Тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим шарти

18:23 30 Июль 2020 Сиёсат
419 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви шароитида республикамизнинг ундаги ўрни ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш кейинги тараққиётнинг аниқ йўналишларини белгилаш имконини беради, бошқарув борасидаги тўғри қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади. Халқаро рейтинг ва индекслар ҳам айнан шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Пировардида ислоҳотларнинг бизга зарур натижаси – халқ фаровонлиги, эл розилигига эришилади.

Ҳар қандай ислоҳотларнинг самарасини таъминлашда институционал муҳитни шакллантириш зарур бўлади. Яъни, ислоҳотларни амалиётга татбиқ этиш ҳар бир соҳадаги муайян институтлар зиммасига юклатилади. Ушбу муҳитнинг сифатини баҳолашда иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган асосий восита ҳам халқаро рейтинг ва индекслардир. Улар ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий сиёсат самарадорлиги мезони сифатида жаҳон миқёсида қўлланиб келинади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ўзгаришлар туфайли Ўзбекистоннинг бир қатор нуфузли рейтинглардаги ўрни юксалиб бормоқда. Бу – халқ фаровонлиги йўлида қўйилаётган қадамларнинг муҳим ва табиий натижаси аслида. Шунингдек, юртдошларимиз онги ўсиб, фуқаролик жамияти ривож топаётгани, давлат ҳам бу йўналишда барча имкониятларни ишга солаётгани, юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятимизда очиқлик, ошкораликни таъминлаш борасидаги хайрли ишларнинг самараси ҳамдир.

Жумладан, яқинда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилотининг ­(ЮНИДО) «Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси» бўйича ҳисоботи чоп этилди. Унда мамлакатимиз илк маротаба акс эттирилиб, 152 та мамлакат орасида 92-ўринни, МДҲга аъзо давлатлар орасида 5-ўринни, Марказий Осиё мамлакатлари орасида 2-ўринни эгаллади.

2020 йилда Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» индексида 76-ўриндан 69-ўринга кўтарилдик, “Transparency International”нинг Коррупцияни қабул қилиш индекси ҳамда “World Justice Project”нинг Қонун устуворлиги индексида ҳам мамлакатимиз ўрни яхшиланди. Бу рақамлар ортида давлат бошқарувининг барча бўғинларида олиб борилаётган изчил янгиланишлар, иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш босқичма-босқич ислоҳотлар самарасидир.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда ЎЗбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришда муҳим қадам бўлди. Унга кўра Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши тузилиб, соҳада парламент назорати ўрнатилди. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигида фаолият юритаётган республика кенгаши ўзининг илк ташкилий мажлисидаёқ келгуси ишлариниинг аниқ йўналиш, мақсад ва режаларини белгилаб олди. Зеро, бу борада ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар бисёр. Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида давлат органлари фаолияти натижадорлигини олий, яъни парламент даражасида назорат қилиш белгиланганидан мақсад — бу борада вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини оширишдан иборатдир.

Халқаро рейтинглар давлат бошқаруви органлари фаолиятини баҳолаш воситаси сифатида кўриб чиқилиши мумкин ва давлат фаолиятига катта таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан рейтинглардаги ўрнимиз юксалиши қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси билан чамбарчас боғлиқ. Буни ҳисобга олган ҳолда кенгаш таркибига маҳаллий ҳокимлар киритилди. Бу ўз навбатида рейтинглар билан ишлашда юзага келаётган муаммоларни вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини беради.

Замонавий бозор иқтисодиётида халқаро рейтингларнинг роли айнан кейинги ўн йилликда анча ортди. Бу вақт мобайнида уларнинг дунё мамлакатлари ривожланиш даражасини баҳолашнинг техник воситасидан мамлакатнинг иқтисодий фаолият субъектлари учун жозибадорлиги индикаторларига айланди.

