Таниқли ҳунарманд 1300 йилдан зиёд тарихга эга мато намунасини яратди

Фото: Халқ сўзи
Муҳаммад Наршахийнинг 943-944 йилларда ёзилган «Бухоро тарихи» китобида Зандана қишлоғи ҳақида шундай деб ёзади: «Бу қишлоқда ( тўқиб) чиқариладиган нарса – бўзни «занданийчи», яъни «Зандани қишлоғидан чиқадиган» деб атайдилар...Шу хил бўздан Ироқ, Форс, Кермон, Ҳиндистон ва бошқалар каби ҳамма вилоятларга олиб борадилар. Барча улуғлар ва подшоҳлар ундан кийим қиладилар ва ипакли кийим баҳосида сотиб оладилар».
— Улуғ аждодимиз ёзиб қолдирган шу сўзлар, қолаверса, авлоддан авлодга ўтиб келаётган «занданийча мато» ибораси мени қизиқтириб қўйди, — дейди Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи ҳунарманд, «Ташаббус»-2017 республика кўрик-танлови ғолиби Аҳмад Арабов. — Шу мато дарагини сўраб – суриштиришга киришдим.Унинг лоақал бир парчасига эга бўлиш нияти тинчлик бермади. АҚШда ўтказилган аукционлардан бирида «занданийчи» матонинг фрагменти сотувга чиқарилган экан. Аммо улгура олмадик. Сотилибди.
Яхши ният – ярим давлат, деганларича бор. Ниҳоят, Аҳмад ака мақсадига етди. Қадимий матонинг бир парчаси топилди. Унинг 900 йиллик тарихга эгалиги айтилмоқда. Матони обдон ўрганиб чиққан ҳунарманд шу фрагмент асосида «занданийча»нинг дастлабки намунасини яратди.
Занданийчи матосининг тарихи ҳақида узоқ сўз юритиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, VI-VIII асрларда ишлаб чиқарилган бу мато намуналари ҳозир Европанинг бир қатор музейларида сақланмоқда. Бу матонинг қадру қиммати нақадар юксак бўлганини Муҳаммад Наршахий келтирган яна бир далил тасдиқлайди. Буюк юртдошимизнинг ёзишича, араб халифаси маъмурлари солиқларни пул билан эмас, занданийчи матоси билан олишган. Пишиқ-пухта тўқилгани, ўзига хос манзаралари, рангларининг жилоси, ҳарирлиги зодагонларни ўзига оҳанрабодек тортган.
— Биз аслида каштадўзлик билан шуғулланамиз, — дейди Аҳмад Арабов. — Юз нафардан зиёд каштачимиз бор. Улар асосан касаначилик асосида ишлаб, буюртмамизни бажаришади. Табиий бўёқларни ҳам ўзимиз тайёрлаймиз. Занданийчи матони қайта тиклашга келсак, бир нарсани тан оламан: роҳатланиб ишлаяпмиз. Келгусида бу матони дастгоҳлар воситасида тўқишни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг