйғунлаштира олган инсонлар катта ютуқларга эришмоқда. Бугун “Facebook” асосчиси Марк Цукерберг (37 ёш), “Telegram”ни яратган Павел Дуров (36 ёш), “Stripe” тўлов хизматини ҳаётга жорий этган Жон Коллисон (29 ёш), “Snapchat” иловасини ишлаб чиққан Эван Шпигель (29 ёш) муваффақият тарихи ҳам шундан далолат беради.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари замирида ҳам ана шундай фазилатларга эга авлодни вояга етказиш мақсади мужассамдир. Аслида Учинчи Ренессанс мазмун-моҳиятида шу тамойил асосидаги қатъий интилишлар ўз инъикосини топган.

Юртимизнинг турли ҳудудларида технопарклар, аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар сони кўпайиб бораётгани, бу борада ижобий натижаларга эришаётган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳам шундан далолат беради.

Ўзбекистонда бундай новаторлик ҳаракати бугун узлуксизлик ва ортқа қайтмаслик характерига эга. Бунга шубҳа йўқ. Бинобарин, Президентимизнинг яқинда нашрдан чиққан “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ҳам мазкур муҳим йўналишларга алоҳида урғу берилган. Унда Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш устувор вазифа эканлиги эътироф этилган.

Сифатли таълим эса халқ давлатдан кутаётган янги режа ва дастурларда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу талаб жуда қувонарлидир. Зеро, жамиятда билим олиш, илм эгаллашга бўлган эҳтиёжнинг ошиб бораётгани нафақат илғор фикрлайдиган ёшлар кўпайиб бораётгани, балки ўрта ва катта авлод дунёқараши ўзгараётгани, “Ўқиб ким бўлардинг” қабилидаги стереотиплар чок-чокидан сўкилаётганини англатади. Қувонарлиси, юртимизда бу борадаги янгиланишлар бундан кейин ҳам янада кенг кўламда ва самарали механизмлар асосида жадал давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари бу масалада қуйидаги долзарб фикрларни билдиргани бежиз эмас:

— Биз Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маънавиятга эга бўлган, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз. Шу муносабат билан «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилади.

Бу, аввало, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни давр талабларига мос равишда бойитиш ва ривожлантириш, шу орқали жамиятнинг маданий ва маърифий юксалишига эришиш имконини беради.

Ўз навбатида, бу жамият аъзоларининг онги ва тафаккурини, ҳаёт фалсафаси ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади. Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кучайтириш зарур. Бунда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш – бизнинг олий мақсадимиздир.

Айнан шулардан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон стратегиясида мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимларидаги аниқ вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан:

— мактабгача таълимдаги қамров даражаси, ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади;

— мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади;

— олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади.2026 йилга қадар камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киритилади;

— талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади;

— олий таълимда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

— докторантурага қабул давлат буюртмаси ҳамда манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов-грант асосида жорий этилади.

— олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари – Миллий олимпиада тизими жорий этилади.

Кўриниб турибдики, юртимизда таълим олиш учун қандай имконият бўлса, барчаси изчил ишга солиняпти. Бундай ёндашув ҳам халқ фаровонлиги, ҳам мамлакат тараққиётига хизмат қилиши қаторида келажакнинг мустаҳкам устунларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Буюк аждодларимизнинг ҳаётий шиорлари, орзу-истакларига ҳамоҳанг кетаётган маърифий ва прогрессив ислоҳотларга камарбаста бўлиш эса барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Зеро, кўҳна диёримизда тамаддун бешигини тебратган Биринчи Ренессанс вакили, буюк аждодимиз Имом Бухорий бундан ўн икки аср олдин айтганидек, “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”. Ўзбекистон эса юксалишнинг ана шундай нажотбахш йўлидан кетмоқда.

Одил АБДУРАҲМОНОВ,
Тошкент давлат транспорт университети
 ректори.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?