Таълим сиёсати — тарихий дастурнинг бош мавзуси

15:29 23 Декабрь 2022 Жамият
675 0

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 декабрь куни йўлланган Мурожаатномада кўтарилган масалалар долзарблиги, муаммолар ва уларнинг ечими ҳамда интеллектуал ва эмоционал залворига кўра Янги Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги ривожланиш концепциясини белгилаб берди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланиладиган Мурожаатномада кўтарилган масалалар мутахассислар ва кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокама ва эътиборига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг навбатдаги Мурожаатномасининг бош мавзуси таълим сиёсати бўлди. Жумладан, мазкур масала бўйича:

— 2023 йилдан барча мактабларда янгича методика асосида ўқитиш йўлга қўйилиши;

— педагоглар ҳуқуқи конституциявий мақомда белгиланиши;

— ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиши;

— 70 та янги мактаб қурилиб, 460 таси кенгайтирилиши;

— хусусий инвестиция иштирокида 100 та мактаб лойиҳасини бошлангани ва келгуси 5 йилда уларнинг сони 1000 га етказилиши;

— 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун жорий қилинган бепул тушлик амалиётини республиканинг бошқа вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам жорий этилиши;

— 2023 йилдан бошлаб ўрта-махсус таълим тизимида янги дастур амалга оширилиши;

— касб-ҳунар таълими билан қамров 200 мингга етказилиши; 

— ҳар бир вилоятдаги биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий қилиниши;

— 2023 йилда давлат грантлари учун (2022 йилдан 30 мингга кўпроқ) 130 минг жой ажратилиши;

— кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди.

Мурожаатномада энг асосий янгилик – янги йилнинг номланиши ҳам таълимга бағишланиб, унга кўра 2023 йил мамлакатимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилди.

Жонли маъруза, интеллектуал ва эмоционал залворли Мурожаатномада Президентимиз барча соҳалардаги ютуқлар қаторида таълим соҳасидаги ютуқлар билан биргаликда ушбу тизимдаги камчиликларга ҳам тўхталиб ўтган холда, аввало таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатларни қаттиқ танқид қилди: «Мана, олий таълимга ўқишга киришдаги коррупция йўқ бўлди. Лекин олий таълим муассасалари ичидаги коррупция ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Ҳозир бир нечта ректорларни ишдан оляпмиз. Чунки ўргансак, талабаларнинг ўзи айтяпти, қай даражада коррупция кўплигини, дарсга келмасдан баҳо олишаётганини. Бу нима дегани?».

Таълимдаги яна бир масалага Президентимиз эътибор қаратиб, таълим жараёнида «миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилиши... Албатта, чет тилини билиш - замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак»лигини таъкидланди.

Албатта, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг асосий шарти бу ўзбек тилининг мавқеини кўтариш билан бевосита боғлиқ. Бизнингча, Янги Ўзбекистоннинг тил сиёсати ўзбек тилини ривожлантиришда мустаҳкам позицияга эга бўлмоғи лозим. Бунинг учун ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзбек тилининг фақат давлат тили ва расмий тил даражаси билан чекланиб қолмасдан уни сиёсат, илм-фан, бизнес ҳамда интернет тили даражаларига кўтарилишини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим. Тил масаласида юқоридаги ички муаммолар бартараф этилиши баробарида ташқи сиёсатда ҳам ўзбек тилининг нуфузини кўтариш, яқин ва узоқ мамлакатларда яшаётган миллатдошларимизнинг лисоний бирлигини вужудга келтиришни Янги Ўзбекистонда тил сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Мурожаатномада Президентимиз томонидан узоқ йиллардан бери жамиятимиздаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлган ўқувчи-ёшларни носоғлом овқатланишига оид масала ҳам кўтарилди.

Мазкур муаммони ечими бўйича эндиликда, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун жорий қилинган бепул тушлик амалиёти республиканинг бошқа вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам жорий этилиши қатъий белгиланди.

Мамлакатимиздаги ёш авлод билан боғлиқ бундай тиббий вазиятда уларга энг илғор усуллар билан ҳам самарали таълим бериб бўлмаслиги Президентимиз томонидан англанган холда бутун мамлакат ҳудудида ўқувчи-ёшлар учун бепул тушлик амалиёти учун 2,3 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Бизнингча, Президентимиз томонидан кўтарилган мазкур масала ижроси ўқувчи-ёшларни соғлом овқатланишини ташкил этишда таълим ва тиббиёт ҳамкорлигини кучайтириш, ушбу соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишни талаб этади. Бунинг учун:

— таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси олим ва мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлигида умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич таълим босқичи учун мўлжалланган таомлар рецептурасини яратиш;

— таомлар рецептурасини яратишда юртимиз географияси, фасллар алмашинуви ҳамда болаларнинг ёш даврларини ҳисобга олиш ва мазкур мезонлар асосида таомномани биологик ва бошқа зарур витаминлар билан бойитиб бориш;

— бутун мамлакат ҳудудида биринчи навбатда умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич таълим босқичи (кейинчалик босқичма-босқич равишда юқори синфлар) учун икки маҳал (нонушта ва тушлик) бепул иссиқ овқат беришини йўлга қўйиш;

— давлат таълим муассасаларида бепул овқат бериш жараёнига аутсорсинг хизматини жорий этиш, мазкур жараёнда маҳаллий таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари раҳбарларига буюртмачи мақомини бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Таълим ва тиббиёт соҳалари ҳамкорлигидаги мазкур ислоҳот давлат бюджети учун катта миқдордаги харажат бўлиб кўринсада, аслида ушбу харажат мутаносиб ривожланмаётган ёш авлодга оиласи ҳамда давлат томонидан сарф этилаётган тиббий ва таълим харажатларидан бир неча баробар арзон ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг асосий мазмуни шундаки, у орқали бутун мамлакатдаги ёш авлодни таълим ва тиббий жиҳатдан комплекс ривожлантириш имкони юзага келади. 

Мазкур лойиҳа амалга оширилса, жисмонан ва интеллектуал жиҳатдан муносиб ривожланган ёш авлод қисқа муддатда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга келади. Айни вақтда бу амалий ишлар болажон халқимиз руҳиятига кўтаринкилик бахш этиб, уларни Янги Ўзбекистон келажагига ишонч-эътиқодларини мустаҳкамлайди.

Шу ўринда, Мурожаатномада Президентимиз томонидан, таълим, илм-фан соҳасида «кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилиш» ғояси кўтарилганини ҳам таъкидлаш лозим. Дарҳақиқат, тараққиёт учун, ислоҳотларнинг амалий натижаси учун таълим ва илм-фан жуда муҳим, муқобили йўқ омиллар ҳисобланади. Бизнингча, таълим ва илм-фаннинг синхрон ҳаракатини таъминлаш учун ҳозирда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш жоиз:

— Ўзбекистон Республикасидаги илмий тадқиқот институтлари ҳамда олий таълим ташкилотлари учун илмий муаммоларнинг аниқ давлат ва жамият буюртмаларини шакллантириш;

— Илмий тадқиқот соҳасида тадқиқотлар натижадорлигини аниқлашнинг ҳисоб механизмини ривожланган давлатлар тажрибаси асосида тубдан ислоҳ этиш;

— Илмий тадқиқот ишларини баҳолашда прагматик талабларни кучайтириш;

— Илмий тадқиқот жараёнида коррупция ва порахўрликни олдини олиш;

— Олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш фаолиятидан ташқари илмий тадқиқот фаолиятининг улушини оширишга эришиш;

— Илм-фаннинг муқобил энергия, АКТ, работотехника, нанотехнология, генетика каби йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш;

— Ҳарбий соҳадаги илмий тадқиқотларни алоҳида қўллаб-қувватлаш;

— Хусусий илмий тадқиқот муассасалари, яъни «ақл марказлари»ни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш кабилардир.

Маълумки, учинчи Ренессанс таълим ва илм-фансиз юзага келмайди. Мамлакатимиз тараққиётида таълим ва илм-фан соҳаси билан ислоҳотлар шу маънода жуда долзарб ҳисобланади.

Мазкур мақолага хулоса сифатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан амалга оширилган Мурожаатнома матнининг лингвистик контент-таҳлилини келтириб ўтамиз. Унга кўра, Мурожаатномада айнан «таълим» сўзи 25 марта, «мактаб» сўзи 23 марта, «шахс» ва «халқ» сўзлари 22 марта, «конституция» ва «инвестиция» сўзлари 20 марта, «тадбиркор» сўзи 19 марта ва «маҳалла» сўзи 18 марта ишлатилганлиги аниқланди. Мазкур лингвистик контент-таҳлил натижаларига кўра «таълим» ва «мактаб» сўзлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилга мўлжалланган Мурожаатномасининг асосий тушунчалари бўлди.

Албатта, юқоридаги таҳлил ва рақамлар янги, 2023 йилда таълим сифатини янада оширишимизни талаб этади. Бу вазифалар қанчалик қийин бўлмасин Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганларидек, «Танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз».

Кимёхон Маматқулова,

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети «Таълим менежменти» кафедраси доценти, педагогика фанлари фалсафа доктори (PhD).


Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?