Шу жиҳатдан улардаги ўрнимизнинг юксалиши келгусидаги иқтисодий ўсишга бевосита таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида бу йўналишда ишлаш заруратини устувор вазифалар қаторига қўяди. Шу маънода ҳар бир вазирлик ва идора бу йўналишдаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўз таркибида рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича алоҳида таркибий бўлинмага эга бўлиши керак. Унинг ходимлари эса тегишли соҳада чуқур билимлар олиб, улардан фойдалана билишлари, тегишли методологияни қунт билан ўрганиб, тўғри талқин қилиб, амалиётда қўллаши лозим. Буни ҳисобга олган ҳолда, шу кунларда Олий Мажлис Сенати шафелиги остида рейтинг агентликларининг методологияларини ўрганиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вазирлик ва идоралар масъуллари учун махсус тренинглар ташкил этилиши йўлга қўйилди.

Галдаги вазифа – мавжуд рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини юксалтириш билан бир қаторда мамлакатимиз ҳали эътироф этилмаган индексларни забт этишдан иборат. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форумининг «Глобал рақобатбардошлик индекси»га мамлакатимизни киритиш масаласи юзасидан Молия вазирлиги олиб борган музокаралар натижасида индексга кириш жараёни 2 йил муддатни талаб этиши маълум бўлди. Даставвал ташкилот томонидан Ўзбекистонда расмий сўровнома ўтказиш учун ҳамкор, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари танлаб олинади ва сўровнома ўтказилади. Иккинчи йилда сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг индексдаги норасмий ўрни белгиланади ҳамда уларнинг Ўзбекистон кўрсаткичларининг ҳақиқий тенденциялари билан қай даражада мос келиши текшириб кўрилади. ­Тенденциялар махсус экспертлар томонидан 2 йил мобайнида мунтазам кузатилиб борилади ва таҳлил қилинади.

Халқаро бюджет ҳамжамиятининг «Бюджет очиқлиги индекси»га кириш – бу яна бир долзарб вазифа. Мазкур индекс бўйича мамлакатда тадқиқот ўтказиш учун зарур ресурслар, шу жумладан маблағлар фақатгина халқаро нодавлат ташкилотлар ва институтлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳамжамиятнинг асосий талабларидан бири — тадқиқот ўтказишдаги маҳаллий ҳамкор сифатида мустақил фуқаролик жамияти институтлари (нодавлат нотижорат ташкилотлар) бўлиши зарур. Мазкур индекс ҳисоботида мамлакатимизни акс эттириш бўйича якуний қарор ташкилотнинг жорий йил август ойидаги йиғилишида кўриб чиқилишига келишилган.

Шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тартибга солиш чекловлари индекси», қолаверса, Корнелл университети, Халқаро интеллектуал мулк ташкилотининг «Глобал инновациялар индекси»да мамлакатимиз ўрнини акс эттириш масаласида музокаралар ўтказилмоқда. Ҳозир бу йўналишда  зарур статистик маълумотларни жамлаш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Тан олиш жоизки, ҳозирги кунда мамлакатимиз бир қатор муҳим халқаро рейтинг ва индексларда қуйи поғоналарда қолмоқда. Бунинг объектив сабаблари бор, албатта. Қатор соҳалардаги ўзгаришлар билан боғлиқ қонунчиликнинг жадал ривожланиши айрим ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган кўплаб нормаларнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам қонунчиликни тубдан қайта кўриб чиқиш, уни тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, ижроси мониторингини такомиллаштириш мақсадида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. Бу йўналишда келгуси йилларда жуда ҳам катта ишларни амалга оширишимиз зарур бўлади. Натижада мамлакатимиз паст поғоналарни эгаллаб турган сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индексларда ўрнимизни юксалишига эришамиз.

Тўғри, глобал миқёсда давом этаётган пандемия шароити Ўзбекистон халқаро рейтинг ва индексларда ўсиб келаётган ўрнига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Лекин, иқтисодиётни тиклаш ва ошириш, халқ фаровонлигини юксалтириш, карантин шароитида иқтисодий ва ишбилармон фаолликнинг янги шаклларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар албатта ўз натижасини бермай қолмайди. Пировард натижада мамлакатимиз нуфузи юксалиб, иқтисодиётимизга янгидан янги ресурс ва инвестициялар кириб келади, демакки, мамлакатимиз равнақи давом этади.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?