Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилади

11:48 28 Апрель 2021 Иқтисодиёт
672 0

Тадбиркор халқи ишчан, меҳнаткаш, бордан йўқ қиладиган, элда маъмурчилик яратадиган бизнес вакилидир. Албатта, уларга қанча кўп имконият ва қулайликлар яратилса, ишлаб чиқариш кўлами ҳам, маҳсулот ҳажми ва сифати ҳам шунча ошиб бораверади. Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелда имзолаган «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори шу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган бўлиб, унда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалаларига катта эътибор қаратилган.

Масалан, қарорда қайд этилганидек, 2021 йилнинг 1 майидан бошлаб, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилиши белгиланди. Ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилиши ҳам жорий этилди.

Яна шу жиҳатга эътибор қаратиш жоизки, тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги белгилаб қўйилди.

Қарорда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг 70 фоизи кичик бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи устувор равишда ўзини ўзи банд қилишга (томорқадан унумли фойдаланиш, уй шароитида ҳунармандчиликни ва касаначиликни ривожлантириш) йўналтирилиши қайд этилган бўлса, бу борада ажратиладиган маблағларнинг камида 15 фоизи жойларда, айниқса, шаҳарларда хизмат кўрсатиш соҳасида кичик лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши айнан оилавий тадбиркорлар дилида гап бўлди.

Бу масалаларга ечим топишда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати ҳам берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда бошланғич нархга чегирма белгиланадиган олис ва чекка ҳудудлар чегараларини белгилаш ваколати берилгани ҳам ҳудудларда кичик бизнесни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Мен аминманки, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган бу қарор мамлакатимизда тадбиркорликни янада равнақ топишида муҳим аҳамият касб этади. Албатта, қарор ижросини таъминлашда бошқа соҳа вакиллари каби депутатларимизнинг ҳам ҳиссаси катта бўлади, деб ишонаман.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер