Таниқли иқтисодчилар томонидан амалий иқтисодиёт бўйича очиқ виртуал семинарлар бўлиб ўтмоқда

09:43 09 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
757 0

Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ташаббусига кўра Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқотлари институти IFPRI (Вашингтон, АҚШ) ва Вестминстер ривожланиш стратегияси тармоғи WDPN (Вестминстер университети, Лондон, Буюк Британия) билан ҳамкорликда 7 октябрда бошланган ва 2020 йил ноябрь ойининг охиригача давом этадиган амалий иқтисодиёт бўйича бир қатор очиқ семинарлар ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилди. Бу йил фаннинг турли соҳаларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетлар, хусусан, фан соҳасини ривожлантириш бўйича ишларни янги, замонавий даражага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади ва шу билан рақобатбардош иқтисодиётни шаклланишига ҳисса қўшади.

Пандемия шароитида академик мулоқотнинг анъанавий усуллари издан чиқди. Юзма-юз конференциялар, семинарлар ва амалий машғулотлар бекор қилинди, натижада тадқиқотларни ўтказиш ва илмий алмашинувни ташкил этишнинг янги усулларидан фойдалана бошланди. Шу маънода, очиқ виртуал семинарлар хавфсиз масофада халқаро мутахассислар билан ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун ноёб имконият яратди.

ТХВУ томонидан халқаро ҳамкорлар — АҚШнинг Вашингтон, Колумбия округида жойлашган Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқотлари институти (IFPRI) ва ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO, Германия) билан биргаликда 25 майдан 26 августгача Марказий Осиё амалий иқтисодиётига бағишланган очиқ виртуал семинарларнинг биринчи туркуми ташкил этилди. Ушбу семинарлар давомида Дюк ва Вандербилт университетлари (АҚШ), Аделаида университети (Австралия), Гиссен университети (Германия), Хитой қишлоқ хўжалиги университети, IFPRI ва IAMOнинг етакчи профессор-тадқиқотчилари Марказий Осиё мамлакатларининг профессор-тадқиқотчилари ва талабаларга ўзларининг тадқиқот натижаларини тақдим этишди.

— Бизнинг Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети билан ҳамкорлигимиз 2014 йилда Марказий Осиёда ёш тадқиқотчилар учун биринчи ёзги амалий эконометрик таҳлил мактабини ташкил этганимизда бошланган, — дейди IFPRI Марказий Осиё дастурининг катта илмий ходими ва раҳбари Комилжон Акромов. — Ўшандан бери биз ушбу ўқув курсини ҳар йили ўтказиб келмоқдамиз. Афсуски, COVID-19 пандемияси анъанавий фаолиятимиз тўхташига сабаб бўлди. Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз кўпроқ жаҳон даражасидаги олимларни таклиф қилиш, кам харажатли ва хавфсизроқ усулда кўпроқ ёш тадқиқотчиларни қамраб олишга имкон берадиган виртуал семинарлар туркумига ўтишга қарор қилдик.

Иқтисодиётни ривожлантириш бўйича виртуал тадқиқот семинарлари ТХВУ салоҳиятини янада мустаҳкамлашга ва дунёга таниқли олимларни ўз билимлари ва тажрибаларини Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги кенг аудитория билан ўртоқлашиш учун жалб қилиш орқали мамлакатда амалий иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳадир.

Ноябрь ойи охиригача давом этадиган стратегик тадқиқотлар бўйича очиқ онлайн семинарларнинг иккинчи туркуми барча қизиқувчи тадқиқотчилар ва талабалар, шунингдек, иқтисодий ривожланиш стратегиясига қизиққан шахслар учун мўлжалланган.

Маърузачилар рўйхатидан Колумбия университети профессори Жеффри Сакс (халқаро даражада таниқли иқтисодиёт профессори, New York Timesда нашр этилган беназир мақолалар муаллифи ва барқарор ривожланиш соҳасида дунёда етакчи), “Sciences Po”дан профессор Сергей Гуриев (Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ бош иқтисодчиси, янги иқтисодиёт мактабининг собиқ ректори), IFPRI бошқаруви бўйича катта илмий ходим ва етакчи мутахассис, доктор Даниэла Резник, IFPRI катта илмий ходими, Пекин университети иқтисодиёт кафедраси профессори ва China Economic Review бош муҳаррири профессор Сяобо Чжан, катта илмий ходим ва IFPRIда Эфиопия дастурининг раҳбари (Эфиопия иқтисодий уюшмасининг собиқ президенти), доктор Алемаеху Сейюм Таффесс,  Буюк Британиянинг Вестминстер университети ташкилотлар, иқтисодиёт ва жамият факультети бошлиғининг ёрдамчиси, профессор Карен Жексон, Буюк Британиянинг Вестминстер университети иқтисодиёт ва халқаро ривожланиш ўқитувчиси, доктор Серена Масино, Буюк Британия Кардифф университетининг иқтисодиёт ўқитувчиси, доктор Анна Кочанова каби таниқли олимлар жой олган. 

— Ўзбекистон ва АҚШдаги ҳамкорларимиз билан ривожланиш тадқиқотлари сиёсатини муҳокама қилиш учун глобал платформани ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилганимиздан мамнунман, — дейди Карен Жексон. — 800 дан ортиқ обуначиларга эга бўлган ҳолда, ҳамкорликдаги шу каби ташаббусларнинг кўлами сезиларли даражада ошганини кўрмоқдамиз.

— Марказий Осиё — ажойиб минтақа, аммо у ҳозиргача етарли даражада ўрганилмаган ва тадқиқ этилмаган, — деди ТХВУ ректори Бахром Миркасимов. — Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ва унинг стратегик ҳамкорлари илгари дунёга маърифат олиб келган, илм-фан ва маданиятни шакллантирган минтақанинг ички истиқболларини намойиш этиш учун глобал платформани ишлаб чиқмоқдалар. Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино (Авиценна), Алишер Навоий ва Улуғбек каби беназир олимлар математикадан иқтисод ва тиббиётгача бўлган турли соҳаларда ютуқларга эришишган. Виртуал семинарларимизнинг мақсади – барча янги ва қизиқувчи олимлар ўртасида ҳам Марказий Осиёда, ҳам бутун дунёда муҳим бўлган стратегик масалалар бўйича суҳбатни янада ривожлантиришдир.

Семинарларга бепул рўйхатдан ўтиш учун http://conference.wiut.uz ҳаволаси орқали киринг.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?