Таълим муассасалари янги ўқув йилига тайёрми? 

16:58 23 Сентябр 2020 Сиёсат
752 0

Бугунги кунда бутун дунёда кузатилаётганидек, Ўзбекистонга кириб келган COVID-19 пандемияси таъсирини чеклаш, бу офатдан халқимизни асраш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, тадбиркорларга молиявий ва солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Бундай ишларнинг узвий қисми сифатида, мамлакатимиз таълим муассасаларини пандемия чекловларига қарамасдан ўз фаолиятини давом эттириши, фарзандларимиз саломатлигига зарар етказмаган холда, уларни узилишларсиз билим олишини таъминлаш учун масофадан, онлайн режимида таълим бериш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунга келиб, соғлиқни сақлаш тизимида коронавирусга қарши кураш бўйича олиб борилаётган изчил ишлар натижасида карантин чекловлари юмшатилиб, умумтаълим мактаблари ўқувчиларни ўз бағрига чорлади.

Чунончи, Халқ таълими вазирлиги тавсияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг рухсати билан фаолият бошлаган мазкур илм масканларида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур барча чоралар кўрилган.

Лекин коронавирус пандемиясининг юртимизда ҳозирга қадар давом этаётгани, ушбу касалликдан аҳоли зарарланиши ҳолати ҳамон сақланиб қолаётгани, ўз навбатида, таълим беришни анъанавий тарзда ташкил этаётган муассасаларда бир қатор ташкилий ва тиббий-санитария чораларини ташкил этишни тақоза қилади.

Таълим тизимида шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиб тегишли мутассадди ташкилотларга тақдим этиш мақсадида жорий йилнинг 18 сентябрь куни халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда тумандаги бир қатор умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан;

– мактаб биносига киришда махсус бириктирилган тиббиёт ходими томонидан термометр ёрдамида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг тана ҳарорати ўлчаниши ҳамда қўлларни антисептик воситалар билан дезинфекциялашни ташкил қилинганлиги;

– бошланғич, ўрта ва катта синф ўқувчиларининг бошқа-бошқа эшиклар орқали ҳамда аниқ график асосида белгиланган вақтда мактабга киришини йўлга қўйилганлиги;

– 2 метрлик оралиқ масофани кўрсатувчи белгилар ўрнатилганлиги;

– синф хоналари, йўлаклар ва спорт залларини дезинфекцияловчи воситалар билан мунтазам тозаланиши;

– ҳар бир ўқувчининг партасида қўшимча тиббий ниқоб ва антисептик воситаларнинг мавжудлиги;

–ўқувчи ёки ўқитувчида фавқулодда касаллик аломатлари аниқланганда бошқалардан яккалаш мақсадида махсус изоляция хонаси ажратилиб, керакли шарт-шароитлар яратилганлиги.

Ўрганишларимиз доирасида барча таълим муассасаларида юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор берилаётгани, тиббиёт ходимлари тегишли равишда ажратилгани ва зарур дезинфекция воситалари билан таъминлангани аниқланди. Таълим муассасаларида бошланғич синф ўқувчиларининг деярли барчаси анъанавий усулда, синфда таълим олаётгани маълум бўлди.

Ўрта ва катта синф ўқувчиларининг эса қарийб ярми анъанавий, қолгани масофадан туриб таҳсил оляпти. Бу ҳолат синфда болаларнинг ижтимоий масофаланишига имконият беради. Синф хоналари телевизор билан жиҳозланган бўлса-да, лекин интернетга уланиш имконияти фақат информатика хонасида мавжуд.

Эътиборимизни тортган яна бир ҳолат, мактаблар биносининг аксарияти 25 йил ёки ундан кўп йиллар аввал қурилган. Ҳозирги кунга келиб капитал таъмирга муҳтож бўлиб қолган. Шу боисдан ушбу таълим муассасалар биноларини капитал таъмирлаш дастурига киритиш ғоят муҳимдир. Қолаверса, ўрганилган мактабларнинг деярли барчасида очиқ ҳавода умумий йиғилишлар ўтказиладиган майдонларнинг асфальт қопламаси ачинарли ҳолатда ва таъмирни талаб қилади. Бу муаммони эса капитал таъмирни кутиб ўтирмай ҳал қилиш мумкин.

Ўзаро мулоқотлар давомида мактаб директорлари, ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, таълим соҳасидаги муаммолар, тизимни янада юқори даражага кўтариш учун қандай ишларни амалга ошириш лозимлиги, зарурат бўлса қонунчиликда қандай ўзгариш ва қўшимчалар киритиш кераклиги билан қизиқдик.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда ишлаб чиқилган ўқув дарсликлари ва методик қўлланмаларнинг сифати ва улар билан таъминланиш даражаси муҳокама қилинди. Педагог ўқитувчилар ушбу масалаларда бир қатор камчиликлар ва ҳозиргача ҳал этилмаган масалалар ҳақида гапирдилар. Хусусан, дарсликларни кўплаб имловий ва техник хатолар билан чоп этилаётганига эътибор қаратдилар.

Мазкур учрашувлар доирасида тумандаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам бўлиб, у ерда санитария қоида ва талаблари бўйича тайёргарлик ишлари ҳолатини ўргандик. Жумладан, 232-мактабгача таълим муассасасида хоналарни жорий таъмирлаш ва ҳудудни тозалаш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.

Ушбу муассаса учун ҳам асосий муаммо – уни капитал таъмирлаш дастурига киритилишдир. Чунки муассаса биноси 25 йил давомида бундай таъмирланмаган. Шунга қарамай, тарбиячилар кичкинтойлар яшайдиган ҳар бир хонани доимо тоза ва тартибли ушлаб туриш, улар учун кўргазмали материаллар тайёрлаш, ҳудуддаги манзарали дарахтларни парвариш қилиш ишларни билан машғул эканликлари аниқланди. Мавжуд муаммолар юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди.

Хулоса қилиб айтганда, туман умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари карантин чекловлари юмшатилгандан сўнг ўз эшикларини яна болажонларга очар эканлар, бунинг учун катта тайёргарлик ишларини амалга оширмоқда. Ушбу ишда, шубҳасиз, ютуқлар билан бирга, ҳал қилинмаган муаммолар ҳам мавжуд. Ўрганишларимиз замирида текширув эмас, балки уларнинг раҳбарлари, педагог ўқитувчиларини ўйлантираётган ва ҳали ўз ечимини топа олган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда кўмаклашиш экани таъкидлашни хоҳлар эдик.

Эркин ЗОҲИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?