Таманинг тўқмоғи бор

15:05 30 Ноябрь 2020 Жамият
162 0

Ўшанда айни ёз чилласи эди. Таниши Тиловберди ( исм-шарифлар ўзгартирилган) билан телефонда гаплашаётган Омонбек унга холис хизмат кўрсатиши, аниқроғи, Когон шаҳар ободонлаштириш идорасига ишга киритиб қўйиши мумкинлигига шама қилди.

Пандемия шароитида тузукроқ иш тополмай юрган Тиловбердига бу гап мойдек ёқиб кетди. ”Кошки, ёрдам бериб юборсангиз, бир умр қўлим дуода бўларди”, деди мушкули осон бўлаётганидан суюниб.

Омонбек кулимсираб қўйди. Кўнглининг бир четидан эса "Мушук текинга офтобга чиқмайди", деган ўй ўтди. Сўнг мақсадга кўчди.

— Аммо ука, дуо билан иш битмайди. Озгина харажати бор. ”Тепадаги”ларни рози қилиш керак.

Омонбекнинг “Квота олиш учун 150 минг сўм, "тепадаги"лар учун 150 доллар керак”, деган сўзларини эшитиб, Тиловбердининг ҳафсаласи пир бўлди. Ахир, шунча пули бўлганида қора қозонни бир эмас, икки ой қайнатиши мумкин эди. Лекин... Лекин кўнмоқдан ўзга иложи ҳам йўқ. Минг бир ўй гирдобида қолган Тиловберди келишилган пулни бергани Омонбекнинг уйига йўл олди...

Буёғи эса хамирдан қил суғургандек бир лаҳзада юз берди. Омонбек иқтисодий жиноятларга қарши курашиш вилоят департаменти ходимлари томонидан тамагирлик устида қўлга олинди.

Бу жиноий ишни кўриб чиққан суд уни айбли деб топди. Таманинг тўқмоғи борлигини унутган бу кимса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари яъни 11 миллион 150 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Унга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ҳам тайинланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?