Тамаки таъсири ўсмирлар организмида қайтариб бўлмас асоратлар қолдиради

20:23 03 Март 2024 Жамият
148 0

Тамакининг инсон саломатлигига зарари хусусида кўп гапирилади. У тўла-тўкис шаклланган организмга шунчалик салбий таъсир этадики, ҳали ривожланаётган ўсмирлар танаси ушбу зарарли одат сабабли унданда кўп азият чекади.

— Тамаки тутунида 7000 дан ортиқ кимёвий моддалар бўлиб, уларнинг аксарияти соғлиқ учун хавфли, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуров. — Тамаки ва унинг тутуни ҳар қандай кўринишда инсоннинг барча органларига зарарли таъсир кўрсатади.

Унинг организмга хавфи таркибидаги кучли наркотик таъсирга эга бўлган ва ўзига қарамликни келтириб чиқарадиган никотин билан боғлиқ.

Айниқса, ўсмирларда никотинга жисмоний ва руҳий қарамлик жадал ривожланади.

Унинг оз миқдори ҳам бўшашиш ва яхши кайфият ҳиссини туғдиради, кўп миқдори эса юрак ва марказий асаб тизимига тез таъсир қилувчи заҳар ҳисобланади.

Тамаки маҳсулотлари таъмни ширин қилувчи, хушбўй ҳид таратувчи консервантлар ва бошқа қўшимчалар қўшилган ҳолда тайёрланади ва бу маҳсулотнинг жозибадорлигини оширади.

Ўсмирлик — мия ривожланишида критик давр бўлиб, бу пайтда никотин ўқувчиларнинг, аввало, миясига зарарли таъсир кўрсатади.

Натижада хотира ва билим олиш қобилиятининг пасайишига, кучли қарамлик ва таҳликали неврозларга олиб келади.

Тамаки чекувчи ўқувчиларда нафас йўллари ва қулоқ инфекциялари юқиш эҳтимоли ортади, уларда йўтал, бронхит, пневмония, астма ва нафас етишмовчилиги кузатилади.

Бундан ташқари, тамаки чекиш милк, суяк тўқимаси, тиш боғламаларининг бузилишига, тишларнинг барвақт тўкилиши каби саратонолди ҳолатларга олиб келади. Кейинчалик эса чекувчиларда оғиз бўшлиғи, тил, лаб, милк, ҳиқилдоқ, қизилўнгач, ошқозон ва ошқозоности бези саратони ривожланиш эҳтимоли кескин ошади.

Бундай ҳолат юртимизда тамаки чекишга қарши олиб борилаётган профилактик тадбирларни янада кучайтириш ва кескин чоралар кўришни тақозо этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?