Танзила Нарбаева МДҲ ПА Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашди

15:56 28 Октябр 2022 Сиёсат
606 0

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Федерация Кенгаши Раиси, МДҲ ПА Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашди. Суҳбат Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси сессияси «майдонлари»да бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида қонун чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарларининг келишувларини амалга ошириш учун икки мамлакат парламентларининг биргаликдаги фаолияти муҳимлиги қайд этилди.

Танзила Нарбаева Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг устувор стратегик ҳамкори эканлигини ва давлат раҳбарларининг ишончли мулоқоти туфайли бугун анъанавий дўстона муносабатлар изчиллик билан юқори босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида уларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати механизмидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга.

Валентина Матвиенко ташкилот ташкил топганлигининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган МДҲ ПА тадбирлари юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. «Бу йил жаҳон сиёсатининг маркази Ўзбекистонга кўчди, бу ерда олий даражадаги йирик халқаро тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бу мамлакатимизнинг халқаро сиёсатдаги ўрни ва жаҳон ҳамжамиятидаги Ўзбекистон нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради».

Учрашув иштирокчилари Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик асосидаги вазифалар даражасига мос келадиган ўзаро ҳамкорликка қаратилган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Томонлар Федерация Кенгаши ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия фаолияти ва самарадорлигига урғу берди. Тадбирда Федерация Кенгаши Фан, таълим ва маданият бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.С. Илёс Умаханов ва Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев иштирок этиб, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ПКнинг навбатдаги мажлиси якунлари тўғрисида маърузалар қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер