«Тараққиёт стратегияси» маркази ва Истанбул тижорат университети ўртасида меморандум имзоланди

13:19 09 Июль 2021 Жамият
246 0

«Тараққиёт стратегияси» маркази делегацияси ишчи ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб турибди.

Куни кеча делегация аъзолари Истанбул тижорат университети раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан учрашишди.

Жаҳоннинг Топ 1000 талик университетлари рўйхатига кирувчи мазкур олий ўқув даргоҳи 2001 йилда Истанбул савдо палатаси кўмагида ташкил этилган. Муассаса айни вақтда олти йўналиш бўйича бакалавр (тижорат фанлари, муҳандислик, архитектура ва дизайн, ҳуқуқшунослик, алоқа, ижтимоий фанлар факультетлари) ҳамда беш йўналиш бўйича магистр (шунингдек, тўртта йўналиш бўйича фан номзоди) даражасини беради. Ҳозирги кунда университетда 6000 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Истанбул тижорат университети билан Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университети ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Туркия университетларида ўзбек тили ва адабиёти, математика ва бошқа фанлардан сабоқ берсалар, ўз навбатида, туркиялик олимлар ўзбекистонлик талабаларга замонавий фанлардан дарс ўтадилар. Ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ва бошқа анжуманлар ўтказиб борилади. Икки давлат илмий журналларида мақолалар ёритилади.

Меҳмонларни турк заминида қутлаган Истанбул тижорат университети ректори Южел Ўғурлу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборни жаҳон ҳамжамияти ҳам ҳақли равишда эътироф этаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, Южел Ўғурлу Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик кейинги вақтларда жадал ривожланаётгани, мазкур жараёнга ҳисса қўшиш мақсадида Истанбул тижорат университети талабаларининг икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини ўрганиш ва тадқиқ этишларини рағбатлантириш мақсадида қўшимча грантлар танловларини эълон қилиш таклифини билдирди.

Ўз навбатида, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков туркиялик зиёлиларни Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларининг ижроси, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самараси билан таништирди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, келгусида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий-амалий конференциялар ўтказиш ва илмий мақолаларни чоп этиб бориш масалаларида музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, пировардида, икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш учрашув иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Бундай амалий ҳамкорлик қатор илмий, истиқболли лойиҳалар, инновацион ғояларни амалга оширишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Учрашув якунида Истанбул тижорат университети ректори Южел Ўғурлу ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўзаро ҳамкорлик бўйича Англашув Меморандумини имзолашди.

Англашув Меморандумининг илк амалий натижаси ўлароқ, томонлар Истанбул тижорат университети талабалари учун «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбарининг Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга оид махсус маърузасини жорий йил сентябрь ойида ташкил этишга келишиб олишди.
Шунингдек, Университет ташаббуси билан Туркия ва Марказий Осиё минтақасидаги «ақл марказлари» экспертлари, сиёсий доиралари учун Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг мониторинги натижаларига оид маъруза ва тақдимотлар ўтказиб боришни ташкиллаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳақида аҳдлашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?