Tahoe, Traverse, Trailblazer, уйлар, пул мукофотлари — ўзбекистонлик паралимпиячиларга қимматбаҳо совғалар топширилди

22:54 06 Сентябр 2021 Спорт
996 0

Бугун "Токио-2020" XVI ёзги Паралимпиадасида қатнашган Ўзбекистон делегацияси Тошкент-3 аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Вакилларимиз даблдекерларда шаҳар бўйлаб олиб ўтилди.

Шундан сўнг "Янги Ўзбекистон" боғида "Токио-2020" XVI ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққанлар матонатли спортчиларимизни ушбу улкан муваффақият билан табриклади.

— Янги Ўзбекистон боғи очилиши бўлиб ўтаётганда, сизлар мусобақаларда курашаётган эдингиз, шу туфайли Президент сизларни айнан шу ерда кутиб олишимизни айтди, — деди Бош вазир Абдулла Арипов паралимпиячиларга йўллаган табригида.

Шундан сўнг асосий қисм бошланди. Паралимпиячиларга совғаларни Бош вазир Абдулла Арипов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов топширди.

Хусусан, олтин медаль соҳибларига «Tahoe» автомобили калити ва шаҳар марказидан 3 хонали уй сертификати ҳамда калити берилди.

Кумуш медаль соҳибларига «Chevrolet Traverse» автомобили калити ва шаҳар марказидан 2 хонали уй сертификати ҳамда калити топширилди.

Бронза медаль соҳибларига «Chevrolet Trailblazer» автомобили калити ва шаҳар марказидан 1 хонали уй сертификати ҳамда калити тақдим этилди.

Шунингдек, мос равишда биринчи ўрин эгаларига 200 минг АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳибларига 100 минг АҚШ доллари ва бронза олганларга 50 минг АҚШ долларидан пул мукофотлари ҳам берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси ушбу Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди. Бу эса умумжамоа ҳисобида 162 делегация орасида мусобақани 16-ўринда якунлашимизни таъминлади. Бу кўрсаткич Осиё жамоалари (Хитой, Япония ва Эрондан сўнг) ва МДҲ (Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин) мамлакатлари орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий халқлар орасида биринчи бўлди. Қайд этиш жоиз, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам 8 та олтин медаль билан 16-ўринни банд этган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?